Қувондиқ Санақулов Навоийда ЎзЛиДеПдан Президентликка кўрсатилган номзоднинг ишончли вакили сифатида иш бошлади

17:14 21 Сентябр 2021 Сиёсат
425 0

Фото: ЎзЛиДеП матбуот хизмати

Навоий шаҳридаги «Каворкинг» марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар учун Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ЎзЛиДеПдан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятидаги ишончли вакили Қувондиқ Санақулов билан «Ишончли вакил ишининг бошланиши, унинг мақсад ва вазифалари» мавзусида ОАВ вакиллари, журналистлар ва блогерлар учун матбуот брифинги бўлиб ўтди. 

Бу ҳақда «Халқ сўзи»га ЎзЛиДеП Навоий вилояти Кенгаши матбуот котиби М. Пирнафасова маълум қилди.

Брифингни ЎзЛиДеП Навоий вилояти Кенгаши аппарат раҳбари М. Эшниёзов очиб, йиғилганларни Республика Президентлигига ЎзЛиДеПдан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилояти бўйича ишончли вакили, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Санақулов фаолияти билан таништирди ҳамда ишончли вакилларнинг ишлаш механизми тўғрисида маълумот бериб ўтди.

Шундан сўнг, Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили сўзга чиқиб, барчани сайлов жараёнларида ўз ваколати доирасида режалаштирган ишлари билан таништирди.

Шунингдек, ишончли вакил ўз сўзида режага кўра, жойларда, айниқса, энг чекка ҳудудларда аҳоли билан юзма-юз учрашувлар ташкил этиш, вилоятнинг бирор нуқтасини ҳам эътибордан четда қолдирмай, маҳаллама-маҳалла юриб ташвиқотлар ташкил қилиш, мамлакатнинг беш йиллик келажагини белгилаб бера оладиган кучга эга бўлган номзодлик дастурини жонли мулоқотлар орқали аҳолига етказиб бериш каби ишларни амалга ошириш белгиланганлиги тўғрисида аниқ маълумотлар берди.

— Бу менинг ишончли вакил сифатида иккинчи бор иш олиб боришим. Бу гал ўтган сафаргига нисбатан ҳам кучлироқ масъулият ҳис этяпман, — дейди Қувондиқ Санақулов. — Ишончли вакил сифатида аҳоли билан сайловолди учрашувлар жараёнининг ўзида бир йўла ечилмай қолган муаммолар, йўл қўйилган хатоларни ҳам бирдай ўрганиб бормоқчиман. Шу билан бирга аҳолини учрашувларга соҳаларга бўлиб жалб қилмоқчимиз. Яъни тадбиркорлар, тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар, талабалару, нуронийлар билан алоҳида-алоҳида мулоқотларга киришмоқчимиз.

Президентликка номзоднинг ишончли вакили ваколати доирасидаги масалаларни амалга ошириш бўйича иш режасини батафсил тушунтириш баробарида сайлов жараёнлари боришини қонун доирасида, шаффоф ва холисона ёритишда журналистлар ва блогерларни яқин ҳамкорликка чақирди.

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?