Самарқандда қурилиш соҳасидаги ишлар кўлами кенгайиб бормоқда

13:27 11 Сентябр 2023 Жамият
354 0

Фото: “Халқ сўзи”

Самарқанд вилоятида “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да инсон қадр-қимматини улуғлаш йўлида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, ҳудудларда хизмат кўрсатиш шохобчаларини яратиш мақсадида биргина жорий йилда 10 минг 243 хонадонли 203 та кўпқаватли уй бунёд этиляпти. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун 172 та сув иншооти қурилди, 1045 километр тармоқ тортилди. Бунинг натижасида 160 минг нафар аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда, 90 минг нафарга яқин аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.

Фото: “Халқ сўзи”

Умуман, 2023-йилда вилоятдаги мингдан зиёд объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Хусусан, 158 та умумтаълим мактаби, 54 та мактабгача таълим ташкилоти, 41 та тиббиёт муассасаси, 14 та жисмоний тарбия ва спорт муассасалари, 6 та олий таълим муассасаларини реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 13 январдаги “Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, педагогика, ахборот технологиялари ва ҳудудда эҳтиёж юқори бўлган бошқа соҳаларда кадрлар тайёрлаш мақсадида ўтган ўқув йилида ташкил этилган Самарқанд давлат университетининг Ургут филиали жорий янги ўқув йилини замонавий бинода бошлади.

Фото: “Халқ сўзи”

— Ургут тумани вилоятимизда Самарқанд шаҳридан кейин аҳолиси энг кўп ҳудудлардан бири ҳисобланади, — деди Олий мажлис Сенати аъзоси, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов. — Табиийки туманда педагогика ва бугунги замонавий касбларни эгаллаган мутахассисларга талаб юқори. Шу сабабли давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтган йил Ургутда университетимизнинг филиали ташкил этилди. Дастлабки ўқув йилидаёқ 12 таълим йўналиши бўйича 516 нафар талаба ўқишга қабул қилинди. Бу йил эса улар сафига яна 450 нафар йигит-қизлар қўшилди. Талабаларнинг қулай шароитда билим олишлари учун филиалга ажратилган бино бир йил давомида мукаммал таъмирланиб, жиҳозланди. Замонавий ўқув лабораториялар ташкил этилди, ахборот технологиялари жорий этилди. Айни пайтда талабалар учун 600 ўринли ётоқхона биноси қурилмоқда ва бу бино ҳам яқин орада фойдаланишга топширилади.

Тойлоқ туманидаги 21 умумтаълим мактабида ҳам 360 ўринга эга бўлган қўшимча бино қурилиб фойдаланишга топширилди. 4 миллиард 220 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилган мазкур қўшимча бино барча шарт-шароитларга эга, замонавий ўқув лаборатория, ихчам ва янгича дизайндаги синфхоналардан иборат.

Фото: “Халқ сўзи”

Буларнинг барчаси юртимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, мактабгача ва мактаб таълимини ривожлантириш борасида олиб борилаётган амалий ишларнинг натижасидир.

Бундан ташқари жорий йилда вилоятда 1000 километрдан ортиқ йўллар таъмирланди. Самарқанд шаҳрида аҳоли ва меҳмонлар учун қулай инфратузилма яратиш мақсадида 2 та туннель, 2 та кўприк ва 11,5 километр йўл, 8 та ичимлик суви иншооти қуришга киришилди.

Фото: “Халқ сўзи”

Шунингдек, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизнинг барча ҳудудларда “Янги Ўзбекистон” боғлари барпо этилмоқда. Самарқандда мазкур боғ учун кейинги йилларда янги аҳоли яшаш маскани сифатида кўп қаватли турар жойлар ва ижтимоий соҳа объектлари қурилган Қорасув массиви танланди. Қорадарё бўйидаги 50 гектар майдон обод қилиниб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 9 минг тупдан ортиқ манзарали ва бутасимон дарахт кўчатлари ўтқазилди. Ушбу дарахт, гул ва майсалар пуркатиш ва томчилатиш тизими орқали суғорилмоқда. Шунингдек, боғда аҳолининг мароқли ҳордиқ чиқариши, сайр қилиши учун барча зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратилди. Велойўлак, спорт майдончалари ташкил этилди, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди.

Аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган бу каби ишлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?