Самарқандда туркий дунё шаҳарсозлигига бағишланган қурултой ўтказилмоқда

18:01 19 Февраль 2025 Жамият
188 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Турк дунёси муҳандислари ва меъморлари иттифоқининг туркий дунё шаҳарсозлик қурултойида иттифоққа аъзо давлатлар вакиллари, ўзбекистонлик қурувчи ва архитекторлар, шу соҳа бўйича олимлар иштирок этмоқда.

Анжуманнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш.Ҳидоятов, Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев сўзга чиқиб, иттифоқ раҳбарияти ва меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлаб, қурултой ишига муваффақият тилади.

Турк дунёси муҳандислари ва меъморлари иттифоқи раиси Иляс Демиржи, Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси, Туркия Республикасининг собиқ Бош вазири Бинали Йилдирим, Туркия Республикасининг Самарқанддаги бош консули Салиҳ Жанер ва бошқалар қарийб 25 йиллик тарихга эга мазкур иттифоқ бугунги кунда туркий дунёда тарихийлик уйғунлашган замонавий шаҳарсозлик анъаналарини жорий этиш, улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширишда муҳим ўринга эгалигини қайд этди.

Тадбирда Туркиянинг бир қатор йирик қурилиш компаниялари ва лойиҳачилари мамлакатимизда фаолият юритиб, замонавий стандартлар асосида шаҳарларимиз қиёфасини тубдан янгилашга салмоқли ҳисса қўшиб келаётгани ҳам таъкидлаб ўтилди.

— Бунёдкорлик, шаҳарсозлик орқали аслида келажак қурилади, — дейди Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим. — Унда халқнинг, миллатнинг қудрати, маданияти, ўзлиги акс этади. Бизнинг туркий халқларимиз Шарқдан Ғарбгача, Болқондан Байкалга қадар ана шундай муҳташам бино ва иншоотлар барпо этиб, куч-қудратимизни, маданиятимизни намоён этганлар. Уч минг йиллик бу қадимий шаҳарсозлик анъаналари намуналари ҳозиргача ҳам сақланиб келмоқда ва эндиликда улар инсониятнинг бебаҳо моддий мероси ҳисобланади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам бундай тарихий обидалар, қадимий шаҳарсозликнинг гўзал намуналари жуда кўп ва дунё аҳли уларга ҳайрат ва ҳавас билан боқади. Турк дунёси муҳандислари ва меъморлари иттифоқи бугун туркий давлатларнинг, халқларимизнинг ана шу меросини асраб-авайлаш билан бирга, замонавий шаҳарсозликда улардан самарали фойдаланиб, улуғвор бинолар бунёд этмоқда.

Анжуман ўз ишини «Самарқанд – турк дунёси цивилизация маркази», «Туркий дунёда туризм ва маданий мерос», «Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган «Тилда, фикрда ва ишда бирлик», «Глобал иқлим ўзгаришлари: Орол денгизи истиқболи» каби сессияларда давом эттирди. Унда Турк дунёси муҳандислари ва меъморлари иттифоқига аъзо давлатлар вакиллари, юртимиз олим ва мутахассислари ўз маъруза ва тақдимотлари билан иштирок этди.

Қурултой доирасида 20 февраль куни бир қатор тадбирлар ўтказилиши, хусусан, иттифоққа аъзо давлатларнинг 20 га яқин меъморчилик, қурилиш, муҳандислик соҳаларидаги ишбилармонларининг маҳаллий тадбиркорлар билан В2В учрашувлари, анжуман қатнашчилари учун Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий ёдгорликлар, замонавий бино ва иншоотларга саёҳат ҳам кўзда тутилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер