Қўқон ҳолваси билан машҳур Тошкентлигузар

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Тарихий манбаларга қараганда, Қўқон шаҳридаги «Тошкентлигузар» маҳалла фуқаролар йиғини ўз даврида Қўқон хонларининг ҳордиқ масканларидан бири бўлган. Гўзал табиати, зилол сувлари, тадбиркор ва уддабурон инсонлари билан танилган. Ушбу маҳалла бугунги кунда ҳам Фарғона вилоятининг энг обод ва фаровон масканларидан биридир.
Яқин йилларда «Обод қишлоқ» дастури доирасида маҳалла замонавий ва кўркам қиёфага эга бўлиб, коммуникация тармоқлари тўлиқ янгиланди. Маҳалла ҳудудидаги мактаб ва боғча, «Асқар Маҳмуд буво» зиёратгоҳи мукаммал таъмирдан чиқарилди. Шу билан бирга, 40 га яқин хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари ташкил этилди.
— Айни пайтда ҳудуддаги 1182 та оилада 4 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, — дейди «Тошкентлигузар» МФЙ раиси Акбархўжа Турсунов. — Қандолатчилик ва деҳқончилик маҳалла драйвери ҳисобланади. Юртимизда машҳур Қўқон ҳолваси асосан маҳалламиздаги оилалар томонидан тайёрланади. «Меҳригиё» экотуризм маскани ҳам айнан, бизнинг маҳаллада жойлашган. Аҳоли тасарруфидаги 18,6 гектар томорқа ерларидан йилнинг тўрт фаслида ҳам даромад олинмоқда.
Бугунги кунда Қўқон ҳолваси нафақат мамлакатимиз, балки қўшни республикалар, ҳатто АҚШгача экспорт қилинмоқда. Қўли гул чеварлар томонидан тикилаётган кенг турдаги маҳсулотлар ҳам жаҳон бозорида харидоргир. Қувонарлиси, мазкур маҳалла вилоятда биринчилардан бўлиб ишсизликдан холи ҳудуд сифатида эътироф этилган.
— Ҳозирда маҳаллада 130 га яқин тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатади, — дейди ҳоким ёрдамчиси Мансурхўжа Комилов. — Кейинги уч йилда аҳоли даромади ва фаровонлигини янада яхшилаш мақсадида 110 та оилага 3 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Бу йил 60 та микролойиҳалар шакллантирилиб, ўтган даврда 20 та лойиҳага 1,5 миллиард сўмдан кўпроқ кредит ажратиб берилди.
Айни пайтда «маҳалла банкири» ташаббуси бўйича АТБ «Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан бириктирилган вакил билан ҳамкорликда янги-янги истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш чоралари кўрилмоқда. Бундан кўзланган мақсад маҳалладаги ҳар бир оиланинг ўз бизнеси гуллаб-яшнашига кўмаклашишга қаратилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг