Янги Ўзбекистон тарихий-сиёсий жараёнларининг ёрқин манзараси

22:04 10 Декабрь 2025 Сиёсат
137 0

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Неча юзлаб ноанъанавий тадбирлар, дўстона руҳдаги анжуманлар, ноформал учрашувлар ўтказилиб келинадиган дипломатик мулоқот майдони бўлган Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида бу сафарги маънавий атмосфера мутлақо ўзгача тус олди. Замонимиз янгиланиш жараёнларини батафсил ёритган асар инглиз тилида ёзилганини эшитганингда эса воажаб дейсан киши. Чунки бугунги Янги Ўзбекистон манзаралари, янгича сиёсий маданият, халқпарвар раҳбарнинг очиқ ва одилона сиёсати ҳақида инглиз тилидаги ҳар бир сатр дунё китобхонлари учун мамлакатимиз ҳақидаги аниқ ва равшан манбага айланади.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Айнан шундай маънан мағзи тўқ асар тақдимоти олдидан университетга йиғилган кенг жамоатчилик — олимлар, ёзувчи ва шоирлар, профессорлар, журналистлар, турли соҳалар етакчилари, талабаю ёшлар орасида битта савол ҳукм сурди: — Бу китоб қандай шон-шуҳратга сазовор бўлди? Унинг ҳар бир саҳифасида қандай тарихий воқеликлар маржон каби терилган?

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Чиндан ҳам, тасаввур қилинг, ҳар бир инсон қўлига ушбу китобни олсаю, уни варақлаб ўқишга киришса — Янги Ўзбекистоннинг қайта тикланаётган қиёфаси, ислоҳотлар манзараси, янгиланишлар архитектураси, халқнинг орзу ва интилиши қандай равшан намоён бўлар эди! Шунинг учун ҳам анжуман бошланишиданоқ залдаги муносабат, кутилган интизорлик — бошқа тадбирларда учрайдиган оддий қизиқиш эмас, балки юрт тақдирига дахлдор маърифий интилиш эди.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Университетда «Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли» китобининг инглиз тилдаги нашри тақдимоти бўлиб ўтди. Бу галги руҳ, бу галги маънавий, фалсафий теранлик, айниқса, ўзига хос. Чунки тақдимот марказида турган асар нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон илмий ва дипломатик доираларида ҳам катта қизиқиш уйғотган, замонавий Ўзбекистоннинг ўзгаришлар тўлқинини бадиий ва таҳлилий руҳда акс эттирган манбадир.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Китоб муаллифи — таниқли сиёсатшунос, сенатор, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов. Унинг мазкур асари мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар моҳиятини, уларнинг фалсафий-ижтимоий асосларини, энг муҳими, янги даврнинг маънавий сиҳатини содда ва равон услубда ёритиб беради. Китоб 322 саҳифадан иборат бўлиб, 15 та публицистик эссе маҳорат билан ёзилган. Ҳар бир мақола ўзбек жамиятининг янги юзини, янги парадигмасини очиб беради.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Китобнинг илк мақоласи — «Янгиланган Ўзбекистон: Тарих ғолиблар томонидан яратилади» — янгиланиш фалсафаси, ўзгаришнинг ички манбаи, давлатимиз раҳбарининг халқ билан биргаликда олиб бораётган ислоҳотлар моҳиятини очиб беради. Асар нафақат мамлакат ичидаги ўқувчилар, балки хорижий китобхонлар учун ҳам мўлжалланган бўлиб, уларни Она Ватанимиздаги кенг қамровли янгиланиш жараёнлари билан таништиради.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Иқтисодиётни либераллаштириш, фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳаётда шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Марказий Осиёдаги яхши қўшничилик сиёсатини ривожлантириш асарнинг марказий мавзулари сифатида намоён бўлади.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Қизиғи шундаки, инглиз тилидаги нашр уч ой муқаддамроқ халқаро миқёсда катта эътиборга сазовор бўлди. Китобнинг Вашингтонда АҚШ Конгресси биносида, БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида ўтган тақдимотлари жаҳон сиёсатчилари, экспертлар ва дипломатларда катта қизиқиш уйғотди. Бу эса Янги Ўзбекистон ҳақидаги аниқ ва холис манбаларга бўлган эҳтиёжнинг юқори эканини яна бир бор тасдиқлади.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Тақдимотда нутқ сўзлаган Олий Мажлис Сенати раиси биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев китобнинг халқаро эътирофга эришгани, унинг Ватанимизнинг янги қиёфасини дунё жамоатчилигига етказишда муҳим ўрин тутганини алоҳида таъкидлади. Шу кунги анжуманда Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев, китоб муҳаррири, Олий Мажлис Сенати аъзоси, «Ишонч» ва «Ишонч-Доверие» газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов ҳам асарнинг яратилиш тарихи ва аҳамияти борасида батафсил фикр юритишди.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Анжуманда иштирок этган элчилар — Озарбайжон элчиси Гусейн Гулиев, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабина Махл, Хитой элчиси Ю Жун, Қозоғистон ва Қирғизистон элчилари — китобнинг дунёда Ўзбекистон ҳақидаги адолатли, холис ва аниқ тасаввурларни шакллантиришдаги ролини катта мамнуният билан эътироф этдилар.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ҳам тадбирда онлайн тарзда қатнашиб, китобнинг аҳамияти юксак халқаро мезонларга мос эканини таъкидлади. У, шунингдек, асарни БМТнинг қолган бешта расмий тилида ҳам нашр этиш таклифини илгари сурди.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Нью-Йоркда ўтган тақдимотда қатнашган «John Dewey High School» мактабининг 10-синф ўқувчиси Жаҳонгир Аматжоновнинг самимий фикрлари эса китобнинг ёшлар онгига маънавий билим чашмаси сифатида цингаётганини унинг фикрларидан билиш мумкин.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Унинг «бу китобни ўқигунимча етакчилик фалсафаси ҳақида ўйламаган эдим», дея билдирган фикрлари асарнинг маърифий қудратини намоён этади. Жаҳонгирнинг синфдошлари ҳам Ўзбекистон ҳақида кўпроқ маълумот излаб, мамлакатимизни интернет орқали ўргангани, Янги Ўзбекистон ҳақидаги адабий-таҳлилий манбаларнинг жаҳондаги аҳамиятини яна бир бор тасдиқлайди.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

— Бу асарнинг энг катта қиммати — унинг ҳаётий самимияти ва тарихий ҳаққонийлигидир. Унда нафақат ислоҳотлар рўйхати, балки уларнинг фалсафаси, инсон қадрини улуғлаш тамойили ётади, — дейди университет талабаси Сарвиноз Абдуназарова. — Биз янги авлод вакиллари янгиланиш жараёнининг бевосита иштирокчиларимиз. Бу китоб бизга мамлакатда нима учун ўзгаришлар бўлаётганини, уларнинг қандай натижа беришини чуқурроқ тушунишимизга ёрдам беради.

«Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли» — бу шунчаки китоб эмас, балки тарихий-сиёсий жараёнларнинг ёрқин манзараси, халқимиз босиб ўтган йўлнинг ҳужжатли хроникаси, миллий тикланиш ва юксалиш ғояларининг амалий исботидир. Унинг ҳар бир саҳифасида юрт равнақига қўшилган меҳнат, изланиш, сиёсий ирода ва халқ билан бевосита мулоқот маданияти ётади.

Бу китоб нафақат ўқилади, балки ўрганилади. У мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришларни чуқур англаш, уларнинг моҳиятини идрок этиш, энг муҳими, келажакка ишонч билан қарашга ундайди.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер