Самарқандда дастурлаш бепул ўргатилмоқда

12:58 27 Январь 2025 Жамият
79 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Самарқанд шаҳридаги “Schооl – 21” рақамли технологиялар мактабида тингловчиларга компьютер саводхонлиги, халқаро талаблар асосидаги C, C++, Java, Python, Go, SQL каби дастурлаш бепул ўргатиб келинмоқда.

Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида ташкил этилган ушбу мактаб 18 ёшдан бошлаб барча хоҳловчиларга турли соҳалардаги 40 зиёд йўналишларда электрон дастурлаш тизимини ўргатади. Эътиборли жиҳати, қабул учун аввалги билим, иш тажрибаси, дастурлаш қобилияти ёки дипломнинг борлиги аҳамиятга эга эмас.

Лойиҳада иштирок этувчиларнинг 50 фоизидан ортиғи учун бу биринчи дастурлаш тажрибаси бўлади. Якуний саралаш босқичидан кейин ҳар бир иштирокчи ўз мақсадидан келиб чиққан ҳолда, индивидуал таълим йўлини яратади. Бунда ишлаб чиқиш йўналишларидан бирини, яъни баcкенд, фронтенд, мобиль ишлаб чиқиш, “GameDev”ни танлаши мумкин. Ёки код ёзиш талаб қилинмайдиган бешта янги соҳаларидан бири — киберхавфсизлик, “Data Science”, тизим ва бизнес таҳлили, “DevOps” ва юкланган хизматларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаши, шунингдек, дастурий таъминотни синовдан ўтказишни танлаш мумкин.

Шунингдек, IT соҳасида ишлаётганлар тезлаштирилган курсларда ўз малакасини оширади. Aсосий таълим ўрганиш тезлигига қараб 1,5 йилдан 3 йилгача давом этади.

Ҳар бир иштирокчи ўзи учун қулай вақтда ўқув жадвалини тузиб олиши мумкин. Чунки мактаб кампуслари ҳар куни 24 соат мобайнида очиқ бўлади. Узоқдан келган тингловчилар ётоқхона билан таъминланади.

— Самарқанддаги дастурлаш мактаби ҳақида дўстларимдан эшитиб келганман, — дейди сурхондарёлик Юнус Тўраев. — Саралаш босқичидан ўтиб, мана беш ойдирки, тармоқ администратори йўналишида ишлаяпман. Дастурлашни мураббийсиз, маъруза ёки баҳоларсиз, фақат амалий лойиҳалар устида индивидуал ёки жамоавий иш олиб бориладиган “тенгдош тенгдошга” таълим услуби асосида ўрганяпман. Мени барча қулайликларга эга ётоқхона билан таъминлашди.

Бу масканда республикамиз вилоятларидан ташқари, қўшни Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан ҳам тингловчилар дастурлашнинг сир-асрорларини ўрганишмоқда.

Айни пайтда “Schооl – 21” рақамли технологиялар мактаби Самарқанд ва Тошкент шаҳрида фаолият юритмоқда. Тингловчилар орасида таълим, логистика, тиббиёт, савдо, автомобиль тижорати ва бошқа соҳалар вакилларини учратиш мумкин. Эндиликда улар дастурлаш бўйича ҳам етук халқаро мутахассис бўлишни исташади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?