Қанча аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшилангани очиқланди

20:11 23 Январь 2022 Жамият
1575 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2021 йилда бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.

Йиғилишда Дастурда белгиланган тадбирларни ижроси билан бирга атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик муаммоларни ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳисоботда таъкидланганидек, Орол денгизи ҳалокати оқибатида юзага келган экологик фожиалар таъсирини юмшатишга қаратилган амалий ҳаракатларни қатъий давом эттириш орқали Орол денгизининг қуриган тубида 2 млн. гектарда яшил қопламалар барпо этилган.

Шунингдек, ўрмон хўжаликлари томонидан 2021 йил давомида 734 тонна уруғ, 15 млн дона кўчат ва ниҳоллар тайёрланган. Қишлоқ хўжалиги экин майдонлари четларида шамол ва сув эрозияларидан ҳимоялаш мақсадида ҳисобот даврида 250 гектарда ихота дарахтзорлари ташкил қилинган.

Тахтакўпир туманининг 5 та фуқаролар йиғинида 3,3 минг аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш йўлга қўйилган. Мўйноқ, Қўнғирот ва Бўзатов туманларидаги 20 та тиббиёт муассасаси, 15 та мактабда сув таъминоти ва канализация тизимини реконструкция қилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Тақдим этилган ҳисоботга кўра, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида 5 минг 892 км ичимлик сув тармоқлари, 559 та иншоот қурилиб, реконструкция қилинган. Натижада 1,5 млн. нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминланиб, 2,9 млн. нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди. Марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси йил бошидаги 65,1 фоиздан 69,7 фоизга етказилди.

Йиғилишда Дастурда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ижроси таъминлангани депутатлар томонидан юқори баҳоланди ва ҳукуматнинг Давлат дастурининг 2021 йилда бажарилиши юзасидан ҳисоботи маъқулланди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер