Самарқанд вилояти маҳаллаларида тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш ҳолати муҳокама қилинди

12:18 22 Июнь 2024 Сиёсат
296 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг эллик учинчи ялпи мажлисида Самарқанд вилояти маҳаллаларида тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича ишлар ҳолати таҳлил қилинди.

Таъкидланганидек, вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратишда қатор ижобий натижаларга эришилган.

Хусусан, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари томонидан 2023 йил бошидан 783,3 мингта хонадон хатловдан ўтказилган, даромад топишга ҳаракат қилаётган ва истагида бўлган 298 та хонадон чорвачилик ва паррандачилик, 331 таси савдо ва хизмат, 264 таси деҳқончилик ва иссиқхона, 123 таси боғдорчилик, 34 таси кичик ишлаб чиқариш, 10 таси ҳунармандчилик ва 66 таси бошқа йўналишларда аҳоли даромадларини ошириш чоралари кўрилган.

Ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда жами 423 мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланган. “Онлайн маҳалла” платформасида 5441 та микролойиҳа ишга туширилиши натижасида лойиҳа қиймати 1 270 млрд сўм маблағ ўзлаштирилиб, 23507 нафар фуқаро ишли бўлган.

Ихтисослашган маҳаллаларга яқин ҳудудларда 44 та микромарказ ташкил этилиб, 507 та янги иш ўрни яратилган.

Шу билан бирга, мажлисда сенаторлар томонидан амалга оширилган ишлар билан бир қаторда айрим камчилик ва муаммолар ҳам мавжудлигига эътибор қаратилди.

Вилоятда 2024 йилнинг 1 январь ҳолатига фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларининг сони 2023 йилга нисбатан 10,5 мингтага камайган. Ишчи сонини умуман кўрсатмаган корхоналарнинг 322 тасида жами 518 нафар нолегал ишчилар мавжуд бўлиб, улардан бир йилда камида 800 млн сўм даромад солиғи йўқотилган.

Шунингдек, ҳоким ёрдамчилари тавсияси асосида оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилган 1,5 трлн сўмлик кредитнинг 72,3 млрд сўми муаммоли кредитга айланган.

Бундан ташқари, тадбиркорликни ташкил этиш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаган.

Вилоятда тадбиркорлар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқишда ҳам камчиликларга йўл қўйилган. “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддати устидан назорат ўрнатилган бўлишига қарамай, мурожаатларнинг 205 таси бўйича кўриб чиқиш муддати бузилган.

Самарқанд шаҳрида, Пастдарғом, Ургут, Иштихон, Нарпай, Пайариқ, Булунғур туманларида тадбиркорларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишида қонун бузилишга йўл қўйилган.

Сенаторлар томонидан маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратишда йўл қўйилган камчиликлар масъул вазирлик ва идораларга кўрсатиб ўтилди ҳамда бу борада ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик соҳасида мавжуд талаблар ва тартиб-таомилларни соддалаштириш бўйича қатор таклифлар билдирилди.

Хусусан, вилоятда ҳудудларининг хусусиятлари, “ўсиш нуқталари” ва салоҳиятини инобатга олиб, тадбиркорликни ривожлантириш йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, “Онлайн маҳалла” электрон платформасини тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграция қилинишини таъминлаш лозимлиги қайд этилди.

Кўриб чиқилган масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?