Саҳро бағрида жойлашган мактабда ишлаётган ёш ўқитувчига Президент совғаси — ВYD Chazor русумли автомашина туҳфа қилинди

38-умумтаълим мактаби Бухоро вилояти марказидан чамаси 300 километр олисда, бепоён Қизилқум саҳроси бағридаги “Қизилравот” овулида жойлашган. Асосан қозоқ миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилаётган бу гўшада одамларнинг савдо, алоқа, тиббий хизматдан фойдаланиши, ёшларнинг таълим-тарбия олиши учун барча қулайликлар яратилган.
Аммо узоқ йўл босиб, саҳродаги мактабда ишлагани ҳамма ҳам жазм этавермайди. Ёш педагог Биллура Икромова бундан истисно. У айни дамда шу таълим даргоҳи ўқувчиларига инглиз тили фанидан сабоқ бермоқда.
— Мамлакатимизда ҳар бир ўғил-қизнинг ўқиши, ўз иқтидори, салоҳиятини юзага чиқариши учун барча қулайлик яратилган, — дейди у. —Буни ўз ҳаётим мисолида айта оламан. Гап шундаки, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендианти сифатида Буюк Британияда ўқиш бахтига муяссар бўлдим.
У ерда хорижлик сабоқдошларимнинг менга ҳавас билан қарашгани шундоқ кўз ўнгимда турибди. Чунки улар ҳам ўқиш, ҳам тирикчилик важидан ишлаш ташвишида бўлишарди. Мен эса давлатимиз, Президентимиз ғамхўрлигидан оқилона фойдаланиб қимматли вақтимни йирик-йирик кутубхоналарда ўтказдим. Қунт билан ўқидим. Шу тариқа билимимга билим қўшилди. Бу шу кунги фаолиятимда жуда асқатмоқда.
Куни кеча Биллура учун унутилмас воқеалардан бири рўй берди. У Бўстонлиқ туманида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали тадбир чоғида давлатимиз раҳбари билан видео орқали мулоқотга киришди. Фаолияти ҳақида қисқача сўзлаб ўз таклифини баён этди. Президентга “Ўқувчиларим орасидан “гарвардчи”лар, ТОП-100 университети талабалари, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиантлари етишиб чиқади”, дея сўз берди.
Бугун эса унинг ҳаётида яна бир қувончли воқеа юз берди. Ёш муаллимага Президент совғаси – ВYD Chazor русумли автомашина туҳфа қилинди. Шу муносабат билан Бухоро давлат педагогика институтида ўтказилган тантанали тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда таълим сифатини янги поғонага кўтариш, ўқитувчи, мураббийларнинг меҳнат ва турмуш шароитини яхшилаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда устувор йўналишга айланганини эътироф этди. Ўз навбатида, Биллура Икромова Президентимиз ишончини оқлаш, берган ваъдасини бажариш йўлида билими, салоҳияти, куч-ғайратини аямаслигини билдирди.
Истам ИБРОҲИМОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг