Қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар ўз натижасини бермоқда
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Қурилиш — бу иқтисодиётнинг барча тармоқлари ривожланишига катта туртки берадиган муҳим соҳа. Кўплаб янги иш ўринлари яратилишида, аҳоли даромадлари яхшиланишида, айниқса, муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, янги йўллар, кўприклар, бинолар ва бошқа инфратузилма объектлари қурилиши иқтисодиётнинг барча тармоқларининг самарадорлигини оширади. Тармоқдаги фаоллик бошқа соҳалардаги талабни оширади, бу ишлаб чиқаришни кенгайтиришга ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга олиб келади. Шу боис охирги беш йилда бунёдкорлик ҳажми 2 баравар кўпайди. 650 миллион долларлик янги маҳсулотлар ўзлаштирилгани ҳисобига қурилишдаги импорт улуши 31 фоиздан 25 фоизга камайди. Қурилиш материаллари экспорт бозори кенгайиб, 58 тага етди. Хорижда 20 дан ортиқ савдо омбори, 50 дан зиёд дўконлар очилди. Бу йил экспорт миқдорини 1 миллиард долларга етказиш мўлжалланган.
Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 23 сентябрда қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари тармоғини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича ўтказган видеоселекторда мутасаддиларга сифатли қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш борасида аниқ вазифаларни белгилаб берганди. Бу йўналишдаги амалий ишлар Термиз шаҳрида ҳам сезиларли даражада ортмоқда.
— Термиз шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 2024 йилда умумий қиймати 718,6 миллиард сўм бўлган 51 та янги лойиҳа ишга туширилиши белгиланган, — дейди Термиз шаҳар ҳокимлиги инвестициялар, саноат ва савдо бўлими бошлиғи ўринбосари Мусирмон Темиров. — Бунинг эвазига 950 дан зиёд янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Бугунги кунда амалда 241,5 миллиард сўмлик 29 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 495 та янги иш ўринлари яратилди. Тўққиз ойлик якуни бўйича 37,7 миллион АҚШ доллари қийматидаги хориж сармоялари ўзлаштирилди. Йил якунигача қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга қаратилган қиймати 1,1 миллион АҚШ долларига тенг 7 та лойиҳа ишга туширилиши ва юздан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши ҳам режалаштирилган.
«Magnat Colours» МЧЖ амалга ошираётган умумий қиймати 20 миллиард сўмлик лойиҳанинг йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 10 миллиард сўмни ташкил қилади. Ўрта ҳисобда 3 миллиард сўм иқтисодий даромад оладиган корхонада 40 турга яқин сувли бўёқ ва кафеллар ишлаб чиқарилади. Айни пайтда корхонада ижтимоий дафтарда турувчи 30 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган. Ишчиларга қулайлик яратиш учун бепул транспорт хизмати ҳам йўлга қўйилган.
— Бугун шу соҳадаги тадбиркорларга, қурувчиларга яратиб берилаётган имкониятлар бизни қувонтирмоқда, — дейди корхона бош ҳисобчиси Эркин Хожиқулов. — Корхонамиз 2025 йилнинг декабрига қадар туркиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда йиллик қуввати 20 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга яна бир лойиҳани амалга оширилиш бўйича қизғин иш олиб бормоқда. Ушбу лойиҳа лак-бўёқ ишлаб чиқаришга қаратилган бўлиб, унинг амалга ошиши натижасида 30 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар хорижга экспорт қилиниши ҳам мўлжалланган.
Қурилиш объектларининг муҳим компоненти бўлган ойна маҳсулотлари илгари Сурхондарё вилоятига мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан олиб келинар эди. Бугунги кунда воҳанинг ушбу қурилиш маҳсулотига бўлган талаби шу ернинг ўзида қондирилмоқда.
— Қиймати 3 миллион АҚШ долларига тенг бўлган корхонамизнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 20 минг квадрат метрдан зиёд, — дейди «GLASS EXPO» МЧЖ раҳбари Ҳусан Музробов. — Бу ерда 50 тага яқин иш ўринлари яратилган. Хитой, Италиядан олиб келинган замонавий технология асосида юқори сифатли маҳсулотларимиз ички бозорга йўналтирилмоқда. Бизга берилаётган имкониятлардан фойдаланиб, келгуси йилда қўшимча қувватларни ишга тушириш орқали ишчиларимиз сонини 80 нафарга етказиш режалаштирилган. Қўшни Афғонистон ва Тожикистон билан ҳам қатор келишувларга эришилди. Маҳсулотларимиз яқин келажакда экспортга ҳам йўналтирилади.
Айни пайтда Термиз шаҳрида иккита — Ёшлик ва Каттабоғ маҳаллалари ҳудудида Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолият юритмоқда. Бу ерда ҳам импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Мисол учун, Тинчлик саноат зонасидаги лойиҳаларнинг молиявий динамикаси 778 минг АҚШ доллари тадбиркорнинг ўз қўйилмаси бўлса, 1 миллион 231 минг АҚШ доллари эса тижорат банкининг кредит линиясига тўғри келади. Лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида 465 нафар ёшлар ва аёллар дафтарларида рўйхатда турувчи фуқаролар доимий иш билан таъминланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- АҚШ молия вазири компьютерига хакерлар ҳужум қилди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ислам Махачевга Арман Царукян рақиблик қила олмайди. «UFC 311» олдидан содир бўлган нохуш хабарнинг барча тафсилотлари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг