Саҳна сиртидаги сабоқ
"Раҳбар бўлсанг, китоб ўқи" маънавий-маърифий лойиҳаси доирасида
Театр актёри — чин маънода ижод кишиси. Уни санъаткор деб аташимиз фақат мухлислар кўз ўнгида томоша кўрсатиши учунгина эмас. Ўзи ўйнаган образни ишонарли, табиий талқин этиш учун бутун онгу тафаккурини сафарбар қилиши, маҳоратни ишга солиши ҳақиқий санъаткорона меҳнатни талаб қилади.
Саҳнада ўйналган роль драматург, режиссёр ва актёрнинг уйғунлашган меҳнати самарасидир. Уч хил машғулот вакилларини бирлаштириб турган нарса, бу — сўздир. Сўз қанча таъсирчан бўлса, уни қабул қилувчи шунча маънодор фикрга эга бўлади.
Нафақат томошабинга, балки ўқувчига, китобхонга ҳам фикр айтиш эҳтиёжи актёрларда пайдо бўлиши бадиий ижоднинг қонуний кўринишидир. Бунга жаҳон театр актёрлари, қолаверса, ўзбек саҳна санъати вакиллари ижодида мисоллар жуда-жуда кўп.
Қўлига қалам олиб, кўнглида туғилган фикрларни, китобхонга айтадиган муҳим гапларни қоғозга тушираётган санъаткорларимиздан бири — Ўзбекистон халқ артисти Лутфулла Саъдуллаевдир. Илгари мазкур муаллифнинг “Қисматим” ва “Ўкинч” китобларини мухлислар зўр қизиқиш билан кутиб олишганди. “Янги аср авлоди” нашриётида чоп этилган “Мени кечир” сарлавҳали китоб ҳам муштарий қалбидан жой олиши, шубҳасиз. Ушбу китоб бир қисса ва ўндан зиёд воқеий ҳикоялардан иборат.
Қиссада инсонлар ҳаётидаги чароғон ва булутли кунлар ниҳоятда қизиқарли баён этилган. Кўринишидан ҳамманинг ҳавасини келтирадиган зиёли йигит унаштирилган Баҳрихон деган қизни олиб қочади. Ҳали ҳаётнинг паст-баландини кўрмаган қизгина йигитнинг шоҳона турмуш ҳақидаги чўпчакларига лаққа тушади. Бевафо йигит кўп ўтмасдан юқори идорада ишлаётган каттаконнинг қизига уйланиб, имтиёзларга эга бўлади, Баҳрихонни тақдир ҳукмига ташлайди. Орада кўп сувлар оқиб, ниҳоят йигитнинг иккинчи “муҳаббати” “Бевафога” деб шеър ёзган шоирдан ажраб, Баҳрихонга чин ғамхўрлик кўрсатади, уни дастлаб унаштирилган йигити билан ҳаёт қуришига ёрдам беради. Бундай кутилмаган воқеалар қандай рўй берганлигини билмоқчимисиз, марҳамат, китобни ўқиб кўринг.
Китобдаги ҳамма ҳикоялар ҳаётда рўй берган воқеалар асосида ёзилган. Унда муаллиф ва у кишининг ҳаётдаги ҳамда саҳнадаги йўлдоши Гулчеҳра Саъдуллаевани эл-юрт назарига тушишларида сабабчи бўлган меҳрибон устозлар хизмати, эзгу мақсад йўлида қилинган фидойи меҳнатнинг қувончли самаралари, баъзан ҳасад деган иллат келтирган оқибатлар қоғозга туширилган.
Бу воқеалардан воқиф бўлар эканмиз, ўтган асрда саҳна санъатининг Ялангтўши Шукур Бурхоновнинг қанотли ибораси хаёлимизга келади. Санъатимиз дарғаси ижодининг энг гуллаган даврида телеэкран орқали “Шу йўлдан келдим, шу йўлдан кетай”, деган таъсирли сўзларни айтганди. Бунинг маъноси бутун умр ҳақиқатни, тўғри сўзни айтиб келдим, бировларга яхши кўриниш учун лаганбардорлик қилмадим, энди ҳам ана шу ақидамдан чекинмайман, деган ёрқин фикрни англатганди. Лутфулла Саъдуллаев ҳам ихлос қўйган устози изидан бориб, ҳамиша ҳақиқатни гапириб келган. Очиқдан-очиқ, рўй-рост чин сўз поймол бўлганда, сукут сақламаган, адолат тантанаси учун, керак бўлса, ҳайқирган. Ўз истеъдоди, муттасил меҳнатига ишониб, ғирромлик қилган раҳбарларнинг юз-кўзига ойна тутқазган. Нафақат саҳнада, саҳна сиртида ҳам сабоқ олган. Шундай кескин муомалага, ҳар қандай дипломатия йўлига юрмаганлиги учун турмуш ўртоғи Гулчеҳра Саъдуллаева севимли театрида ишламаётганини изоҳлайди. Ва кенг китобхонлар ҳузурида “Мени кечир” дея нидо қилади. Ана шу сўз китобга сарлавҳа бўлади.
Аслида Лутфулла Саъдуллаев ва Гулчеҳра Саъдуллаеванинг ибратли ҳаёти, бир-бирларига садоқати ҳар жиҳатдан намуна олгулик. Бу гапни шунинг учун айтяпмизки, баъзан “Даракчи” саҳифаларида эстрада оламига энди қадам қўяётган ёшлар эл кўзида катта тўй қилиб ҳаёт қуришаётганлиги, орадан кўп ўтмай арзимас сабаблар билан ажраб кетаётганлиги ҳақида ўқиб қоламиз. Оиладаги муҳитни бирдай сақлаш, ҳаётда дуч келган тўсиқларни сабр-матонат билан енгиб ўтишни ҳамма ҳам уддалайвермайди. Бунга қандай эришилаётганлиги тўғрисида мазкур китоб саҳифаларида аниқ жавоблар, ҳаётий сабоқларга асосланган мулоҳазаларни ўқиш мумкин.
Албатта, бошқа ҳикояларда ҳам ҳаётнинг турфа кўринишларига Лутфулла Саъдуллаев кўзи билан назар ташлаймиз. Уларни ажиб бир ҳаяжон, энтикиш билан ўқиймиз. Воқеалар ечимидан ўзимизга керакли хулоса, аниқроғи, сабоқ оламиз. Шундай бўлган бўлса, муаллиф ўз мақсадига эришибди, десак, фикримизга қўшиларсиз...
Шуҳрат ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг