Қозоғистон — Ўзбекистон: кўп асрлик дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда

10:57 07 Август 2024 Сиёсат
202 0

Суратда Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Бейбут Атамкулов

Қозоғистон ва Ўзбекистонни илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалувчи дўстлик ва биродарлик муносабатлари боғлаб туради. Томонлар иқтисодий ҳамкорлик ва маданий алмашинувларни фаол ривожлантирмоқда, бу эса икки мамлакат ўртасидаги иттифоқчилик мезонлари манфаатига мос келади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи олдидан мухбиримиз Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Бейбут АТАМКУЛОВ билан икки томонлама муносабатларнинг энг асосий жиҳатлари ҳақида суҳбатлашди.

— Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги давлатлараро ҳамкорликнинг бугунги ҳолатига қандай баҳо берасиз?

— Мамлакатларимиз ўтган йиллар мобайнида яхши қўшничилик ва биродарликка асосланган алоқаларнинг юқори даражасига эришди. 2022 йилнинг декабрида давлатларимиз ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзолангани бунинг яққол далилидир. Айтиш мумкинки, ушбу ҳужжат ўша даврда нафақат Қозоғистон ва Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёдаги яқин ҳамкорликнинг ёрқин исботи бўлди.

Мамлакатларимиз ўртасида узвий мулоқот йўлга қўйилган бўлиб, тўғридан-тўғри шериклик механизмлари мавжуд, улар сирасига Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия, Парламентлараро ҳамкорлик кенгаши, Минтақалараро ҳамкорлик форуми ва бошқа тузилмалар киради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида давлатлар раҳбарлари бошчилигидаги Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилиши кутилмоқда.

Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ўзаро муносабатларида савдо-сотиқ муҳим ўрин эгаллайди, у иқтисодий ҳамкорликнинг асоси бўлгани ҳолда ҳар икки мамлакатнинг ўсиши ва ривожланишини рағбатлантиради. Қозоғистон — Ўзбекистоннинг энг асосий савдо шерикларидан бири. Сўнгги беш йилда ўзаро савдо кўрсаткичи аҳамиятли даражада ўсиб 2022 йилда савдо айланмаси ҳажми 5 миллиард долларга етди. Бугунги кунда ҳукуматларимиз ушбу кўрсаткични икки баравар ошириб, 10 миллиард долларга етказиш устида фаол иш олиб бормоқда.

Ўтган йил охирида Марказий Осиё саноат кооперацияси халқаро маркази фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги битим имзоланган эди. Марказ ишлаб чиқариш корхоналарини рағбатлантириш, иш ўринлари яратиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, товарларни жўнатиш учун логистика хизматларини кўрсатиш каби йўналишларда ҳамкорликни таъминлайди.

Маданий-гуманитар соҳадаги алоқалар ҳам фаол ривожланмоқда. Айни даврда «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университетининг Қозоғистондаги филиалини ва Мухтор Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон университетининг Ўзбекистондаги филиалини очиш бўйича ишлар якунланди. Ишонамизки, ўзаро олий ўқув юртларини ташкил этиш маданий алоқаларни мустаҳкамлайди, таълим ва фан соҳасида янада чуқурроқ ҳамкорлик учун шароит яратади.

Умуман, Қозоғистон — Ўзбекистон ҳамкорлиги етарлича турли-туман соҳаларни қамраб олган. Савдо-иқтисодий муносабатларни юқори даражага кўтариш ҳамда олий таълим муассасаларининг филиалларини очишдан ташқари кўплаб масалалар бўйича ўзаро кооперацияни мустаҳкамлаш учун катта ишлар олиб борилмоқда.

— Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида тўхталиб ўтсангиз…

— Давлатларимиз раҳбарлари бошчилигида кўплаб масалалар бўйича Қозоғистон — Ўзбекистон муносабатларини мустаҳкамлаш борасида катта ишлар амалга оширилди. 2022 йил декабрда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланди ва у Қозоғистон — Ўзбекистон муносабатларини янги сифат босқичига олиб чиқди.

Расмий ва давлат ташрифларидан ташқари, Президентларимиз ўртасида ишчи учрашувларнинг янгича формати ҳам йўлга қўйилдики, уларда кундалик масалалар муҳокама қилинади. Ўтган йили илк шундай учрашув Чимкентда бўлиб ўтди, жорий йил апрелда етакчилар Хивада учрашди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи эса муҳим сиёсий воқелик сифатида икки томонлама узвий ҳамкорликка янги импульс беради.

Ўзбекистонда кузатилаётган юқори иқтисодий ўсиш суръатлари нафақат узоқдаги хорижий давлатларнинг сармоядорлари учун, балки Қозоғистон бизнеси учун ҳам янги имкониятларни очади. Бизнинг тадбиркорларимиз қизиқиши юқори эканини қуйидаги рақам ҳам тасдиқлаб турибди: ўтган йили Қозоғистонлик тадбиркорлар Ўзбекистондаги лойиҳаларга 86,2 миллион доллар миқдорида сармоя киритишди.

Қувонарлиси, ҳар икки давлат органлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот йўлга қўйилган бўлиб, улар мунтазам равишда ўзаро савдо муносабатларини енгиллаштириш ва бизнес юритиш йўлларини муҳокама қилиб туришади.

Яқинда ҳукуматларимиз раҳбарлари Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказди. Унда Қозоғистон — Ўзбекистон ҳамкорлигини янада ривожлантириш бўйича кўплаб масалалар кўриб чиқилди.

Айтиш жоизки, сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган умумий саъй-ҳаракатларимиз узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратади. Шундай қилиб, кўп асрлик дўстлик ва ҳамкорлик ришталари янада мустаҳкамланиб бораверади.

Аминманки, ўзаро қўллаб-қувватлов ҳамда қўшма лойиҳалар келгусида ҳам мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишини таъминлаб, халқларимизнинг янада яқинлашувига хизмат қилади.

— Ўзбекистонда элчи сифатида фаолият бошлаганингиздан буён сизда катта таассурот қолдирган нарса нима, деб ўйлайсиз?

— Биласизми, 2017 йилда Қозоғистон мудофаа ва аэрокосмик саноат вазири сифатида Ўзбекистонга ташрифимни яхши эслайман. Ўшанда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган ислоҳотларни амалга ошириш жараёни эндигина бошланган эди. 2022 йилнинг ноябрь ойида Қозоғистон Республикасининг элчиси этиб тайинланишим мазкур Ҳаракатлар стратегияси якунланган даврга тўғри келди ва беш йил давомида Ўзбекистонда амалга оширилган улкан ўзгаришларнинг гувоҳи бўлдим.

Шу даврда ҳаётнинг барча жабҳасини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган 300 га яқин қонунлар ҳамда Президентнинг 4 мингдан ортиқ Фармон ва қарорлари қабул қилинди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш борасида бажарилаётган ишлар янги Ўзбекистонни қуришнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиш имконини бермоқда.

Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, қулай сармоявий муҳит яратиш, бизнес юритиш имкониятларини ҳар томонлама кенгайтириш борасида салмоқли муваффақиятларга эришилди. Кейинги йилларда 60 миллиард доллардан ортиқ хорижий сармоя ўзлаштирилди. Ижтимоий соҳа ва инфратузилмани ривожлантиришга халқаро молия институтларининг 14 миллиард доллардан ортиқ маблағи жалб этилди.

Таъсирчан статистик кўрсаткичлар сезиларли ўзгаришлар ва қулай ишбилармонлик муҳити шаклланишидан далолат беради.

Ўзбекистон иқтисодиётида тобора муҳим ўрин тутаётган хусусий сектор ўсиб бораётганини кузатмоқдамиз. Янги, жумладан, хорижий инвесторлар иштирокидаги корхоналар, стартаплар пайдо бўлмоқда. Иқтисодий ўсиш ва ишбилармонлик фаоллигининг мультипликатив самараси аҳоли умумий фаровонлигининг ошиши ҳисобланади. Ўтган йили камбағаллик даражаси 11 фоизга камайгани эълон қилинган эди ва шу ўринда таъкидлашни истардимки, мамлакатингизнинг барча ҳудудида бу кўрсаткичнинг пасайиши кузатилди. Бу эса нафақат алоҳида саноат ҳудудларининг, балки барча ҳудуднинг бирдек ривожланганини англатади.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг жадал суръати ва кўлами ҳар қандай кишини ҳайратга солиши муқаррар.

Нурлан УСМОНОВ

(«Халқ сўзи») суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?