Қорақалпоғистонда 648 нафар битирувчи олтин медаль билан тақдирланди

20:14 20 Июнь 2024 Жамият
131 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Нукус шаҳридаги Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида республикамиздаги мактабларда барча фанлардан аъло баҳоларда ўқиб, якунловчи имтиҳонларни муваффақиятли топширган битирувчи ёшларимизга олтин ва кумуш медалларини топширишга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, битирувчи ёшларни қўлга киритган муваффақияти билан табриклади. Жорий ўқув йилини аъло баҳоларга тугатаётган битирувчиларга олтин ва кумуш медалларни тантанали равишда топширди.

— Ўзбек тилидан фан олимпиадалари ва танловларда фаол иштирок этдим, — дейди Нукус шаҳридаги 37-мактабнинг битирувчиси, олтин медаль соҳибаси Нуржайна Орингалиева. — Яқинда ўзбек тили фани бўйича ўтказилган фан олимпиадасида Ўзбекистон миқёсида биринчи ўринни эгаллаб, олий ўқув юртларига имтиҳонларда ўзбек тили фанидан энг юқори балл олиш имкониятига эга бўлдим. Ўқиш билан бирга, шеър ёзаман. Бир неча чет давлатлардаги журналларда ижодий машқларим нашр этилди. Шунингдек, Қозоғистон Республикаси «Қўшқанот» халқаро ижодий уюшмасининг ҳамда «Ўзбекистонда олий таълим» журналининг рағбатлантирувчи медаллари билан тақдирландим.

Маълумот учун: Қорақалпоғистон Республикасида жорий ўқув йилида 648 нафар битирувчилар олтин медаль билан тақдирланди. Шунингдек, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10 ва 11- синфларини ҳамда академик лицейларнинг курсларида барча фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган 188 нафар битирувчилар кумуш медаллар эгасига айланди.

Тадбир санъат ва маданият ходимлари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?