Қишлоқда хориждагидан ҳам кўпроқ даромад топаяпман — Руслан Мейлиев

20:25 03 Август 2023 Жамият
398 0

Фото: “Халқ сўзи”

Кишининг доим оиласи бағрида, яқинлари ёнида яшаши, ишлаши ҳам бир бахт экан. Қамаши туманининг Бердоли маҳалласида яшовчи Руслан Мейлиев хорижда ишлаб юрган вақтлари бу ҳақиқатни кўп бора англаб етар, лекин оиласининг моддий таъминотини ўйлаб гоҳ Россия, гоҳ Қозоғистонга кетиб, йиллаб яқинларидан йироқда яшашга, ишлашга мажбур эди.

Ўтган йили маҳалладаги эҳтиёжманд, ишсиз оилаларга 30 сотихдан 50 сотихгача ер берилиши ҳақидаги хабар Русланни қувонтириб юборди. Дарҳол уйга қайтиб, маҳаллага ер сўраб мурожаат қилди.

Маҳалла раиси эҳтиёжманд оилаларга деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаларини очиқ электрон танлов орқали ижарага берилаётгани, у ҳам ана шу ер майдонларидан бирини олиб, мева-сабзавот етиштиришни йўлга қўйиши мумкинлиги ҳақида айтди.

— Шундан сўнг барча ҳужжатларни расмийлаштириб, 30 йиллик ижара ҳуқуқи асосида 30 сотих ер олдим, — дейди Руслан Мейлиев. — Ўтган йили бу ерга помидор эккандим, ҳосил яхши бўлди. Ички бозорга 20 тоннадан ошиқ маҳсулот сотдик. Бу йил яна шу турдаги экинни парваришлаяпмиз. Айни пайтда бозорга яна помидор чиқаришни бошлаб юбордик. Шу билан бирга, бу йил ҳудуддаги фермер хўжаликларидан 2 гектардан ошиқ ғалладан бўшаган жойни ижарага олиб, тарвуз ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари экдик. Умумий ҳисобда юз миллион сўмдан ортиқ даромадни чамалаб турибман. Энди ўйлаб қарасам, ўз қишлоғимда, фарзандларим ёнида юриб ҳам хорижда топганимдан бир неча баробар кўпроқ даромад топсам бўларкан.

Эътиборли томони, Президент қарори асосида йўлга қўйилган бу ташаббус Руслан Мейлиев каби минглаб эҳтиёжманд оилалар, ишсиз фуқароларнинг деҳқончилик қилиб, даромад топиши учун имконият яратди.

— Биргина маҳалламиз мисолида айтадиган бўлсам, 27 гектар ер майдони “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган оилаларга деҳқон хўжаликлари ташкил этиб, фойдаланиш учун ажратилган эди, — дейди Бердоли МФЙ раиси Берди Шукуров. — Шундан 64 та оила 30 сотихдан, 13 та оила эса 50 сотихдан ер майдонини ижара ҳуқуқи асосида олиб, деҳқончилик қилишмоқда. Айни пайтда барча оилалар ишни тўлиқ йўлга қўйиб олишди.

Ҳа, ер — хазина, даромад манбаи. Ҳамма гап ундан оқилона фойдаланишда. Ер билан тиллашиб, диллашиб меҳнат қилаётган бердолиликлар эса хазининг калити энди ўз қўлларида эканлигини эътироф этишмоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?