Қарор қатъий, кафолат муддати ўзгартирилмайди — депутат кўп квартирали уй-жойларни бошқариш ҳақида

08:06 24 Июнь 2021 Иқтисодиёт
653 0

Аҳолига сифатли ва кафолатли коммунал хизмат кўрсатиш тизими ўз номига муносиб эмаслиги узоқ йиллардан буён дилда бору аммо тилга чиқмайдиган муаммолардан бири эди. Айни пайтда Президентимизнинг «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори айнан ана шу муаммони таг-томири билан ҳал этишга қаратилгани билан ҳам кўплаб мутахассислар эътиборини тортмоқда.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 октябрдан қурилиши тугалланган ва фойдаланишга топширилган кўп квартирали уй-жойларни бошқариш биринчи икки йилда қурувчи томонидан амалга оширилиши ҳамда мазкур муддатда кўп квартирали уй-жой эксплуатациясининг кафолат муддати жорий қилинадиган бўлди.

Шунингдек, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса мулкдорларнинг бошқарувчи олдида қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда, унинг миқдори уй-жойларга бўлган мулк ҳуқуқини расмийлаштиришда нотариал идоралар томонидан тегишли шартномада акс эттирилиши ва янги мулкдор ушбу қарздорлик ҳақида огоҳлантирилиши белгилаб қўйилди.

Бунда кўп квартирали уй-жойларда яшовчи «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга мажбурий бадални тўлаб бериш учун субсидия ажратилиши ҳам кўзда тутилди.

Қарорга мувофиқ, энди кўп квартирали уй-жойга туташ ҳудудларда янги объектларни қуриш, мулкдорлар амал қилиши мажбурий бўлган кўп квартирали уй-жойларда умумий мол-мулкни бошқаришнинг талаб ва қоидаларини тасдиқлаш ҳамда уй-жой учун қарз ва кредитларни жалб қилиш уй-жой мулкдорлари ёки улар вакилларининг 80 фоизидан кўпроғи овоз берган тақдирда амалга оширилади. 2021 йил 1 августгача лойиҳа доирасида бириктирилган ҳудудлар, 2022 йилнинг 1 январига қадар эса бутун республикада кўп квартирали уй-жойга хизмат кўрсатиш жараёнига уй-жой мулкдорларининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ва уларнинг тегишли мол-мулки кадастр рақамидан фойдаланган ҳолда биллинг тизими жорий қилинади.

2021 йил 1 октябргача кўп квартирали уй-жойларни бошқарувчиларнинг электрон реестри ҳам ишга тушириладиган бўлди. 2021 йил 1 июлдан кўп квартирали уй-жойларни бошқариш усули ширкатлардан бошқарувчи ташкилотларга ўтган уй-жойлар учун жалб этилган кредитларнинг муддатини, маҳаллий ҳокимликлар кафиллиги асосида уч йилгача узайтириш чоралари кўрилади.

Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш партиямизнинг ижтимоий соҳада олиб бораётган фаолиятининг асосий йўналишларидан бири эканини инобатга олиб, мазкур қарор уй-жойга муҳтож бўлган фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қиладиган муҳим ҳужжат бўлди, деб ҳисоблаймиз.

Фарҳод ЗАЙНИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?