Қува туманида 15 гектарлик агрологистика марказининг тамал тоши қўйилди

10:09 04 Декабрь 2025 Жамият
92 0

Тантанали тадбирда Тошкент шаҳридаги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги биносидан видеоконференцалоқа орқали Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, шунингдек, Россия Федерациясининг Омск вилояти губернатори Виталий Хоценко иштирок этди.

Қува туманида барпо этилиши мўлжалланган ушбу йирик объектнинг очилишида хорижлик инвесторлар, туман ҳокимлиги масъуллари, тадбиркорлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари ҳам қатнашди.

— Ишонамизки, мазкур агрологистика маркази яқин истиқболда бутун Фарғона водийсига хизмат қиладиган йирик ҳудудий марказга айланади. Шу орқали юртимизда етиштирилган мева-сабзавотлар тўғридан-тўғри Россия ва жаҳон бозорларига етказилади, — деди очилиш маросимида сўзга чиққан Фарғона вилояти ҳокими. — Замонавий марказнинг ишга туширилиши фермер ва деҳқон хўжаликлари, боғбонлар, томорқа эгалари учун кенг имкониятлар яратади.

Маълумки, Қува туманида «Energy Land» МЧЖ томонидан барпо этилаётган мевани қайта ишлаш ва агрологистика маркази 15 гектар майдонда жойлашади. Лойиҳа доирасида йилига 20 минг тонна қувватга эга қайта ишлаш цехи, умумий сиғими 30 минг тоннали совутгич омборлари, меҳмонхона ва турли хизмат кўрсатиш инфратузилмалари барпо этилади. Марказ фаолияти йўлга қўйилгандан кейин 500 та янги иш ўрни яратилиб, йилига 100 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилиши режалаштирилган.

Омск вилояти губернатори Виталий Хоценко Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик ҳамкорлик изчил ривожланаётганини мамнуният билан таъкидлаб, Фарғона сархил мева-сабзавотлари ва тўқимачилик маҳсулотлари Россия бозорида катта талабга эга эканини қайд этди. Янги марказнинг иш бошлаши эса икки томонлама савдо имкониятларини янада кенгайтиришини таъкидлади.

Тадбир якунида Хайрулло Бозоров ва Виталий Хоценко онлайн тарзда лойиҳанинг бошланишига расман старт бердилар. Шу тариқа Қува туманида мевани қайта ишлаш ва агрологистика маркази учун рамзий рангда тамал тоши қўйилди.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер