Марказий Осиё янги давр остонасида

10:06 13 Ноябрь 2025 Сиёсат
168 0

Марказий Осиё ўз тараққиётининг янги, тарихий аҳамиятга молик босқичига қадам қўймоқда. Бугун биз чинакам бирдамлик босқичига ўтяпмиз. Бизнинг минтақамизда узоқ йиллар давомида илк бор биргаликда олдинга қараб боришимиз учун пойдевор бўлиб хизмат қилаётган ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳурмат муҳити шаклланмоқда.

Бу — ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган жараён эмас, балки умумий тақдири ва биргаликда тараққий этиш салоҳиятини англаб етган мамлакатларимиз етакчиларининг аниқ мақсадга қаратилган саъй-ҳаракатлари ва сиёсий иродаси натижасидир. Айни пайтда бу жараён ўзаро ишонч муҳитида тобора қизғин тус олаётгани Марказий Осиё мамлакатлари халқлари томонидан қўллаб-қувватланаётган минтақавий ҳамкорлик кенг кўламдаги заруратга айланганидан далолатдир.

Ҳамкорлигимизни минтақавий яқинлашувнинг янги босқичига олиб чиқиш учун давлатларимиз даражасида шароит яратилганини кўриб турибмиз. Олдимизда эришилган келишувларни фуқаролар ва бизнес учун аниқ натижа ва қулайликларга айлантиришдек стратегик вазифа турибди. Марказий Осиё қарорлар шунчаки ҳужжат сифатида эмас, балки минтақа мамлакатларида барқарор ривожланишни таъминлаш ва одамларнинг кундалик ҳаётини яхшилаш учун қабул қилинадиган, имкониятлардан биргаликда фойдаланиладиган умумий маконга айланиши керак.

Нисбатан қисқа муддатда минтақавий ҳамкорлик ва ишончли мулоқотнинг самарали механизмига айланган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақамизда бўлаётган ўзгаришларнинг ёрқин тимсолидир. Ушбу учрашувлар Марказий Осиёнинг бугунги тараққиёти ва келажагига дахлдор стратегик масалалар бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун асосий мулоқот майдони сифатида шаклланди.

Бўлажак Тошкент саммити барқарор, ўзаро боғлиқ ва фаровон Марказий Осиёни биргаликда барпо этишда янги муҳим босқични бошлаб беради.

Давлат раҳбарларининг Тошкентдаги учрашуви биз бошлаган йўлнинг давоми сифатида мамлакатларимизнинг ўзаро англашув ва шериклик руҳига содиқлигини тасдиқлаши, минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришда туб бурилиш ясаши керак.

Жаҳон тартиботининг кенг кўламда трансформацияга учраши, глобал иқтисодиётни парчалашга қаратилган хатарлар, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларнинг кескинлашиб бораётгани саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш йўлидаги интилишимизни кучайтирди.

Буларнинг барчаси Марказий Осиё давлатларидан янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилишни тақозо этади. Айнан шунинг учун ҳам бугунги кунда ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаш шунчаки сиёсий мақсад эмас, балки стратегик заруратдир. Марказий Осиё барқарорлик ва бунёдкорлик ҳудудига, минтақавий ўзаро боғлиқлик барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётганининг намунасига айланди.

Маслаҳат учрашувлари формати йўлга қўйилган 2017 йил минтақавий ҳамкорлик тарихида туб бурилиш ясади. Минтақа етакчилари кўп йиллар мобайнида биринчи марта ташқи воситачиларсиз тизимли ва мунтазам мулоқотни бошладилар. Бу ишончга, очиқлик ва умумий манфаатларни англашга асосланган янгича сиёсий тафаккур рамзига айланди. Айнан Маслаҳат учрашувлари доирасидаги мулоқот туфайли эски даврдан қолган бир қатор келишмовчиликларни бартараф этиш ва ишончсизликдан ҳақиқий ҳамкорликка ўтишга эришилди.

Минтақавий ҳамкорлик борасида бошланган янги босқичнинг энг муҳим ютуқларидан бири — чегара масалалари узил-кесил ҳал этилганидир. Яқин-яқингача имконсиз туюлган бу муаммонинг ечими бугун реал ҳолатга, бир пайтлар бизни ажратиб турган чегаралар эса дўстлик ва ҳамкорлик кўпригига айланди. 2025 йил март ойида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида уч давлатнинг чегаралари туташган нуқта тўғрисидаги Шартнома ва Хўжанд декларациясининг имзолангани тарихий аҳамиятга молик ҳодисадир. Буни ҳақли равишда оламшумул воқеа, деб аташ мумкин.

Минтақа мамлакатларининг мустақил ривожланиш тарихида илк бор ўзаро чегараларнинг барчаси ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилди, ўнлаб йиллар давомида кескинлик манбаи бўлиб келган масалага нуқта қўйилди.

Шу йил октябрь ойида бўлиб ўтган Фарғона тинчлик форуми мамлакатларимизнинг Фарғона водийсида тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга бўлган ўзаро интилишининг яққол амалий тасдиғи, Марказий Осиёда кечаётган бунёдкорлик жараёнларининг ифодаси бўлди.

Илгари кескин келишмовчилик ва зиддиятларга сабаб бўлиб келган сув-энергетика соҳасида ҳам принципиал ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасини биргаликда амалга ошириш тўғрисидаги битим минтақанинг сув-энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш амалиётида янги саҳифа очгани қардошларча ҳамкорликнинг ёрқин далилидир.

Тошкент ва Бишкек ўртасида Чашма булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги келишув оқилона муросага мисол бўла олади.

Ўзбекистон ва Тожикистон иштирокида Зарафшон дарёсида Ёвон ва Фондарё ГЭСларини қуриш бўйича ҳамкорлик олдинга силжимоқда, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон ўртасида Баҳри Тожик сув омборини вегетация даврида келишилган тартибда ишлатиш бўйича келишувларга эришилди.

Туркманистон билан ҳукуматлар-аро битим доирасида Амударё сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича келишувга эришилди. Бу сув ресурсларини биргаликда бошқаришни яхшилайди ҳамда экологик муаммолар хавфини камайтиради.

Буларнинг барчаси ишонч, ўзаро манфаатдорлик ва умумий ресурсларга адолатли ёндашувга асосланган янги ҳамкорлик руҳини шакллантирмоқда. Бундай лойиҳалар аҳолининг иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш ва минтақанинг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очмоқда.

Шу билан бирга, чегара тартиб-таомиллари ва гуманитар алоқалар соҳасида жиддий ўзгаришлар рўй бермоқда. 2023 йил сентябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ID-карталар асосида чегарадан ўтаётгани одамларнинг эркин ҳаракатланиш ҳудудини шакллантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Қозоғистон ва Тожикистон билан ҳам шундай келишувлар ишлаб чиқилмоқда. Ҳудудлар ўртасидаги алоқалар кенгаймоқда, чегараолди савдо ҳажми ошмоқда, гуманитар ва маданий алоқалар мустаҳкамланмоқда.

Ҳамкорликни институционал жиҳатдан расмийлаштириш бўйича қадамлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу борада 2023 йилда Душанбе шаҳрида ўтказилган бешинчи Маслаҳат учрашувини қайд этиш лозим.

Мазкур учрашувда давлат раҳбарларининг келишувларини тайёрлаш ва амалга оширишнинг доимий механизми сифатида Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгашини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу механизмнинг ишга туширилиши Маслаҳат учрашувлари форматига тизимли тус бериш ва биргаликда илгари сурилган ташаббусларни амалга оширишда изчилликни таъминлаш имконини берди. Шунингдек, парламентлараро мулоқот ва Хавфсизлик кенгашлари котиблари даражасида мунтазам учрашувлар йўлга қўйилган.

2022 йилда бўлиб ўтган Чўлпонота учрашуви якунлари бўйича суверен тенглик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва минтақа келажаги учун биргаликдаги масъулият тамойилларини мустаҳкамлаган XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадларида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши шартномавий-ҳуқуқий базани янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. 2025 йилда Тожикистоннинг бу ҳужжатга қўшилгани минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Биз ушбу қарорни олқишлаймиз ҳамда яқин истиқболда Марказий Осиёда ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳини узил-кесил мустаҳкамлашга хизмат қиладиган мазкур шартнома минтақанинг барча давлатлари томонидан имзоланишини кутиб қоламиз.

2022 йилда давлат раҳбарлари томонидан Марказий Осиё давлатларининг кўп томонлама форматлар доирасидаги ҳамкорлиги концепцияси ҳам тасдиқланди. Унда минтақа мамлакатлари халқаро платформаларда, жумладан, “Марказий Осиё плюс” форматларида ўзаро мувофиқ ҳолда ҳаракат қилишининг йўналишлари белгилаб олинди.

2024 йилда Остона саммитида қабул қилинган “Марказий Осиё — 2040” минтақавий кооперацияни ривожлантириш концепцияси муҳим дастурий ҳужжат бўлди. Унда минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва мамлакатларимиз тараққиётига қаратилган ҳамкорликнинг узоқ муддатли устувор йўналишлари мустаҳкамлаб қўйилди.

Шу тариқа кўп қиррали ўзаро ҳамкорлик архитектурасини барпо этар эканмиз, ривожланиш учун улкан манбаларни кашф этдик.

Давлатларнинг саъй-ҳаракатлари билан минтақада янги иқтисодий воқелик шаклланмоқда. Сўнгги саккиз йил давомида Марказий Осиё мамлакатларининг ялпи ички маҳсулоти қарийб икки ярим баробар ўсиб, 520 миллиард долларга, ташқи савдо ҳажми эса икки каррадан зиёд кўпайиб, 253 миллиард долларга етди. Шу билан бирга, минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2 марта ошиб, қарийб 11 миллиард долларга, ўзаро инвестициялар эса 5,6 баробарга етди. Биргина мамлакатимизни оладиган бўлсак, Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2016 йилдаги 2,4 миллиард доллардан 2024 йилда 7,2 миллиард долларга етди, қўшма корхоналар сони эса 1800 дан ошди.

Саноатда Марказий Осиё барқарор равишда йилига 6 фоиз атрофидаги ўсишни намойиш этмоқда, бу жаҳондаги ўртача ўсиш суръатидан икки карра юқори. Бундай муваффақият ишлаб чиқариш кооперациясининг янги шаклларини йўлга қўйиш — қўшма инвестиция фондларини (жумладан, Ўзбекистон — Қирғизистон, Ўзбекистон — Тожикистон ва Қозоғистон — Қирғизистон) ташкил этиш, автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ. Минтақа мамлакатлари томонидан тасдиқланган 2025 — 2027 йилларда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар режаси ҳамкорликнинг муҳим воситасига айланмоқда. Кичик ва ўрта бизнеснинг ўсишига кўмаклашадиган чегараолди савдо зоналари ва халқаро саноат кооперацияси марказлари фаол ривожланмоқда.

Гуманитар соҳада ҳам кейинги йилларда алоқалар мустаҳкамланмоқда. Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти ва Ёшлар платформаси таъсис этилди, 2022 йилдан бошлаб ректорлар ва олимлар форумлари ўтказилмоқда, ўзаро маданият йиллари, кўргазмалар, концертлар ва спорт тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда.

Энг муҳими, қардош халқларимиз бўлаётган барча ижобий ўзгаришларни ўз кундалик ҳаётида ҳис этмоқда. Янги ўтказиш пунктлари очилгани, авиақатновлар, темир йўл ва автобуслар йўналишлари йўлга қўйилгани ўзаро борди-келдиларни бир неча бор ошириш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш имконини берди. Минтақа мамлакатларининг умумий сайёҳлик оқимида ички минтақавий туризмнинг улуши 80 фоиздан ошди.

Яқин-яқингача орзу бўлиб туюлган эркин ҳаракатланиш, ўзаро ҳурмат, яқинлик ва ишонч туйғуси бугун амалдаги ҳақиқатга айланмоқда.

Аста-секин Марказий Осиёнинг янги минтақавий ўзига хослиги вужудга келмоқда. Бу фарқли жиҳатларимизни эътироф этиш ва айни пайтда халқларимизнинг умумий тарихи, муштарак маданиятини, тақдирларимиз ўзаро боғлиқ эканини чуқур англашга асосланади. Қўшничилик — хавф эмас, имконият, бир тарафнинг муваффақияти — барчанинг ютуғи, деган ягона минтақавий маконга мансублик ҳисси шаклланмоқда.

Мана шундай ишонч, ўзаро англашув ва умумий келажак руҳи бугунги кунда минтақавий жипслашувни янада мустаҳкамлаш, яъни барқарор ва ўзаро боғлиқ, фаровон Марказий Осиёни биргаликда барпо этиш бўйича Марказий Осиё жараёнини бошлаш учун энг муҳим таянч асосдир.

Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати ўз саъй-ҳаракатларини иқтисодиётни ривожлантириш, ишончни мустаҳкамлаш ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга йўналтириш орқали минтақамиз барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлашга сезиларли ҳисса қўшмоқда.

Қозоғистон транспорт йўлакларини фаол ривожлантирмоқда, чегара пунктларини модернизация қилмоқда, савдо тўсиқларини бартараф этмоқда ва маданий-гуманитар алмашинув бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда. Қирғизистон ва Тожикистон музликларнинг эриши билан боғлиқ масалаларда изчил ҳамкорлик қилмоқда, энергетика тизимларини модернизация қилиш ва транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда. Туркманистон тинчлик ва ишончни мустаҳкамлаш, минтақанинг транспорт-транзит салоҳиятини ошириш, БМТнинг Орол ҳавзаси ва иқлим технологиялари бўйича дастурини қабул қилишга доир муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда.

Амалий ҳаракатларимиз, келажак учун масъулиятимиз, яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро манфаат тамойилларига содиқлигимиз шуни исботлади: Янги Марказий Осиё тинчлик, барқарор тараққиёт ва яратувчан шериклик йўлини танламоқда. Рамзий маънода айтганда, биз девор эмас, кўприк барпо этмоқдамиз.

Минтақавий жипслашув борасидаги ютуқлар туфайли бугунги кунда Марказий Осиё халқаро муносабатларнинг ўз манфаатлари ва тараққиёт йўлларини аниқ тасаввур этадиган мустақил ва масъулиятли иштирокчиси сифатида қарор топди.

“Марказий Осиё плюс” ҳамкорлик форматлари минтақанинг халқаро ҳуқуқий субъект сифатидаги мавқеи кучайиб бораётганининг ифодаси ҳамда барқарорлик ва тараққиётнинг муҳим маркази сифатидаги ролининг эътирофи бўлди.

Илгари ташқи ҳамкорлар алоқаларни, асосан, икки томонлама асосда қурган бўлса, бугунги кунда дунёнинг етакчи давлат ва бирлашмалари Марказий Осиё билан муносабатларни яхлит минтақавий шерик сифатида ривожлантирмоқда.

Бу минтақанинг бошқа ҳамкорлар билан муносабатларини янги босқичга олиб чиқади: Марказий Осиё ташқи ҳамкорлар билан халқаро муносабатларнинг ягона субъекти сифатида мулоқот қилса, унинг овози баландроқ ва ишончлироқ янграйди, позициямиз кучлироқ бўлади, инвестицияларни жалб этиш, бошқа мамлакатлар билан барча йўналишларда ҳамкорликни кучайтириш бўйича вазифаларни янада самарали ҳал қила оламиз.

Дунёга очиқлигимиз, ниятларимизнинг шаффофлиги ва мулоқотга мойиллигимиз халқаро майдонда Марказий Осиёни янгича қабул қилиш учун асос бўлди.

Айни пайтда Марказий Осиёни дунёнинг етакчи давлатлари ва бирлашмалари билан боғлайдиган ўндан ортиқ “Марказий Осиё плюс” форматлари фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг ўзида “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи”, “Марказий Осиё — Хитой”, “Марказий Осиё — Россия” ва “Марказий Осиё — АҚШ” саммитлари бўлиб ўтгани минтақанинг глобал сиёсатдаги шиддати ва стратегик аҳамияти ортиб бораётганини тасдиқлайди.

Янгидан-янги “Марказий Осиё плюс” мулоқотлари давлат раҳбарлари даражасига кўтарилаётгани уларнинг амалий аҳамияти ва сиёсий қиммати ортиб бораётганидан далолат беради. Бир қатор форматларда эса энергетика, транспорт, “яшил” иқтисодиёт ва рақамлаштириш соҳаларида аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳ ва котибиятлар ташкил этилмоқда.

Афғонистон билан боғлиқ масалаларни ҳал этмасдан туриб, минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаб бўлмайди. Бу мамлакат умумий минтақамизнинг бир чеккасида эмас, балки унинг табиий бир қисмидир. Бутун Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликнинг мустаҳкам бўлиши кўп жиҳатдан Афғонистоннинг тикланиши ва ривожланишига боғлиқ.

Афғонистоннинг жафокаш халқи чуқур гуманитар инқироз шароитида яшашда давом этмоқда. Шу муносабат билан минтақа мамлакатлари Афғонистонни минтақавий ва халқаро жараёнларга изчил жалб этиш зарурлигидан келиб чиқмоқда. Бу эса ушбу мамлакат тараққиёти ва кенг минтақамизда барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайдиган Трансафғон темир йўлини барпо этиш муҳим аҳамиятга эга. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши савдо, инвестициялар ва транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик учун янги имкониятлар яратади, шунингдек, Афғонистоннинг иқтисодий тикланиши учун асос бўлиб хизмат қилади.

Шу билан бирга, афғон халқига гуманитар ва таълим борасида ёрдам кўрсатиш, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари учун мутахассислар тайёрлаш ишлари давом этмоқда.

Афғонистон умумий тинчлик ва хавфсизлик, ҳамкорлик ва тараққиёт маконининг бир қисмига айланиши лозим. Бу минтақанинг барча мамлакатлари манфаатларига жавоб беради ҳамда Марказий Осиёнинг жанубий сарҳадларида барқарорлик белбоғини шакллантиришга хизмат қилади.

Юқорида айтиб ўтилганидек, бугунги кунда Марказий Осиё ўз жадал тараққиётининг янги босқичига қадам қўймоқда. Биз икки томонлама масалаларни ҳал этишдан иқлим ўзгариши, энергетика соҳасидаги ўтиш, сув ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, рақамли технологияларни ривожлантириш каби асосий минтақавий таҳдидларга биргаликда ечим топиш сари бормоқдамиз. Мамлакатларимиз олдида умумий масъулият, ўзаро ишонч ва келажагимиз ҳақидаги якдил тасаввурга асосланган ҳамкорликнинг янги уфқлари очилмоқда.

Шу муносабат билан Марказий Осиё яқин ўн йилликларда қандай ривожланади, деган принципиал саволга биргаликда жавоб беришимиз зарур.

Марказий Осиё аҳолиси 80 миллионлик маррадан ўтиб бўлди, БМТ прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб бу кўрсаткич 100 миллиондан ошади. Шунингдек, Марказий Осиё дунёнинг энг ёш минтақаларидан бири бўлиб, аҳолисининг ўртача ёши атиги 29 ёшни ташкил этмоқда.

Олдимизда ушбу демографик ресурсни тараққиёт ва инновациянинг қудратли омилига айлантириш, ёшларимизнинг истеъдоди ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шароит яратиш вазифаси турибди.

Айни пайтда мамлакатларимизнинг ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш суверенитет, тенг ҳуқуқлилик ва ички ишларга аралашмаслик борасидаги мустаҳкам пойдевор асосида амалга оширилиши лозим, деган вазмин ёндашувини қайд этиш муҳимдир. Ҳеч ким минтақа мамлакатларига бегона моделларни тиқиштирмаслиги ёки миллий тузилмалардан устун турадиган тузилмаларни яратмаслиги лозим.

Марказий Осиёдаги ҳамкорлик ихтиёрий, прагматик ва мамлакатларимиз халқларига фойда келтирадиган реал натижаларга йўналтирилган бўлиб қолиши керак.

Ҳозирги босқичда олдимизда ўта муҳим масалалар турибди, минтақамизнинг барқарорлиги ва ривожланиш суръатлари уларнинг ҳал этилишига боғлиқ.

Биринчидан, минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришни давом эттириш — мавжуд механизмларни мустаҳкамлаб, уларга барқарор тус ва амалий маъно-мазмун бағишлаш зарур. Охир-оқибатда самарали минтақавий институтларсиз ҳамкорликни тизимли ривожлантириш ва қабул қилинаётган қўшма қарорларни сифатли амалга оширишни таъминлаб бўлмайди.

Иккинчидан, хавфсизлик соҳасидаги мақсадимиз — таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича умумий салоҳиятни шакллантиришдан иборат. Хавфсизлик кенгашлари котиблари, махсус хизматлар, мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарларининг мунтазам учрашувларини давом эттириш лозим. “Хавфсизликнинг бўлинмаслиги” принципи асос бўлиб қолиши керак. Айни пайтда минтақавий ҳамкорлик амалдаги халқаро механизмлар билан узвий боғлиқ бўлиши, барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатлар ва умуман, минтақа хавфсизлигига нисбатан таҳдидларнинг кенг доирасига қарши туриш бўйича ўз салоҳиятини шакллантириши лозим.

Учинчидан, иқтисодий соҳада ички минтақавий савдони ривожлантириш, чегаралардан ўтиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва ўзаро инвестициялар учун қулай шароитлар яратиш муҳимдир. Саноат кооперациясини фаоллаштириш, минтақавий ва ҳудудлараро етказиб бериш занжирларини шакллантириш, чегараолди савдо зоналарини ривожлантириш, транспорт ва иқтисодий йўлаклар тармоғини кенгайтириш, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш зарур.

Ҳамкорликнинг экологик жиҳатига — иқлим ўзгаришларига мослашиш, трансчегаравий сув ресурслари ва биологик хилмахилликни асраш, “яшил” энергетика ва кам углеродли технологияларга ўтиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

Марказий Осиё барқарор экологик ривожланиш минтақаси ва атроф-муҳитга масъулиятли муносабатнинг намунаси бўлишга қодир ва шундай бўлиши керак.

Тўртинчидан, гуманитар ҳамкорлик устувор йўналиш бўлиб қолмоқда. Инсон капиталини ривожлантириш, таълим, илм-фан ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш марказий вазифадир. Умумий ахборот маконини яратиш, таълим, соғлиқни сақлаш сифатини ошириш, умуман, ижтимоий соҳани, жумладан, туризмни ва ёшларга оид қўшма дастурларни ривожлантириш — буларнинг барчаси халқлар ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлашга бевосита хизмат қилади. Умумий қадриятлар, маданий яқинлик ва фаровонликка биргаликда интилишга асосланган минтақавий ўзига хосликни шакллантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Бешинчидан, Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи сиёсатда келишилган ёндашувларини ишлаб чиқиш муҳим йўналиш ҳисобланади. Геосиёсий беқарорлик тобора ортиб бораётган ва жаҳон куч марказлари ўртасида рақобат кучайган шароитда минтақа давлатларининг халқаро майдондаги позицияларини мувофиқлаштириш барқарорлик ва умумий манфаатларни ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, асосий ҳамкорлар билан прагматик алоқаларни йўлга қўйишда ўз самарадорлигини исботлаган “Марказий Осиё плюс” форматларини янада ривожлантириш зарур.

Ҳозирги босқичда “Марказий Осиё плюс” форматлари ва бошқа халқаро мулоқот майдонларида минтақавий мувофиқлашувни ривожлантириш, ташқи шериклар билан ҳамкорлик масалалари бўйича келишилган устувор йўналишлар ва позицияларни ишлаб чиқиш стратегик вазифага айланмоқда. Фақат шу йўл билангина жаҳоннинг етакчи мамлакатлари ва бирлашмалари билан ҳамкорлигимизни давлатларимиз ва бутун минтақанинг иқтисодий ҳамда технологик тараққиётига, барқарорлигига хизмат қиладиган аниқ лойиҳалар асосида бойитишимиз мумкин.

Ўзбекистон учун минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш тактик танлов эмас, балки Марказий Осиё келажаги учун умумий масъулиятни англашдан келиб чиқадиган онгли стратегик қарордир.

Ишончимиз комилки, глобал ноаниқлик даврида яхши қўшничилик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш — Марказий Осиёнинг асосий ресурсидир. Минтақа мамлакатлари якка ҳолда ҳал қилиши қийин бўлган умумий хавфсизлик муаммолари ва ривожланиш вазифалари биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан муваффақиятли ҳал қилиниши мумкин. Ишонч ва шерикликни мустаҳкамлаш ўз келажагини умумий қадрдон диёримиз — Марказий Осиёнинг тинчлиги, барқарорлиги ва тараққиёти билан боғлаган миллионлаб одамларнинг манфаатларига жавоб беради.

Бугун биз кучли, барқарор ва фаровон минтақа — Янги Марказий Осиёнинг мустаҳкам пойдеворини яратмоқдамиз.

Минтақамизда кечаётган жараёнлар — бу онгли ва ортга қайтмас танлов. Ушбу йўл биздан нафақат биргаликдаги саъй-ҳаракатларни, балки умумий келажагимиз учун масъулиятни ўз зиммамизга олишга тайёр бўлишимизни ҳам талаб қилади.

Куч ва имкониятларимизни бирлаштириб, умумий вазифаларни ҳал этмоқдамиз, шунингдек, халқаро ҳамжамиятга тинч ва бунёдкор ҳамкорликнинг вақт ва ҳаёт синовидан ўтган ишонч, яхши қўшничилик ва ўзаро қўллаб-қувватлашга асосланган ўз моделимизни таклиф этмоқдамиз. Ва бугун Марказий Осиёни кенг минтақамизда яшаётган барча миллат ва халқлар учун ягона тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт маконига айлантирадиган ушбу тарихий суръатни сақлаб қолишимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер