Равон йўллар обод манзилга бошлар
Хорижлик сайёҳлар эътирофи
Қай бир мамлакатга борманг, унга бериладиган биринчи баҳо йўл билан боғлиқ бўлади. Зеро, равон йўллар ободлик тимсолидир. Шу нуқтаи назардан олиб қарайдиган бўлсак, республикамизда, хусусан, Андижон вилоятида ҳам халқаро талаб даражасидаги қурилиш ишлари амалга оширилмоқдаки, буни ҳатто хорижлик сайёҳлар ҳам эътироф этяпти. Қувонарли жиҳати шундаки, бу каби саъй-ҳаракатлар натижасида нафақат марказий автомобиль йўллари, балки энг олис ички кўчалар ҳам равонлашиб, аҳолига қулай шароит яратилмоқда.
— Андижон вилоятида автомобиль йўллари тармоғининг узунлиги 13 минг 427 кмдан иборат бўлиб, шундан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари 2 минг 544 кмни, ички йўллар эса 10 минг 883 кмни ташкил этади, — дейди вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Мирзоҳид Нурматов. — Давлат дастурлари ҳамда ҳукуматимиз кўрсатмаларига асосан 2024 йилда 475,9 млрд. сўм маблағ ҳисобига 1520 кмдан ортиқ йўл асфальт қилинди. Шунингдек, 11 дона кўприкларни реконструкция қилиш ишлари бажарилди. Натижада 138 та маҳаллада истиқомат қилувчи 75,3 минг нафар аҳолига қулайлик яратилиб, автомобилларнинг хавфсиз ҳаракат қилиши таъминланди.
Бу каби хайрли ишларни амалга оширишда давлат дастурларининг аҳамияти катта бўлди. Уларнинг доирасида 215,3 млрд. сўм маблағ ҳисобига салкам 560 кмдан иборат автомобиль йўллари соз ҳолатга келтирилди. Натижада 272 та маҳалладаги 145 минг нафар аҳолига қулайлик яратилди.
Чекка қишлоқ йўли ҳам шаҳарникидан қолишмайди
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Йўл қурилиши билан боғлиқ ислоҳотлар аҳоли турмуш шароитини ҳам тубдан ўзгартириб юборди. Натижада энг чекка ҳудудлардаги маҳаллалар ҳам намунали манзилларга айланди. Бунинг учун 128,6 млрд сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, 1150 кмдан иборат йўллар асфальтланди.
— Хонадоним шундоққина дала бўйида жойлашган, — дейди Андижон туманидаги “Завроқ” МФЙда истиқомат қилувчи Асадилло Абубакиров. —Қолаверса, аҳоли сони кам бўлгани учун йўлимизда таъмирлаш ишларидан умид ҳам қилмай қўйган эдик. Буни қарангки, 2024 йилда кўчаларимиздаги ички йўллар бетонланиб, нафақат аҳоли, балки автомашиналар учун ҳам шароит яратилди.
Кўприклар — манзилларни бирлаштирувчи тугун
Кўприклар йўлларни ўзаро боғлаб турувчи тугунга ўхшайди. У туфайли манзилларгина эмас, балки кўнгиллар ҳам туташади. Шу боис вилоятдаги мавжуд 1 минг 72 дона кўприклар қайта назоратдан ўтказилиб, уларнинг сифат даражаси таҳлил қилинди. Шу орқали ортда қолган йил давомида 6,2 млрд. сўм маблағ ҳисобига 9 та кўприк таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Бу эса 392 тадан зиёд маҳаллалардаги 215 минг нафар аҳолига қулай шароит яратилишига сабаб бўлди.
— Хўжаобод ва Жалақудуқ туманларини ўзаро боғлаб турувчи “Оқбўйрасой” канали устидаги кўприк табиий офат натижасида яроқсиз ҳолга келиб қолган эди, — дейди Жалақудуқ туманида яшовчи Неъматжон Абдураҳмонов. — Натижада кўзланган манзилга етиш учун қўшимча 10 кмдан зиёд йўлни босиб ўтишимизга тўғри келди. Ҳозирда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бундан халқимиз миннатдор! Боиси, узоқларни яқинлаштирувчи бундай кўприклар муҳим аҳамиятга эга.
Янги манзилнинг янги йўли
Андижон тумани адирликларида барпо этилаётган “Янги Андижон” массиви мўъжазгина шаҳарчага айланди. Бу ерда аҳоли учун етарли шароитни яратиш мақсадида 10 кмдан зиёд асосий йўл қурилди.
— Йўлни жаҳон талабларига мос ҳолатда ташкил этиш мақсадида дастлаб 50 смдан иборат шағал ётқизилиб, қотирилди, — дейди Андижон йўллардан мунтазам фойдаланиш давлат муассасаси ходими Тоҳиржон Ўроқов. — Унинг устидан шебен ва шағал аралашмаси қопланди. Шундан сўнг 10 см катта ғовакли асфальт, унинг ҳам устидан 8 см қалинликдаги ўрта ғовакли асфальт ётқизилди. Ва ниҳоят сўнггида 5 смдан иборат майин ғовакли асфальт ётқизилди. Бундан ташқари, велосипед ва пиёдалар йўлаклари барпо этилди. Йўл четларига чироқлар ўрнатилиб, манзарали дарахтлар экилди. Йўл белгилари эса ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ушбу йўлнинг қурилиши нафақат “Янги Андижон”ликлар, балки Андижон туманида яшовчи Завроқ, Бўтақора, Хортум, Храбек, Жевачи қишлоқлари аҳолисининг ҳам узоғини яқин қилди.
— Вилоятдаги энг йирик савдо маркази бўлмиш “Жаҳон бозори” савдо мажмуасига бориш учун вилоят маркази орқали ҳаракатланар эдик, — дейди “Завроқ” МФЙда яшовчи Ботиржон Асронов. — “Янги Андижон” массивида барпо этилган янги йўл манзилимизни 20 кмга яқинлаштирди. Йўл жуда равон, текис эканлиги билан бизга манзур бўлмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, андижонликлар йўлсозлар хизматидан миннатдорлар! Зеро, сифатли, равон йўл ҳамиша обод манзиллар сари чорлайди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг