Қатағон қурбонларини ёд олмоқ – инсоний бурчимиз

13:27 30 Июль 2024 Жамият
136 0

Биз бой маънавий меросга, илдизи неча минг йилларга бориб тақаладиган тарихга эга халқмиз. Ўтмиш саҳифаларини варақлаганда кўксимизни тоғ қадар кўтарадиган, кўзга нур, қалбга ғурур бахш этадиган кечмишларга рўбарў келамиз. Шу билан бирга, афсуски, миллий тарихимизда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган мудҳиш даврлар учрагани ҳам айни ҳақиқат.

Совет тузуми даврида эл-юрт манфаати учун ўз билими ва меҳнатини аямаган кўплаб кишилар ноҳақ қурбон қилинди. Уларга «халқ душмани» тамғаси ёпиштирилди. Бу инсонларнинг авлодлари ва яқинлари эса таҳқирланди, ҳаётлари барбод этилди.

Яратганга шукурлар бўлсинки, халқимиз озодлиги йўлда жонини фидо этган, сиёсий қатағон қурбонлари бўлган ота-боболаримизнинг ҳаёти ва фаолиятини атрофлича ўрганиш ва тадқиқ этиш, уларнинг номлари ва хотирасини абадийлаштириш бўйича мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2021 – 2024 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 1 минг 200 дан зиёд сиёсий қатағон қурбонларининг номлари оқланганини алоҳида қайд этиш лозим.

Таъкидлаш жоизки, қатағон қурбонларининг номларини аниқлаш ҳамда уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги маълумотларни ўрганишда Бухоро давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи жамоаси ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, музей ходимлари томонидан қатағонга учраган 3000 нафарга яқин бухороликнинг рўйхати шакллантирилди ва «Хотира китоби» тайёрланди.

Шу билан бирга, алоҳида соҳалар кесимида ҳам совет даврида қатағонга учраган ички ишлар ва прокуратура ходимларнинг фаолияти, уларнинг аянчли тақдирини ўрганишга оид илмий изланишлар олиб борилди. Бунга давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 31 августда «Шаҳидлар хотираси» хиёбонида қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, уларнинг пок номини тиклаш ва тарихий ҳақиқатни юзага чиқариш бўйича берган топшириқлари туртки бўлди. Ишчи гуруҳининг меҳнати самараси ўлароқ, «Тарихий хотира беқиёс» китоби яратилди. Бу китоб Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи билан ҳамкорликда Россия Федерацияси ва мамлакатимиз архивларидан топиб, ўрганилган 2 мингдан ортиқ тарихий ҳужжатлар асосида яратилди.

Унда қонунчилик соҳасида фидокорона хизмат қилган, бироқ тоталитар тузумнинг қатағон сиёсатидан ноҳақ жабр кўрган ходимлар тақдири ўз аксини топган. Мисол учун, 1920 — 1924 йилларда Бухоро Халқ Совет Республикаси Адлия нозири ва республика прокурори бўлиб ишлаган Абдураҳим Юсуфзода, 1923 — 1924 йилларда Адлия нозири ва айни пайтда Бош прокурори вазифасини бажарган Азимжон Шарипов, 1922 йилда, яъни 24 ёшида Когон шаҳар милиция бўлими ходими ва кейинчалик бошлиғи сифатида фаолиятини давом эттирган, Асака шаҳар прокурори лавозимида ҳам ишлаган Али Ҳамрабаев, 1922 — 1923 йилларда Бухоро Халқ Совет Республикаси Адлия нозирининг ўринбосари ва 1924 йилда Адлия нозири бўлган Аминжон Шарипов, 1929 —1930 йилнинг сентябрь ойига қадар Бухоро округ прокурори лавозимига ишлаган Ҳаким Туяков, 1935 — 1937 йилларда Ўзбекистон ССР прокурори ёрдамчиси ҳамда 1939 — 1946 йилларда прокуратурада турли лавозимларда фаолият юритган Дилором Юсупова кабиларнинг хотирасини эҳтиром билан ёд этишимиз лозим.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 19 июлда қабул қилинган «Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида»ги қарорида 40 дан ортиқ вазифалар белгиланган, улар қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқади. Қарорга биноан ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтасини Ўзбекистонда Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги сифатида нишонлаш белгилангани бежиз эмас.

Биламизки, 1938 йилнинг 4 октябри Ўзбекистон тарихида энг машъум сана сифатида муҳрланган. Ўша кунда ҳеч қандай ҳуқуқий асоссиз Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Ғози Олим Юнусов, Отажон Ҳошим, Зиё Саид, Худойберган Девон каби кўплаб миллат ойдинлари шошилинч қатл этилган. Архив ҳужжатларининг шоҳидлигича, орадан бир кун ўтиб, 5 октябрда қатағон қилинган маҳкумлар устидан суд қарори чиқарилган.

Албатта, бундай мудҳиш тарихий воқеаларни ёш авлод билиши, Ватан ва миллат тараққиёти йўлида ўз ҳаётини бахш этган аждодлар хотирасига эҳтиром кўрсатиши ва бугунги фаровонликка машаққатли тарихий синовлар ҳамда катта йўқотишлар эвазига эришилганлигини қадрлаши лозим. Зеро, «Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз» шиорини бугун ҳар биримиз ўз қалбимизга чуқур сингдирсак ва бу йўлда бутун куч-салоҳиятимизни сафарбар этсак, буюк аждодларимизга муносиб авлод эканлигимизни исботлаган бўламиз.

Азалшоҳ ҲАМРОЕВ,

Бухоро давлат университети тузилмасидаги

Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори, доцент.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?