Рим папаси Франциск 88 ёшида вафот этди

13:15 21 Апрель 2025 Дунё
175 0

Рим папаси Франциск бугун, 21 апрель куни 88 ёшида вафот этди. Бу ҳақида «Vatican News» ўзининг Х саҳифасида маълум қилди.

Папа шу йилнинг 14 февраль куни нафас олишда қийналгани учун Римнинг Гемелли касалхонасига ётқизилган эди. Дастлабки текширувлардан сўнг, унда икки томонлама пневмония ҳамда енгил буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилган.

«Соғлиги ёмонлигига қарамай, Францискнинг кайфияти аъло даражада. У эрталаб эҳтиром маросимида иштирок этди. Кун давомида эса дам олиш, дуо ва китоб ўқиш билан шуғулланди», — деганди Ватикан маъмурияти вакили.

«Франциск жуда оғир аҳволда касалхонага олиб келинди. Унга янги қон қуйдик ҳамда сунъий кислород аппарати уладик. Шундан сўнг унинг аҳволи анча барқарор бўлди», — деб маълумот берган эди шифокорлар гуруҳи раҳбари.

Маълумотларга кўра, сўнгги вақтларда папанинг аҳволида ижобий ўзгаришлар кузатилган, шифокорлар унинг соғлиги борасида жиддий қайғуриб, мунтазам назорат қилиб борган.

«Сўнгги пайтларда менга кўплаб меҳр-муҳаббат хабарлари келди, айниқса, болаларнинг мактублари ва чизган расмлари мени ҳайратда қолдирди. Яқинлигингиз ҳамда тасалли дуоларингиз учун раҳмат. Бу менга куч беради», — дея баёнот берганди папа Франциск ўзининг сўнги чиқишида.

Маълумот учун, Франциск 2013 йилнинг 13 мартидан буён Рим папаси лавозимини эгаллаб келётганди. Ундан олдин Бенедикт XVI ушбу лавозимда бўлган ҳамда 2013 йил 85 ёшида истеъфога чиққанди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?