«Қўшкўприк» ва «Учкўприк»да сув билан таъминланганлик даражаси 100 фоизга етказилади

16:37 12 Август 2024 Жамият
252 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Андижон вилоятида ҳудудларни сувлаштириш, аҳолига тоза ичимлик суви етказиб бериш борасидаги ишлар янада жадаллашган. Жумладан, Олтинкўл туманидаги «Қўшкўприк» маҳалласида 1 та янги сув қудуғини ўрнатиш ва 3,1 км масофага қувур тортиш ишлари олиб борилмоқда.

— Ушбу манзилда учта сув қудуғи мавжуд бўлсада, сувлашганлик даражаси 70 фоизни ташкил этган эди, — дейди «Андижон сув таъминоти» АЖ бош муҳандиси Хумоюн Алимов. — Бунга маҳалла ҳудудининг кенгайиши ва аҳоли сонининг ортиши сабаб бўлмоқда. Ҳозирда мавжуд 5 та кўчадаги ҳар бир хонадонга сув жўмракларини олиб кириш орқали 5200 нафар аҳолининг тоза ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммолари ижобий ечим топмоқда.

Ана шундай бунёдкорлик ишлари Улуғнор туманидаги «Учкўприк» маҳалласида ҳам давом этмоқда. Бу ерда «Сапфир садаф» МЧЖ томонидан 9,4 км масофага қувур тортиш, 2 та мавжуд сув қудуғини таъмирлаш, 1 тадан янги сув қудуғи ва иншоотини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

— Ичимлик суви таъминотида камчиликлар бор эди, — дейди маҳалла фаоли Раҳматилло Тошпўлатов. — 1990 йилда ҳудудимизга янги сув қудуғи ўрнатилди. Орадан ўтган вақт мобайнида ичимлик сувига бўлган талаб ортди. Натижада сувни маълум масофадан ташиб келишга тўғри келди. Бугун маҳалламиздаги қурилиш ишлари ташвишларимизга барҳам бермоқда. Қувонарлиси, сув жўмраклари ҳар бир хонадонга сув ҳисоблаш ускунаси билан ўрнатиб берилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобга кўра, сув ҳисоблаш ускунаси ўрнатилгач, истеъмолчиларнинг фойдаланилган тоза ичимлик суви учун тўлови 5 баробарга иқтисод қилинмоқда.

Ҳар иккала маҳаллада олиб борилаётган сув бунёдкорлиги ишлари республикамиз мустақиллигининг 33 йиллик байрами арафасида тўлиқ фойдаланишга топширилади. Натижада ҳудудларни сув билан тахминлаш 100 фоизга етади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?