Қорақалпоқ қовунларининг мазаси оғзингизда қолади

14:55 21 Ноябрь 2024 Жамият
165 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Беруний тумани бир пайтлар «Кат», «Шаббоз» номлари билан аталган. Тарихий манбаларда қайд этилишича, Кат қалъаси IX-X асрларда шарқнинг гуллаб-яшнаган гўзал ва бой шаҳарларидан бири бўлган. У ерда етиштирилган қовунларнинг мазаси дунёнинг ҳеч бир мамлакатида учрамаслиги эътироф этилган. Усти қор ва музлар билан қопланган Шаббоз қовунлари махсус қўрғошин идишларда хорижий юртларга жўнатилган. 1333 йилда Хоразмга келиб кетган Ибн Баттутта ўз асарида Хоразм қовунларига махсус боб ажратади. Ибн Баттутта Ҳиндистонга борганида Хоразм қовунларига қойил қолганлигини айтади. Орадан бироз вақт ўтгач, Ҳиндистон ҳокими сайёҳга Хоразмдан келтирилган қовун қоқини тақдим этади.

«Минг эшитгандан бир кўрган афзал» деганларидек, қорақалпоқнинг қовунларини бир еб кўрган киши яна қайтиб келиши аниқ. Самарқанднинг нони ширин бўлса, қорақалпоқнинг қовуни мазали. Шукрки, кейинги йилларда Қорақалпоғистонда қовун етиштириш қайта жонланди. Беруний тумани «Шимом» маҳалла еттилиги ва нуронийлари ҳудудда имтиёзли кредит олиб, ўз фаолиятини бошлаган оилаларнинг шароитини ўрганмоқда.

— Аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсадида маҳалламиз еттилиги ҳар бир хонадонга кириб бормоқда. Муҳтож оилаларга субсидиялар, имтиёзли кредитлар ажратиб бермоқда, — дейди нуроний Нуриддин Хўжамуратов. — «Шимом» маҳалласидаги 50 та оила хонадонларининг том қисми шиферлаб берилди. 35 та ёш оилага 30 сотихдан ер ажратилди. Шулардан бири маҳалламиз фуқароси Мадияр Ботиров деҳқончиликдан яхши фойдаланиб, иссиқхонасидан мўл даромад топиб келмоқда.

— Оилавий дастурлар доирасида 2024 йилда 36 нафар фуқароларимизга 736 миллион сўм имтиёзли кредитлар берилди, — дейди Навоий овул фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Руслан Ешанов. — Маҳалламиз аҳолиси азалдан томорқасида сабзи етиштириш билан машҳур бўлган. Ҳозир 900 дан ортиқ хонадонларда сабзи етиштирилмоқда. Улар ўзлари етиштирган маҳсулотларини нафақат Қорақалпоғистон, балки Хоразм ва Бухоро вилоятлари бозорларига ҳам етказиб бермоқда.

— Ишсиз фуқаро сифатида давлатимиз томонидан ер берилиб, деҳқончилик қиляпмиз. Даромадимиз деҳқончиликдан, — дейди берунийлик Айгул Ибрагимова. — Айни пайтда етти минг дона қовун-тарвузларни қишга сақлаш учун омборхонага жойлаяпмиз. Уларни махсус ўсимлик пояси ёки ип орқали боғлаб баҳоргача сақлаймиз.

Мазкур туманининг Ибн Сино маҳалласидаги Руслан Рузимов 15 йилдан буён ёзда қовун экиб етиштиради. Куз, қишда қовун осиш юмуши билан шуғулланади. Жорий мавсумда у 15 минг дона қовун осибди. Қовунлар ўртача 4 килограммдан чиқади. 3 ойча сақлагандан сўнг килограммини 7 мингдан сотганида ҳам ўртача 850-900 миллион сўм соф даромад олади. Айни кунларда юзлаб қишлоқ аёллари қовун осиш юмуши билан банд. Улар ҳам мавсумий ишларда ишлаб, рўзғорини камини тўлдирмоқда.

Қовун ва тарвузларни қиш ва баҳор мавсумига сақлаш учун кўрилаётган тадориклар бозорларда бу маҳсулотнинг нарх-навоси барқарорлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади. Беруний қовунбозорларига йўлингиз тушса, беихтиёр севимли шоиримиз Ибройим Юсуповнинг шу сатрлари хаёлингизда айланади:

Шаббоз қовунлари ширин

Тотиб кўрсанг қонар меҳринг.

Гар истасанг боғ сайилин

Берунийнинг боғларида,

Кел, Беруний боғларига...

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?