Жадидчилик ҳаракатининг карвонбошиси
Президентимизнинг Ўзбекистон тарихининг ғоят мураккаб ва синовли даври — ХХ аср бошида майдонга келган Туркистон жадидчилик ҳаракатининг ҳақиқий маънодаги асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог, усули жадид мактабларининг ташкилотчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори Ватанимиз равнақи учун курашган маърифатпарвар аждодларимиз хотирасига бўлган юксак эҳтиром ифодаси бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда мамлакатимизда жадидчилик ҳаракати ва унинг намояндалари фаолиятини ўрганишда янги давр бошланди. Давлатимиз раҳбари жадидчилик ҳаракати ва етакчи намояндалари фаолиятига юксак баҳо бериб, жумладан, шундан деган эди: “Кўпчилик зиёлилар қаторида мен ҳам бир фикрни ҳамиша катта армон билан ўйлайман: мамлакатимизда Учинчи Ренессансни йигирманчи асрда маърифатпарвар жадид боболаримиз амалга оширишлари мумкин эди. Нега деганда, бу фидойи ва жонкуяр зотлар бутун умрларини миллий уйғониш ғоясига бағишлаб, ўлкани жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, миллатимизни ғафлат ботқоғидан қутқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этдилар. Шу йўлда улар ўзларининг азиз жонларини ҳам қурбон қилдилар. Улар “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас” деган ҳадиси шарифни ҳаётий эътиқод деб билдилар. Миллий истиқлол, тараққиёт ва фаровонликка, аввало, маърифат орқали, дунёвий ва диний билим, замонавий илм-ҳунарларни чуқур эгаллаш орқали эришиш мумкин, деб ҳисобладилар”.
Дарҳақиқат, Президентимиз жадид алломаларимизнинг ватанпарварлик, миллатпарварлик, маърифатпарварлик фаолиятига катта эҳтиром билан қарамоқда. Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида буюк мутафаккир Исҳоқхон тўра Ибратга бағишланган катта ёдгорлик мажмуаси, Тошкентда Абдулла Қодирий уй-музейи ташкил этилди. Мамлакатимизда уларнинг номи билан аталадиган ўнлаб турли фанлар чуқурлаштириб ўргатиладиган махсус мактаблар, ижод мактаблари очилмоқда. Айниқса, 2020 йил 1 октябрда жадидчилик ҳаракатининг том маънодаги раҳнамолари Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхоновнинг “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланиши халқимизнинг улар олдидаги қарзини адо этишда катта қадам бўлди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий номи қатағон давригача миллат тараққиёти, истиқлол тимсоли бўлиб келди. Беҳбудий қатл қилингани муносабати билан атоқли тарихшунос, манбашунос олим Лазиз Азиззода қуйидагиларни ёзган эди: “Беҳбудийнинг хизмати французларнинг Жан Жак Руссолари, русларнинг Ломоносуф, Чернишевский ва Писарефлари, Кафказ туркларининг Фатҳали ва Нажифбеклари, татарларнинг Маржоний ва Носирийси ила бирдир... Агар Ўзбекистонда Улуғбек ва Навоийдан бошқа учинчи бир кишига ҳайкал қўйиладурғон бўлса, шубҳасиз, бу Беҳбудийнинг ҳайкали бўлғусидур”.
Халқимиз истиқлоли учун кураш қурбони ҳақида куюниб айтилган юқоридаги сўзлар 70 йиллик шўролар даврида унуттирилди, уларни яхши билганлар, уларнинг ишини давом эттирганлар отилди, Сибирь музликлари қаърида йўқ қилинди. Дарвоқе, юқоридаги сўзлар муаллифи ҳам қарийб 30 йил Сибирь сургуни азоб-уқубатларини бошидан кечирди. Аммо истиқлол фидойилари ҳақидаги ҳақиқатлар қанчалар чуқур кўмилмасин, халқ онгидан сидириб ташлашга уринилмасин, миллат уларни, улар ҳақидаги хотираларни қалб қаърида сақлади. Истиқлол, мустақиллик туфайлигина улар ҳақида бор ҳақиқатни айтиш ва ёзиш имконияти туғилди.
Савод алифбодан бошланади
Маҳмудхўжа Беҳбудий бутун фаолиятини миллатни илм-маърифатли қилишга қаратди. Бунинг учун у усули жадид мактаблари тармоғини кенгайтириш, ўқитувчи-кадрлар тарбиялаб етиштириш, ўқув дастури ва дарсликлар яратиш, ўқувчиларни ўқув қуроллари билан таъминлаш, матбаа-нашриётлар, кутубхоналар ташкил этиш ишлари билан муттасил шуғулланди. 1904 — 1910 йиллар давомида у ўзбек ва тожик тилларида “Рисолаи асбоби савод”, “Рисолаи жуғрофияи умроний”, “Рисолаи жуғрофияи Руси”, “Китобат-ул-атфол”, “Амалиёти ислом”, “Ислом тарихи” каби дарсликларини яратди. Уларнинг баъзилари ҳақида, қисқароқ бўлса-да, маълумот бериб ўтиш мақсадга мувофиқдир.
Савод алифбодан бошланади. Шунинг учун ҳам миллий уйғониш даври педагоглари “усули савтия” методида фаолият кўрсата бошлаган мактаблар учун алифбо яратишга бирламчи даражали масала сифатида қарадилар. Маҳмудхўжа Беҳбудий ушбу метод заминида Туркистон ўлкасида Саидрасул Саидазизовдан кейин биринчилардан бўлиб тожикзабон болалар учун алифбо дарслигини яратди ва уни “Рисолаи асбоби савод” деб номлади. Муаллиф алифбони босмадан чиқаришдан олдин бир йил давомида улуғ педагог Абдуқодир Шакурий мактабида тажрибадан ўтказди, баъзи бир тузатишлар киритди ва 1905 йилда Самарқандда босмадан чиқарди. Бу ҳақда Беҳбудий асар муқаддимасида қуйидагиларни ёзади: “Жаноб фазилатпаноҳ мактабдорлар, муаллимлар, сизларга мурожаат ва арз қилурман. Каминанинг “Асбоби савод” номли ушбу рисоласи шогирдларнинг қисқа муддатда ўқиш ва ёзишни ўзлаштиришлари учун мўлжалланган бўлиб, бир неча бор синовдан ўтказилгандир... Усули жадид муаллими Абдуқодир жаноблари уч ой давомида ўз мактабларида ушбу дарслик-алифбо билан дарс бердилар. Сиз, азиз муаллимлар, бизнинг “Асбоби савод” дарслигимиздан ҳам фойдаланишингизни сўраймиз”.
Ушбу алифбо Ватанимизнинг тожикзабон мактаблари учун асосий дарслик сифатида бир неча бор нашр қилинди ва кўпроқ Бухоро, Самарқанд мактабларида октябрь тўнтаришидан кейин ҳам қўлланган. Муаллиф асар охирида ёзувга ўргатиш мақсадида ҳуснихатдан намуналар беради.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг муҳим дарсликларидан яна бири — “Китобат ул-атфол”дир. Баъзи тадқиқотчилар ушбу дарсликнинг номланишини “Болалар учун китоб”, “Болалар китоби”, “Болалар учун ёзув китоби” шаклларида таржима қиладилар. Бундай номлаш муаллиф мақсадига ҳам, китобнинг мазмун-моҳиятига ҳам тўғри келмайди, чунки “китобат” сўзи луғатларда “мактуб”, “хат” “битик” деб таржима қилинган. Ушбу “Китобат ул-атфол” дарслигини “Болалар мактублари” деб таржима қилиш мақсадга мувофиқдир. Чунки дарсликда болаларни турли мазмундаги расмий, норасмий, хусусий хатлар ёзишга ўргатиш, ёзма нутқини ўстириш масалалари атрофлича таҳлил қилинган, болаларнинг турли мазмун ва мақсадда ёзилган мактубларидан чиройли намуналар берилган.
Муаллиф дарслик муқаддимасида Туркистоннинг усули қадим мактабларида ўқувчилар ёзма нутқининг ниҳоятда ночор аҳволда эканлиги, болаларни иншо ёзишга ўргатиш учун бирорта қўлланманинг йўқлиги ушбу асарни ёзишга мажбур қилганлигини таъкидлайди. Мазкур дарслик ўз олдига, биринчидан, ёшларни турли давлат идораларида ўзбек тилида иш юритишга ўргатиш вазифасини қўйган бўлса, иккинчидан, муаллимларнинг эътиборини ўқувчиларнинг ёзма нутқини ўстиришдек ниҳоятда муҳим масалага қаратади. Тажрибали муаллимлар ҳатто эски анъанавий мактабларда ҳам ёзма нутқ ўстиришга алоҳида эътибор берганлар.
Маҳмудхўжа Беҳбудий бундан юз ўн беш йил муқаддам ёзма нутқ ўстиришдек ниҳоятда мураккаб ва масъулиятли масалага алоҳида эътибор қаратган. Муаллиф “Китобат ул-атфол” дарслигида ўқувчилар хат ёки мақола ёзаётган вақтларида нималарга эътибор беришлари зарурлигини 18 моддада кўрсатиб ўтади. Мана уларнинг баъзилари:
“Туркий ёзилур экан ва иборанинг туркийси бўла туриб, ани ўрниға русий ва ажнабий исмни ёзмоқни аҳли дониш манъ қиладурлар.
Аҳли фан, уламо ва удабоға махсус ёзилатурғон хатлар, маҳкама ва дорулқазо мактублари, илмий ва сиёсий мақолалари яхши ва адабий суратға ёзилса керак. Мундай мактубларда арабий, форсий хатға русий ва франсавий баъзи бир исм ва луғатни ёзмаса иложи йўқдур. Бовужуд шул бақадри имкон ўшал сўзларни туркий ва форсийчасини топиб ва топилмаганда жумла ила тафсир қилмоқ лозимдур.
Хатни камсўз, сермаъно ёзмоқ керакдур.
Ғазаб ва хафалик ва ё ниҳоят хурсанд ва бехушлик вақтларда хат ёзмай, ҳолати даражаи эътидол (мўътадил)га келганда, мактуб ёзмоқ авлодур.
Бир нимарса ва ё одамни ниҳоят мадҳ ва таъриф ва ёмонламоқ ва муболаға этмоқдан ҳазар қилиб, барча ҳолда ўрта қисмға қалам ишлатмак керак.
Мактубға ҳақорат, таъна, ҳазил, фисқ ва гуноҳга тааллуқ сўзлар асло ёзилмасун”.
Беҳбудий томонидан кўрсатиб ўтилган бу талаблар ҳозирда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Болалар руҳиятини яхши билган Беҳбудий ёзма нутқ ўстиришда ўқувчилар учун ниҳоятда қулай ва уларни қизиқтира оладиган усул — хат ёздириш усулидан фойдаланади. Чунки ёш болалар ота-оналарига, дўстларига хат ёзишга анча қизиқадилар. Дарслик муаллифи хат ёзиш одоби, қоидалари, рамзлар — ҳис-туйғу белгилари (тиниш белгилари — У.Д.) бўйича раҳбарлик қилишда усули жадид ва усули қадим муаллимларга қимматли йўл-йўриқлар беради.
Ушбу ўқув дарслиги ўлка миқёсида таълим-тарбия муассасалари — эски ва янги мактаблар учун катта аҳамият касб этди. Асар ҳақида “Туркистон вилоятининг газети”да “Новая книга писем для детей” номи билан махсус тақриз-мақолада қуйидагиларни ўқиймиз: “Бу яқин кунда бизнинг идорамизға Самарқанд шаҳрида барпо бўлиб, “усули савтия ва жадида” тариқи била таълим ва тарбия ривож топиб турмуш мактаби ибтидоиянинг мутасаддиларидан ҳурматли фозил муҳтарам Маҳмудхўжа Эшон муфти жанобларининг эҳтимомлари била “Мажмуаи китобот ва иншодан бир неча жузъ” (“Китобат ул-атфол”) номли мажмуачаларидан намуна баробаринда ҳадя юборилмуш экан”.
“Китобат ул-атфол” усули жадид мактаблари шогирдлари учун махсус дарслик сифатида яратилган бўлиб, биринчи нашри 1908 йилда, иккинчи нашри эса 1914 йилда босмадан чиқарилди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий бошқа жадид мутафаккирлари каби география фанини ўқитиш масаласига алоҳида эътибор берган. Унинг бу фанга оид “Мунтахаби жуғрофияи умумий” дарслигининг тўлиқ номи “Китоби мунтахаби жуғрофияи умумий ва намунаи жуғрофия” деб номланади ва у 1906 йилда Самарқандда Г. Демуров матбаа корхонасида босмадан чиққан. Муаллиф дарсликни яратиш жараёнида ўттиздан ортиқ замонавий ва қадимий асарларни ўрганган: дастлаб “жуғрофия” сўзининг луғавий маъноси, бу фаннинг “Жуғрофияи табиий”, “Жуғрофияи умроний”, “Жуғрофияи иқтисодий”, “Жуғрофияи сиёсий”, “Жуғрофияи риёзий” каби соҳалари ҳақида анча илмий асосли маълумотлар беради. Беҳбудий дарсликни яратиш жараёнида Шамсиддин Сомийнинг “Қомус ул-аълам” ҳамда Исмоилбек Гаспралининг “Туркистон уламоси” асарларидан кўпроқ истифода қилганлиги кўзга ташланади. Муаллиф география илмига оид ўнлаб асарлар яратган мусулмон, хусусан, туркистонлик олимларнинг асарларидан фойдаланган. Беҳбудийнинг ушбу асари билан чуқурроқ танишар эканмиз, у ўзига замондош бўлган биринчи ўзбек географ олими Ҳожи Юсуф (1842 — 1924) фаолияти билан, у яратган ва Самарқанд кўргазмасида намойиш қилган глобус билан яқиндан таниш бўлганини кўрамиз.
Мутафаккирнинг мазкур география дарслиги муносабати билан “Туркистон вилоятининг газети” саҳифаларида 1906-1907 йилларда тақризлар, мунозарали фикрлар баён қилинган. Газетанинг масъул ходими, “Туркистон тарихи” асари муаллифи Мулла Олим Махдум Ҳожи дарсликнинг тили, услубининг оғирлиги ҳақида фикр билдирган. Маҳмудхўжа Беҳбудий ушбу газетада жавоб мақоласи билан чиққан.
Театр — тарбия маскани
Мустамлакачилик сиёсати туфайли ўлкага кириб келаётган ва айниқса, ёшларнинг ахлоқига кучли салбий таъсир кўрсатаётган маиший бузуқлик, ичкиликбозлик, қиморбозлик каби қабиҳ одатлар жадид мутафаккирларини қаттиқ ташвишга солган. Илмсиз, нодон ёшлар бундай усти ялтироқ ярамас ишларга тез берилади. Шу боис уларнинг мудҳиш оқибатларини ёшлар, уларнинг ота-оналари кўз ўнгида намойиш қилиш керак эди. Саҳна асарларига бўлган эҳтиёж шу тарзда юзага келган. Мана шундай улуғ мақсад натижаси ўлароқ “Падаркуш” драмаси ёзилди. У Маҳмудхўжа Беҳбудий педагогик қарашларининг бадиий ифодаси сифатида намоён бўлди. Драма “Падаркуш ёхуд ўқимаган боланинг ҳоли” номи билан 1911 йилда яратилган бўлса-да, унинг нашр этилиши анча қийин кечди. Тошкент, Самарқанд цензураси асар нашрига рухсат бермади.
Чор Русияси назоратчилари билан курашавериб, анча тажриба орттирган Беҳбудий китобнинг титул муқовасига “1812 йилда рус-француз муҳорабасининг Бородино майдонидаги руслар ғалабасининг 100 йиллигига бағишланади” сўзларини келтириб, Тифлис цензоридан рухсат олишга муваффақ бўлади ва 1913 йилда Самарқандда алоҳида китоб ҳолида босмадан чиқаради. Асар бошидан охиригача илм-маърифатга, усули жадид мактабларига даъват руҳи билан суғорилган. 3 парда, 4 манзарали ушбу эътироф этилган биринчи ўзбек драмасининг театр саҳнасига чиқиши ҳам енгил кечмади. Бунга салкам бир йил вақт кетди. Шунга қарамай, драмани Туркистон шаҳарларидаги ҳаваскор театр труппалари катта мамнуният билан кутиб олди. Бу ҳақда “Туркистон вилоятининг газети”, “Садойи Туркистон”, “Садойи Фарғона” газеталарида, “Ойина” журналида, қардош туркий халқлар матбуотида туркум мақолалар эълон қилинган. “Падаркуш” драмаси биринчи марта Самарқандда 1914 йил 15 январда театр ҳаваскорлари томонидан намойиш этилди. Ўлка маънавий ҳаётида буюк аҳамият кашф қилган бу воқеа Ватанимизнинг Қўқон, Андижон, Наманган, Бухоро, Каттақўрғон каби шаҳарларида ҳам ҳаваскор театр гуруҳлари вужудга келишига туртки бўлди. Ушбу драма таъсирида беш йил давомида ўттизга яқин турли муаллифларнинг драмалари яратилди.
“Падаркуш” драмасида муаллиф эътиборни оталар ва болалар муаммоси — ўғил тарбиясида отанинг ўрни масаласига қаратади. Эътибор беринг: драмада ота каттагина бой, аммо бу бойлик тарбия кўрмаган болани ҳам, отани ҳам фожиа гирдобига тортиб кетади. Оила ва мактаб тарбияси биргаликда, узвий боғлиқ ҳолда олиб борилгандагина, ўз олдига қўйган улкан вазифани бажара олади, деган фикр асарни ҳаракатга келтирувчи кучдир. Ота тарбия кўрмаган, дунё воқеаларидан бутунлай узилиб қолган, ҳатто муомала маданиятидан ҳам бехабар. Унинг домла ва зиёли билан муомаласи Тошмуроднинг отаси билан муомаласига ўхшайди, яъни отанинг тарбиясизлиги ўғлида ўз аксини топган.
Ушбу драма ўз қобиғига ўралиб қолган, дунё тараққиётидан бутунлай узиб ташланган миллатни ларзага солди: бундай яшаш мумкин эмас, дунё халқлари билан ҳамқадам бўлмоқ керак, турли-туман тўю маъракаларга сарф қилинаётган маблағни илм-маърифатга, фарзанд тарбиясига харжламоқ, бир неча йиллар мусофирликда бўлса ҳам фарзандларни тараққий этган мамлакатлар олий ўқув юртларига юбормоқ керак. Синфий айирмаларни йиғиштириб қўйиб, илмга чанқоқ ёшларни хайрия жамиятлари кўмагидан бўлса-да, чет элларда ўқитмоқ керак.
Ўзбек халқининг илғор зиёлилари “Падаркуш” драмасини катта мамнуният билан кутиб олади. Драманинг 1914 йил 27 февралда Тошкентда Мунавварқори ҳамда Абдулла Авлоний бошчилигида “Турон” драмтруппаси томонидан саҳнага қўйилиши маданиятимиз тарихида буюк воқеа — театримизнинг туғилиш куни деб баҳоланди. Шунингдек, драма Фарғона водийси шаҳарларида ҳам кенг намойиш этилди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижоди тадқиқотчиларидан немис олимаси профессор Ингеборг Балдауфнинг қуйидаги фикрлари мутафаккир фаолиятига берилган жуда тўғри баҳодир: “Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолиятининг ғоят ўзига хослигидан қатъи назар, у Қримда Исмоилбек Гаспрали, Қозон татарларининг Қаюм Носирийси, усмонли туркларнинг Аҳмад Мидҳати сингари Ўрта Осиёнинг халқ муаллими эди”.
Олий мақсад йўлидаги дадил қадамлар
Беҳбудий ўз олдига қўйган олий мақсадни миллатдошларига етказиш ниятида 1913 йилнинг апрелидан “Самарқанд” газетасини чиқара бошлади. Газетанинг фаолияти узоқ давом этмади: 45 сони чиқиб, иқтисодий танқислик туфайли тўхтатилди. Аммо газета кўп мақсадларни амалга оширишга улгурди: миллатдошлар қалбига илм ва маърифат нурини олиб кирди, маърифатпарварларни улуғ мақсад сари бирлаштирди. Туркистон жадидлари пешволари Мунавварқори, Абдулла Авлонийнинг мақолалари “Самарқанд” газетасида босилиб турди. “Самарқанд” газетаси фаолияти тўхтатилгач, ўша 1913 йилиёқ Беҳбудий “Ойина” журнали фаолиятини йўлга қўйди ва ўзининг эзгу ниятларини амалга оширишни журналда давом эттирди.
Мутафаккир Беҳбудий дунёвий ва диний билимларни баравар эгаллаш тарафдори эди. Бундай илмли мутахассисларни тарбиялаб етиштириш учун, биринчи навбатда, икки эмас, тўрт тилни, яъни арабий, русий, туркий ва форсий тилларни мукаммал билиш зарурлигини таъкидлади. У жадид мактаблари учун дарслик ва ўқув қўлланмалари яратиш ва уларни босмадан чиқариш ишларини мунтазамлаштириш мақсадида 1913 йилда “Нашриёти Беҳбудия” номли хусусий нашриёт ҳамда “Кутубхонаи Беҳбудия” номида кутубхона ва қироатхона очди.
Бундай ишларни амалга ошириш каттагина маблағни талаб қилар эди. Маҳмудхўжа Беҳбудий имконияти доирасида кўп ҳолларда бундай ишларга ўз ҳисобидан маблағ сарф қилар эди. Беҳбудийнинг набираси Самарқанд давлат университетининг профессори марҳум Надимхон Беҳбудий қуйидагиларни ёзади: “Ўша вақтларда Самарқандда бир қанча ташқи ва ички ҳовлилари, ер-сувлари, боғ-роғлари, мол-ҳоллари бўлган. Бобам ушбу мол-мулкдан келадиган даромаднинг бир қисмини китоб, газета, журнал ташкил этишдаги ноширлик ишларига, эндигина тараққий этиб келаётган усули жадид мактаблари ривожига, илғор кишилар томонидан таъсис этилаётган жамияти хайрияларга ионалар қилиб турган”.
1909 йилда “Туркистон вилоятининг газети”да қўқонлик Файзулло афанди исмли муаллифнинг “Хотунларға илм лозимму?” мақоласи чоп этилади. Мазкур мақола атрофида анчагина баҳс-мунозара вужудга келади. Мақола муаллифи аҳли қаламдан — фозил Мулла Олим Махдум Ҳожи ва Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратларидан ушбу масала юзасидан ўз фикрларини баён қилишларини сўрайди. Албатта, бу мунозарага жавобан Беҳбудий “Файзулло афандиға жавоб” сарлавҳали мақола билан муносабат билдирган. Унда муаллиф “Ҳар бир муслим ва муслима илм олмоғи фарздур” ҳадиси шарифни келтириб, “... жисми латифға ижро таклифот шаръиясини айтмоққа илм ва ўқувдан бошқа бир сабаб йўқ экан ва бу таклифотни(нг) иддаоси ва фарди комили ўқув эканлиғига ва хотунларни ўқумоқлари лозимиға айтса, ёлғуз кўр ва ё мунофиқ мутаассиб инкори бошқа, азизим”, деб якунлайди мақоласини.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Беҳбудий хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни, уларнинг илм олиши масаласида шахсий ўрнак кўрсатган. Ўз қизи Парвина Беҳбудийни (1901 — 1984) Абдуқодир Шакурийнинг усули жадид мактабида ўқитган, кўпгина илмлардан баҳраман қилган, шу билан бирга, махсус ўқитувчи ёллаб, француз тилини мукаммал ўргатган. Кейинчалик Парвина Беҳбудий узоқ йиллар француз тилидан дарс берган.
Умуман, Беҳбудий публицистикаси ҳам мазмунан, ҳам ҳажман ўзбек маорифида, маънавиятида, айниқса, сиёсатида катта аҳамиятга молик. Унинг миллат, Ватан истиқболи, илм-маърифат ҳақидаги қарашлари, асосан, мақолаларида ўз ифодасини топган. Беҳбудий 1906 йилдаёқ Мунавварқори Абдурашидхоновнинг “Хуршид” газетасида чоп этилган “Хайрул умури афсатуҳо” (“Ишларнинг яхшироғи ўртачасидир” — Ҳадиси шарифдан) сиёсий мақоласида социализмни, инқилобни зўравонлик деб билди. Шу эътиқоддан келиб чиқиб, октябрь ўзгаришини ҳам қабул қилмади.
У 1917 йил апрель ойида Туркистон мусулмонларининг Тошкентдаги қурултойида Ватан, миллат тақдири кун тартибига қўйилган бир вақтда мусулмонларни ҳар қандай синфий, маҳаллий, диний ихтилофларни тарк этиб, буюк мақсад учун — истиқлол учун бирлашишга даъват қилиб нутқ ирод этди. Шу йили 27 ноябрга ўтар кечаси Қўқонда “Туркистон Мухторияти” эълон қилинди. Бу ҳақда Мухторият раҳнамоси ва ташкилотчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий катта қониқиш билан “Ҳуррият” газетасида қуйидагиларни ёзган эди: “27 ноябрда Қўқонда Туркистон Мухторияти умумий мусулмон съездида эълон қилинди. Муборак ва хайрли бўлсин! Камина ҳам мажлисда бўлишдан ифтихор этаман. Яшасин Туркистон Мухторияти!”
Афсуски, Туркистон Мухторияти оёққа турмасданоқ шўролар томонидан маҳв этилди: водийдаги ўнлаб қишлоқлар хонавайрон қилинди, ўт қўйилди, ўн мингдан ортиқ аҳоли қириб ташланди. Маҳмудхўжа Беҳбудий мана шундай оғир изтироблар исканжасида бир йил давомида маориф соҳасида фаолият кўрсатди. Миллат истиқлоли ҳақидаги орзулари барбод бўлган мутафаккир 1919 йилнинг баҳорида Қарши шаҳрида Шўро айғоқчилари томонидан қатл қилинди. Шўро ҳукумати ўта қабиҳ йўл тутди: унинг фожиали ўлдирилиши ҳақидаги хабар Самарқандда бир йилдан кейин — 1920 йил апрель ойида маълум бўлди. Бутун Туркистон халқи мотам тутди. Унинг ўлимига бағишлаб Фитрат, Чўлпон марсиялар яратди, Айний уч шеър битди. Уларнинг бирида шундай дардли мисралар бор:
Сени мундан буён Турон кўролурму, кўролмасму?
Сенинг мислингни Туркистон тополурму, тополмасму?
Сен, эй устоди олийшон, эдинг ажубаи даврон,
Отингни тилга ҳар инсон буюк ҳурмат-ла олмасму?
Ватан авлоди ёд этди, сени ҳурмат-ла шод этди,
Ва лекин интиқомингни ололурму ололмасму?
Атоқли давлат арбоби Файзулла Хўжаев Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг буюк хизматларига шундай баҳо берган эди: “Сиёсий, ижтимоий фаолияти ва билимининг кенглиги жиҳатидан Туркистоннинг ўша вақтдаги жадидларидан унга тенг келадигани йўқ деб ўйлайман”.
Бу ҳақ гап эди.
Улуғбек ДОЛИМОВ,
профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг