Қасддан қилинмайдиган қотиллик ёхуд йўл-транспорт ҳодисалари содир этилишининг олдини қандай олиш мумкин?
Ҳар йили дунё бўйича 1, 2 миллиондан ортиқ инсонлар автоҳалокатлар қурбонига айланади. Бу ҳодисалар натижасида турли тан-жароҳати олиб, майиб-мажруҳга айланганлар сони эса 20 миллиондан кўп. Агар ушбу ҳодисаларнинг бир неча йиллик ҳисоботлари олиниб умумийлаштирилса, автоҳалокатлардан қурбон бўлганлар сони ҳайратланарли миқдорни ташкил этиши аниқ. Албатта, бу жуда ачинарли ҳолатдир. Бундай ҳалокатларнинг қанчалик аянчли эканлигини шу каби ҳодисалар ўзи ёки яқинлари бошига тушган ёки кўнглида озгина бўлса ҳам раҳм-шафқат бўлган инсонлар яхши тушунади.
Узоқ йиллардан буён барча давлатларда бундай ҳодисалар содир бўлишининг олдини олиш бўйича турли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Лекин шунга қарамай ҳеч бир давлатда йўл-транспорт ҳодисаларини сезиларли равишда камайтиришга, улар содир этилишининг олдини олишга эришиб бўлмаяпти. Аксинча, бундай автоҳалокатлар йил сайин ортиб бораётир. Ҳатто, транспорт воситалари ва йўллари юқори сифатли бўлган давлатларда ҳам. Бундай маълумотларни БМТнинг ҳар йили бериб борадиган ҳисоботларида ҳам кўриш мумкин.
Юртимизда йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиши оқибатида ҳар йили 2 мингдан ортиқ инсонлар бевақт ҳалок бўлмоқда. 10 минг нафарга яқин инсонлар эса турли тан-жароҳатлари олади. Уларнинг анчагина қисми эса вояга етмаган ёшлардан иборатлиги ачинарлидир.
Ўтган йили январь ойида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президентимиз йўл-транспорт ҳодисалари туфайли кўплаб инсонлар ҳалок бўлаётганлигини айтар экан, бундай бахтсиз ҳодисалар содир этилиши ҳолатларининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича зудлик билан чора-тадбирлар кўриш ҳақида кўрсатма ва топшириқлар берганди.
Шундан сўнг, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича кўплаб ишлар олиб борилди ва улар изчил давом этмоқда. Аммо бу борада ҳали қилиниши зарур бўлган вазифалар ҳам кўп.
Хўш, йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабаблари нимада? Уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш чораларини яна қандай шаклларда кучайтириш мумкин?
ЙТҲнинг келиб чиқиш сабаблари нимада?
Йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабаблари жуда кўп. Уларнинг баъзиларини қуйидагича талқин қилиш мумкин.
Кўпчиликка яхши маълумки, автоҳалокатлар қасддан содир этилмайди, аксинча, ҳайдовчиларнинг эҳтиётсизликлари натижасида содир бўлади. Бунга баъзан йўл-ҳаракати бошқа иштирокчиларининг ҳам эҳтиётсизликлари сабаб бўлиши мумкин. Шунга кўра, айниқса, ҳайдовчи эҳтиётсизликка йўл қўймаслиги, ҳушёрлик билан транспорт воситасини бошқариши зарур. Эҳтиёт чораларини қўллаган ҳолда ҳаракатланиши учун эса, транспорт воситасини бошқариш ҳамда йўллардан фойдаланишда келиб чиқиши мумкин бўлган хавф-хатарлардан хабардор бўлиши, уларни яхши билиши лозим.
Лекин афсуски, ҳайдовчиларнинг кўпчилик қисми ҳаракат пайтида келиб чиқиши мумкин бўлган хавф-хатар ва улар содир бўлишининг олдини олиш учун қўлланиши лозим бўлган эҳтиёт чоралари ҳақида етарли билим ва тушунчага эга эмас. Чунки ҳайдовчиликка ўқитиш курсларида ёки шу соҳага оид ўрта-махсус, олий ўқув юртларида ҳам етарлича билим берилмайди. Бу камчиликлар барча давлатда ҳам мавжуд. Аммо ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариш ҳамда йўллардан фойдаланишда келиб чиқиш мумкин бўлган хавф-хатарларни билиши сув ва ҳаводек зарур. Акс ҳолда содир бўлиши мумкин бўлган автоҳалокатларнинг олдини олиб бўлмайди.
Фақатгина транспорт воситаларини бошқаришни ва йўл-ҳаракати қоидаларини билган ҳайдовчиларни ҳам ҳар томонлама етук, деб ҳисоблаш нотўғри. Масалан, қишли кунларда музлаган ва сирпанчиқ йўлларда қандай ҳаракатланиш бўйича ҳам билим керак. Бу борада эҳтиёт чоралари ҳақида билим ва тушунчага эга бўлмаган ҳайдовчилар транспорт воситасини бошқариш чоғида автоҳалокатга учрамайди, деб ҳеч ким айтаолмайди.
Ҳайдовчиликка тайёрлашда яна бир қўпол хато-камчиликка йўл қўйилмоқдаки, бу ҳам автоҳалокатларнинг келиб чиқишининг асосий сабабларидан бири, дейиш мумкин.
Ҳайдовчиликка ўқитиш курслари ва шу соҳа билан боғлиқ бўлган ўрта-махсус ҳамда олий ўқув юртларида ўқувчиларига транспорт воситаларини бошқариш ўргатилсада, лекин уларга об-ҳаво ёмон шароитларда, яъни ёмғир, қор ёғаётганида, йўлларнинг устки қисми музлаган бўлиб, сирпанчиқ бўлган ҳолатларда, кучли шамол эсаётганида ёки бўрон пайтида, тунда йўлларнинг ёритилмаган қисмларида ёхуд туманда кўриш ёмон бўлган ҳолатларда, хавфли бурилишларда, баланд тепаликларга чиқиш ва тушишда транспорт воситаларини тўғри ҳамда хавфсиз бошқариш, қийин ва мураккаб шароитларда келиб чиқиши мумкин бўлган хавф-хатарларини олдини олиш учун эҳтиёт чораларини қўллаш борасида етарли билимлар берилмайди.
Натижада кўплаб аянчли ҳалокатлар содир бўлмоқда.
Шунингдек, амалиёт чоғида транспорт воситаларини хавф-хатарсиз бошқаришда ҳайдовчилар учун қандай ҳаракатлар хавфли эканлиги, уларни содир этиш тақиқланиши ҳақида йўл-ҳаракати қоидаларида етарли акс этмаган ва тушунтиришлар ҳам олиб борилмайди.
Мисол учун, ҳайдовчининг транспорт воситасини бошқариб кетаётиб телефонда гаплашиши, турли видео-чатларга кириши, ичимлик ичиши, овқатланиши, чекиши, ёш болаларига чалғиши оқибатида бир неча сонияларга бошқарувга эътиборни қаратмаслик натижасида ўз йўналишидан чиқиб кетиши, бирон тўсиққа ёки қарама-қарши ҳаракатланиб келаётган улов билан тўқнашиб кетиши ёхуд олдинда кетаётган автомашинага урилиш ҳолатлари тез-тез учраб туради.
Транспорт воситаларини хавф-хатарсиз бошқаришда ҳайдовчиларнинг руҳий ҳолати яхши бўлиши ҳам катта аҳамиятга эга. Транспорт воситасини бошқараётиб асабийлашиш, хафа ёки норози бўлиши, тушкунликка тушиш ва шу каби салбий ҳолатларда бўлиши кўпинча автоҳалокатга олиб келади.
Аслида транспорт воситасини бошқариб кетаётиб асабийлашиш асло мумкин эмас. Лекин шунга қарамай амалиётда ҳайдовчиларга транспорт воситаларини бошқараётиб асабийлашиш мумкин эмаслиги ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмайди, бу бўйича билим берилмайди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Йўл-транспорт ҳодисаларининг содир бўлиши ҳолатларига пиёдаларнинг йўл-ҳаракати қоидаларига амал қилмасликлари ҳам сабаб бўлмоқда. Уларнинг йўл-ҳаракати қоидаларига амал қилмасликларининг сабаби эса, йўллардан фойдаланишда келиб чиқиши мумкин бўлган хавф-хатарлардан хабардор эмаслигидадир. Пиёдаларнинг йўл-ҳаракати қоидаларини бузиши транспортларни ўз йўналишидан чиқиб ағдарилиб кетишга, бошқа транспорт билан тўқнашишига, пиёдаларни уриб юбориш ва бошқа шу каби ҳалокатларнинг содир бўлишига олиб келяпти.
Шунингдек, автоҳалокатларнинг содир этилишига йўловчиларнинг нотўғри хатти-ҳаракатлари ҳам сабаб бўлмоқда. Йўловчиларнинг транспорт воситасида кетаётиб бошқа йўловчилар билан гап талашиб шовқин кўтариши, уришиши оқибати ҳам турли автоҳалокатлар сабабчисига айланмоқда.
Демак, ушбу фактлар ҳам йўл-ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда қилинадиган ишларнинг кўплигини билдиради.
“Ақлли йўллар”ни қуриш вақти келди
Йўл-транспорт ҳодисаларининг содир бўлиши ҳолатларига йўлларнинг носозлиги, уларнинг хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги, хавфли бурилишларда кўринишнинг ёмонлиги, қарама-қарши йўналишларнинг ўртаси тўсилмаганлиги, 2-даражали йўлларнинг, асосий йўлларга қўшилиш қисмида хавфсизлик тўсиқларининг йўқлиги ва бошқа ҳолатлар ҳам сабаб бўлмоқда.
Шунга кўра, йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиш ҳолатларининг олдини олиш учун транспорт воситаларининг ҳайдовчилари ва йўл-ҳаракатининг бошқа иштирокчилари йўллардаги носозлик ҳамда турли мураккабликлар туфайли йўллардан фойдаланиш ва ҳаракатланиш вақтида пайдо бўлиши мумкин бўлган хавф-хатарлар ҳамда уларни бартараф этиш учун қўлланиши лозим бўлган эҳтиёт чоралари ҳақида тегишли билим ва тушунчаларга эга бўлиши зарур.
Шу билан бирга, мутасадди вазирлик ва қўмиталар томонидан йўлларнинг мураккаблиги ҳамда носозлиги туфайли келиб чиқиши мумкин бўлган хавф-хатарларни бартараф этиш ҳамда замонавий, қулай, хавфсиз ва “ақлли йўллар”ни қуриш чоралари кўрилиши лозим. Чунки юртимиз йўллари сифатли, қулай, хавфсиз ва замонавий бўлиши керак.
Германия, Франция, Хитой, Япония, Жанубий Корея ва бошқа кўплаб ривожланган давлатларда автомобиль йўллари ўта сифатли ва хавфсиз қурилган. Уларда кўплаб “ақлли йўллар” мавжуд.
Йўлларнинг ўртаси сифатли қилиб тўсилган. Бунда ҳатто бир нечта транспорт воситалари тўқнашиб, ағдарилиб ёки ёниб кетганда ҳам қарама-қарши томондаги йўл қисмларига ҳеч қандай хавф туғдирмайди ва уларни қатновига халал бермайди.
Йўлларнинг ҳар иккала томон четлари ҳам тўсилган бўлиб бу эса, йўлнинг қатнов қисмига четдан пиёдалар, маст-аластлар, ногиронлар, ёш болалар, велосипед ҳайдовчилари, уй ҳайвонлари ва бошқа шу каби хавф-хатарларни йўлдан кутилмаганда чиқиб қолишларини олдини олади.
Ушбу йўлларнинг чекка қисмидан сўнг эса велосипед ҳайдовчилари учун ва пиёдалар учун икки хил ранглар билан ажратилган алоҳида йўлаклар мавжуд. Сўнгра гуллар экилган, ўриндиқлар қўйилган, дарахтлар билан қопланган соя-салқин майдонлар бор. Бундай йўллар ҳам хавфсиз, ҳам қулай, ҳам гўзал бўлиб инсонларни хавф-хатарлардан сақлайди ва шу билан бирга, барчани кайфиятини кўтаради.
Асосий йўлларга иккинчи даражали йўлларнинг қўшилиши ҳам ўта хавфсиз бўлиб, қўшилиш жойлари маълум бир хавфсизлик тўсиқларидан иборат. Ҳатто асосий йўлдан келаётган автомашина ҳайдовчиси иккинчи даражали йўлдан асосий йўлга қўшилаётган автомашина билан қастдан тўқнашув қилишни хоҳласа ҳам буни уддасидан чиқа олмайди. Чунки йўллар ўта хавфсиз қилиб қурилган.
Хуллас, ушбу йўлларнинг хавфсиз ва қулайликлари ҳақида кўплаб мисоллар ва хориж тажрибаларини келтириш мумкин. Бу йўллар хавф-хатарларни олдини олиш, хавф-хатарлар ҳақида огоҳлантириш ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади. Бежизга бу йўлларни “ақлли йўллар” деб аташган эмас. Юртимизда ҳам мана шундай сифатли, хавфсиз, қулай, гўзал, “ақлли йўллар”ни кўплаб қуришни йўлга қўйиш жоиз.
Яна автоҳалокатларни содир бўлиш ҳолатларига йўлларда вужудга келадиган ёки келиши мумкин бўлган хавф-хатарлардан огоҳлантирувчи, ҳушёрликка чақирувчи, тегишли маълумотларни билдирувчи, зарур бўлса, хавф туғилганда транспорт воситасини тўхтатиш чораларини кўрувчи, ҳайдовчининг йўл қўйган хатоларини бартараф қилувчи ва уларнинг хавфсизлигини таъминловчи ускуналарнинг ўрнатилмаганлиги ҳам сабаб бўлмоқда.
Шу боис транспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи компанияларни ҳам йўл-транспорт ҳодисаларини содир бўлиш ҳолатларининг олдини олиш ва бартараф этиш масалаларига жалб этиш зарур ва муҳимдир.
Қолаверса, автоҳалокатларнинг содир бўлиш ҳолатларига ушбу ҳалокатларни олдини олишга масъул ташкилотлар вакиллари томонидан йўл-ҳаракати иштирокчиларига хавфли ҳолатлардан сақланиш ҳақида тушунтириш ишлари ва бошқа чора-тадбирларни етарли равишда кўрмасликлари сабаб бўлмоқда.
Бахтсиз ҳодисаларнинг олдини қандай қилиб олиш мумкин?
Ҳар қандай муаммо ечимини топишда илмий-фалсафий ёндашув керак.
Йўл-транспорт ҳодисаларини содир бўлиш ҳолатларини олдини олиш ва уларни бартараф этиш учун, аввало, уларнинг келиб чиқиш сабабларини юзаки эмас, мукаммал, ҳар томонлама ва холисона аниқлаб олиш шарт.
Юқорида қайд этилган билимлар етишмаслиги сабаб ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш, зарур бўлса қайтадан ўқитиш зарур, деб ўйлайман. Шунингдек, ҳайдовчиликка ўқитиш сифатини яхшилаш, бўлажак ҳайдовчиларга транспорт воситалари ва йўллардан фойдаланишда келиб чиқиши мумкин бўлган хавф-хатарлар ҳамда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун қўлланадиган эҳтиёт чоралари юзасидан тушунчалар бериш керак. Бу борада масъул ва тааллуқли идоралар, ўқув муассасалари масъулиятини ошириш жуда муҳим.
Аҳолини ҳаммаси йўл-ҳаракатининг фаол иштирокчиларидир. Шу маънода, пиёда ҳам, ҳайдовчи ҳам йўл ҳаракат қоидаларини пухта билиши лозим. Бу борада бир қатор ўқув қўлланмалар чоп этилмоқда. Ушбу қўлланмаларни, китобларни ҳар бир хонадонга кириб боришни ташкил этиш аҳолининг бу борадаги билимларини янада оширишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, юқорида кўрсатиб ўтилган вазифаларни амалга ошириш, ҳайдовчилар иштирокчилар ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига етарли билим, тушунча ва тажрибаларни бериш учун йўл-ҳаракат қоидаларига қўшимча ўзгартиришлар киритиш, дарсликлар ишлаб чиқиш, ҳайдовчиликка ўқитиш усулларини янги метод асосида олиб бориш ҳам давр талабидир.
Яна бир масала шундаки, автоҳалокатларнинг олдини олишда ОАВлар кучидан самарали фойдаланиш зарур. Шу орқали аҳолининг ЙТҲ ҳақидаги хабардорлиги ва билимини ошириш бориш, теле-радио, матбуотда ва бошқа ахборот манбаларида янги дастурлар ташкил этиш ҳам фойдадан холи эмас.
Автоҳалокатларнинг содир бўлишига йўллардаги хато ва камчиликлар, турли хавф-хатарларнинг мавжудлиги сабаб бўлаётганлигини ҳисобга олган ҳолда, юртимиз йўлларини ҳар бир километрини махсус комиссия иштирокида қайта кўриб чиқиш ва хавфсиз ва қулай “aқлли йўллар”ни қуриш режаларини тузиш, уни амалга ошириш чораларини кўриб чиқиш зарур.
Транспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи компанияларни ҳам йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олишни ва бартараф этиш масалаларига жиддий жалб этиш, улар истеъмолчиларга етказиб бераётган маҳсулотларни хавфсизлик талабларига тўла жавоб беришларини назорат қилиш керак.
Чорраҳаларда тез-тез йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлишини инобатга олиб, чорраҳалар ўрнига кўприклар қуриш орқали улар сонини имконият даражасида камайтириш, ёки уларни ўзгартириш ва қайта қуриш орқали қулай ҳамда хавфсиз йўлларга айлантириш лозим.
Яна бир масала, йўллардаги светофорларнинг сифатсизлиги, бир ишлаб, бир ишламаслиги ҳам автоҳалокатлар содир бўлмоқда. Шунга кўра, светофорларнинг ҳар бирини чорраҳаларнинг катта-кичиклиги, босиб ўтиладиган масофани узоқ-яқинлиги, транспорт воситаларининг серқатнов ёки камлигига қараб, уни чироқларини ёниб-ўчиш оралиғини қайтадан белгилаб чиқиш лозим. Умуман олганда, светофорларни хавфсиз ҳолатга келтирилиши учун бу борадаги вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш зарурати мавжуд.
Дарвоқе, пиёдалар ўтиш йўлларини ҳам қайта кўриб чиқиш, замон талаблари асосида янгилаш, хориж тажрибасидан келиб чиқиб, “ақлли ўтиш йўлаклари”ни жорий қилиш вақти келди.
Пиёдалар ўтиш йўлларини бўрттириб кўрсатадиган, ҳайдовчилар ушбу йўлдан ўтаётганда уларни ҳушёрликка мажбурлайдиган турли анимацион усулларидан фойдаланиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Бундан ташқари, имкониятдан келиб чиқиб, пиёдаларни ўтиш жойларини ернинг остидан ёки устидан қилиб қуриш пиёдаларнинг хавфсизликларини сақлашни энг тўғри ва оқилона йўли бўлади.
Хуллас, автоҳалокатларни олдини олиш ва бартараф этиш юзасидан амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар кўп. Уларни ўз вақтида ва виждонан амалга ошириш, муаммоларни бартараф этиш нафақат инсонлар ҳаётини сақлашда, балки мамлакатимиз тараққиёти учун ҳам хизмат қилади.
Неъматжон ЖОНУЗОҚОВ,
ҳуқуқшунос.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг