Риштондаги мактабдан бошланган «яшил ташаббус» бутун туманга ёйилди

13:09 08 Май 2025 Жамият
171 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилояти Риштон туманидаги 7-умумтаълим мактаби педагогик жамоаси томонидан илгари сурилган инновацион ғоя тез орада бутун туман миқёсида кенг қўллаб-қувватланди. Гап шундаки, мактаб раҳбарияти фойдаланилгандан сўнг кўча-кўйга ташлаб кетиладиган пластмасса идишларни йиғиш учун улкан қути — пластик идиш шаклидаги махсус контейнер тайёрлади.

Ушбу ноёб қути ўқувчилар ва ота-оналар томонидан ҳам илиқ кутиб олинди. Энди мактаб ўқувчилари бўшаган пластмасса идишларни ахлатга ташлаш ўрнига бир жойга жамлашга одатлана бошлашди. Бу ташаббус болаларда экологик маданиятни шакллантириш, мактаб ҳудудини озода сақлаш ва қайта ишлашга йўналтирилган фаолликни оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

— Айни пайтда билим даргоҳида 1016 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади, — дейди мактаб директори Сайёджон Шаропов. — Ўтган қисқа вақт мобайнида бу тажриба кенг оммалашиб, тумандаги бошқа мактаблар жамоасидан буюртмалар тушмоқда. Ҳозирда махсус фан ўқитувчилари буюртма асосида ана шундай қутилар тайёрлаб беришяпти.

Йиғилган пластмасса идишларни улгуржи сотиб олувчилар ҳам пайдо бўлди. Яқингача чиқинди ҳисобланган буюмлардан фойда олиш имконияти вужудга келди.

Илк муваффақиятдан илҳомланган ўқитувчилар бу ташаббусни янада кенгайтиришга киришди. Энди қоғоз чиқиндилари учун ҳам махсус қути тайёрланаётир. У дастлаб мактабда синовдан ўтказилади, сўнгра бошқа таълим муассасалари учун ҳам тайёрлаб бериш режалаштирилган.

— Она табиатга меҳр, экологик мувозанатни таъминлаш шу каби кичик ва оддий одатлардан бошланади, — дейди ташаббускор мактаб директори. — Шу боис ўқувчиларимизга чиқиндини тўғри ва белгиланган жойга ташлаш, пластик маҳсулотлардан камроқ фойдаланиш, сув ва электр энергиясини тежаш, яшил майдонларни асраш ва кўпайтириш кўникмаларини ўргатяпмиз. Соғлом ва тоза муҳитда ўқиш янги авлодни она табиатга дўстона муносабатда бўлишга рағбатлантиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?