Қонунчиликка коррупцияга қарши халқаро стандартлар жорий этилмоқда

18:23 10 Июнь 2021 Жамият
391 0

Бу ҳақда яқинда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда «Минтақавий мулоқот» нодавлат халқаро ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган давра суҳбатида ташкил этилди.

Унда коррупцияга оид қонун ҳужжатлари лойиҳаларини халқаро ва миллий экспертлар ўртасида муҳокамадан ўтказиш ҳамда халқаро стандартларга мослигини аниқлаш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати хабар берди. 

Тадбирда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ОЭСР) экспертлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мутахассислари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги 5 йил давомида давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган 70 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Бу борада ташланган энг муҳим қадам – Президентимиз томонидан «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг имзолагани бўлди. 2017 йилда қабул қилинган ушбу қонун билан «коррупция», «коррупциявий ҳуқуқбузарликлар», «манфаатлар тўқнашуви» каби тушунчаларга таъриф берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан тасдиқланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурлари доирасида «Давлат харидлари тўғрисида»ги, «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги, «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунларнинг қабул қилиниши билан коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди.

Анжуманда коррупцияга қарши курашишни концептуал жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилувчи «Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида»ги, «Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулки ва манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Мазкур қонун лойиҳалари 2020 йил 29 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.

«Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантирувчи махсус ваколатли идоранинг асосий фаолият йўналишларини белгиловчи ҳужжат бўлиб, унда:

— коррупцияга қарши курашиш агентлигининг мақоми ҳамда фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва асосий принциплари;

— Агентликнинг давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат сектор вакиллари ва фуқаролар билан ҳамкорлиги ўз аксини топган.

Шунингдек, Агентликнинг давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш ва манфаатлар тўқнашувини ҳал қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси самарадорлигини таъминлаш, давлат харидлари ва бюджет маблағларидан фойдаланиш, халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатларнинг кредитлари, давлат активларини сотиш жараёнида коррупцияга қарши назорат тизимини жорий этиш ва унинг самарадорлигини таҳлил қилиш бўйича вазифалари, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар юзасидан маъмурий суриштирув ўтказиш тартиби белгилаб берилмоқда.

«Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулкини декларация қилиш ва манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун лойиҳасида қуйидаги масалалар тартибга солиниши белгиланмоқда:

• давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш ҳамда манфаатлар тўқнашуви соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг умумий қоидалари;

• давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулки тўғрисида декларацияларни тақдим этиш ва уларни эълон қилиш тартиби;

• давлат хизматида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни ҳал қилишнинг механизмлари;

• давлат хизматчисининг вазифаларини бажариш вақтидаги тақиқлар;

• совғалар олиш ва бериш билан боғлиқ чекловлар.

Қонун лойиҳалари маҳаллий экспертлар билан бир қаторда, халқаро ташкилотлар, хусусан, Жаҳон банки, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон банки ва «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат ташкилоти экспертларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари асосида ишлаб чиқилгани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, мазкур қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда Европа Иттифоқи, Шимолий ва Жанубий Америка, Жанубий-шарқий Осиё ҳамда МДҲ мамлакатлари тажрибалари асосида такомиллаштирилгани қайд этилди..

Муҳокамалар давомида депутатлар, сенаторлар, илмий доира вакиллари, шунингдек, халқаро экспертлар томонидан билдирилган фикрлар асосида қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, жумладан, коррупцияга қарши халқаро стандартлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг тавсияларини инобатга олган ҳолда янада такомиллаштиришга келишиб олинди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?