Сайёҳларни мафтун этувчи Самарқанд сайқали

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд нафақат тарихий ёдгорликлари, балки миллий қадриятлари, анъаналари ва бетакрор табиати билан ҳам сайёҳлар эътиборини тортмоқда. Шу боис туризмнинг янги йўналишларини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Конигил, Терсак ва Боғибаланд маҳаллалари туризм қишлоғи ва маҳалласи мақомини олиб, уларда сайёҳлар учун зарур инфратузилма яратилди.
— Терсак қишлоғи Ургут туманидаги тоғлар бағрида жойлашган. Бу ердаги дам олиш масканлари сайёҳларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришига хизмат қилади, — дейди «Терсак шаршараси» оилавий меҳмон уйи бошқарувчиси Қўйсин Ҳасанов. — Кўп йиллардан бери сайёҳлик фирмасини очишга ҳаракат қилганман, аммо имконият бўлмаганди. Ҳозир уйимда ўтириб, хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатаяпман. Қандай қилиб дейсизми, биз яшаётган ҳудудда туризм қишлоғи ташкил этилиб, ҳовлимнинг бир қисмини меҳмон уйи учун ажратдим. Бу ерда 4 киши иш билан банд. Ўзим француз тили ўқитувчиси бўлганим учун дастлаб Франциялик сайёҳларни қабул қилгандим. Бугунги кунда Испания, Италия, Дания, Германия ва бошқа мамлакатлардан келган сайёҳларга ҳам хизмат кўрсатяпмиз.
Ўтган йилларда Конигил туризм қишлоғининг иккинчи босқичи амалга оширилиб, ҳудуд 22 гектарга кенгайтирилди. Сиёб ариғи тозаланиб, янги туристик объектлар бунёд этилди. 2,5 километр велойўлак ва 3,5 километр пиёдалар йўлаги барпо этилди. 51 та янги туристик объект – меҳмон уйлари, ҳунармандчилик устахоналари, миллий ошхоналар ва дам олиш масканлари очилди.
— Косонсой туманидан оиламиз билан саёҳатга келдик, — дейди Абдуҳомид Исматуллаев. — Ҳар сафар Самарқандга келганимда янги-янги ўзгаришларга гувоҳ бўламан. Биргина «Буюк ипак йўли» халқаро туризм маркази бу тарихий шаҳарга замонавийликни уйғунлаштирган чиройли дам олиш маскани бўлибди. «Боқий шаҳар» мажмуасини томоша қилсангиз, нафақат Самарқанд, балки бутун юртимизни айланиб чиққандек бўласиз. Конигил туризм қишлоғидаги ҳунармандларнинг иш жараёни, айниқса, Самарқанд қоғозининг тайёрланиши барчамизни ҳайратлантирди.
Ургутнинг Чор чинор ва Омонқўтон, Нурободнинг Оқсой ва Нурбулоқ маҳаллаларида ҳам сайёҳлик салоҳияти юқори. Ҳозирда бу ҳудудларда 50 дан зиёд уй-меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда. Мавсумда 60 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюради.
— Ўтган йилда вилоятимизга 2 миллион 523 минг нафар хорижлик, 4 миллион 715 минг нафар маҳаллий сайёҳ келди. Уларнинг Самарқандда бўлиши 2 кундан 2,7 кунга, туризм хизматлари экспорти 537 миллион АҚШ долларини ташкил этади, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов. — Ҳозирда 18 минг ўринли 642 та жойлаштириш воситаси, жумладан, 175 та меҳмонхона, 344 та оилавий меҳмон уйи, 121 та хостел мавжуд. 389 та сайёҳлик компанияси, 680 нафар гид-таржимон, 11 та туризм ахборот маркази фаолият кўрсатмоқда. Туристик синфга мансуб 125 та автобус, 120 та микроавтобусдан самарали фойдаланилмоқда. Кейинги йилларда вилоятдаги меҳмонхоналар тармоғи замон талабларига мослаштирилиб, дунёнинг ТОП-50 талигига кирувчи «Hilton» (АҚШ), «Movenpick» (Франция), «Welness hotel» (Австрия), «Minyoun» (Хитой) каби халқаро меҳмонхона брендлари жалб этилди. Умуман, ўтган йил давомида умумий қиймати 459 миллиард сўмлик 33 та инвестицион лойиҳалар ишга туширилди.
Бундан ташқари, Самарқанд туманидаги Оҳалик, Оқбўйро ва Миронқул маҳаллалари ҳудудида умумий майдони 4 656 гектар бўлган туристик-рекреацион зонаси ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилинди. Тоғли ҳудудларда туризмни ривожлантириш учун улкан имкониятлар мавжуд. Қарордан сўнг туман ҳокимлиги ҳузурида туристик зона дирекцияси ташкил этилди. Хорижий ҳамкорлар билан лойиҳанинг режаси ишлаб чиқилди. Бу ерда тоғ туризми бўйича «зиплайн», «банжи-жампинг» ва «зорбинг» аттракционлари, канатли парк, дор йўллари, дельтаплан ва параплан ёки ҳаво шарида учиш каби экстремал туризм йўналишлари йўлга қўйилади.
2025 йилда Самарқандга 2,55 миллион хорижий сайёҳни жалб этиш ва туризм хизматлари экспортини 550 миллион доллардан ошириш режалаштирилган. Бу мақсадда 2 триллион 63 миллиард сўмлик 30 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳаларнинг 10 таси янги меҳмонхоналар ташкил этиш билан боғлиқ бўлса, 15 таси умумий овқатланиш ва дам олиш масканлари, 3 таси савдо ва кўнгилочар масканлар, 2 таси санаторий ва соғломлаштириш марказидан иборат.
Президентимиз ташаббуси билан Имом ал-Бухорий мажмуаси янгидан барпо этилмоқда. Ушбу мажмуада 10 минг кишига мўлжалланган масжид бунёд этилган. Бугунги кунда қурилиш ва муҳандислик ишлари битказилиб, пардозлаш босқичи бошланган. Имом ал-Бухорий мажмуаси янги биносининг очилиши билан Самарқандда диний туризм имкониятлари кенгаяди. Шунингдек, «Умра Плюс» дастури доирасида мусулмон зиёратчилари учун хизматлар такомиллаштирилади. Бунда Саудия Арабистонига зиёратга отланган сайёҳлар аввал Имом ал-Бухорийни зиёрат қилади. Бу халқаро миқёсда зиёратчилар оқимини оширишга имкон беради.
Жорий йилнинг октябрь ноябрь ойларида ЮНEСКО Бош ассамблеясининг 43-сессияси илк бор Париждан ташқарида, айнан Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган. Бутун дунё учун муҳим бўлган ушбу тадбир халқаро ҳамжамият эътиборини янада кучайтиради. Сессия доирасида 100 дан ортиқ давлатдан 6 мингдан зиёд делегатнинг ташрифи кутилмоқда, бу эса нафақат Самарқанд, балки Ўзбекистон туризм тармоғи учун ҳам улкан имконият яратади. Буларнинг барчаси Самарқанднинг халқаро тадбирлар марказига айланиб бораётгани, унинг туристик ва инвестициявий жозибаси янада мустаҳкамлаётганлигига далолат беради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг