Самарқандда бедарак йўқолган фуқаронинг жасади каналдан топилди

11:41 29 Июль 2025 Жамият
200 0

Иллюстратив фото

Сутка давомида 2 нафар қидирувдаги шахс ушланди ва 2 нафар бедарак йўқолган шахс топилди, деб хабар бермоқда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 26 июль куни соат 16:00 ларда Нарпай тумани Соҳибкор МФЙда яшовчи 36 ёшли А.Т. яшаш уйидан номаълум томонга чиқиб кетиб, бедарак йўқолган. Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида А.Т.нинг жасади Пахтачи тумани Туғолон МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи «Нарпай канали»дан тан-жароҳатларсиз топилган.

Жасад суд тиббий экспертизасига юборилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Пахтачи туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бормоқда.

Шунингдек, шу йилнинг 22 июль куни вилоят ИИБ 102 рақамига Самарқанд шаҳар Дўстлик МФЙда яшовчи 19 ёшли Ғ.Х. 11 июль куни ишга кетишини айтиб, яшаш уйидан чиқиб кетгани ва шу кунгача уйига қайтиб келмагани бўйича хабар келиб тушган. Олиб борилган тезкор қидирув ишлари давомида Ғ.Х. Самарқанд шаҳри ҳудудидан соғ-саломат топилиб, яшаш уйига қайтарилган.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан айбланиб, қидирилаётган Иштихон тумани Буъронхужа маҳалласида яшовчи 1995 йилда туғилган Ш.Й. Иштихон шаҳри ҳудудидан ушланган. Шундан сўнг у Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармасига топширилган ва Ш.Й.га нисбатан қидирув йиғма жилди ҳаракатдан тўхтатилган.

Каттақўрғон шаҳридаги ҳолатда эса шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими юритувида бўлган, ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбланиб, қидирилаётган 55 ёшли Н.Й. Пастдарғом тумани ҳудудидан ушланиб, Самарқанд вилояти ИИБга қарашли вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?