Президент қарори билан «Ҳар бир фуқаро учун – бир дарахт» кўрик-танлови ташкил этилади

16:16 26 Июнь 2024 Ҳужжатлар
268 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Иқлим ўзгаришига нисбатан барқарор агроэкотизимни яратиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфларга мослашувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ «Ҳар бир фуқаро учун – бир дарахт» кўрик-танлови ташкил этилади.

Маълум қилинишича, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш доирасида соҳанинг иқлим ўзгаришига мослашиши ва унинг иқлимга салбий таъсирини юмшатиш, қурғоқчилик ва ерлар деградациясига қарши курашиш, яйловлар биохилмахиллигини сақлаш (қайта тиклаш), янги инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда соҳага кенг жорий қилиш бўйича амалга ошириладиган тадбирларга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъул этиб белгиланган.

Қарорга мувофиқ, қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш ва соҳанинг иқлимга салбий таъсирини юмшатиш бўйича миллий дастур (Миллий дастур) ҳам тасдиқланди. Шунингдек, иқлим ўзгаришига боғлиқ бўлган ҳудудларда амалга оширилаётган чора-тадбирларни самарали ташкил этиш Миллий дастурнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланади.

Шунингдек, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш ҳамда ҳимоя ўрмонлари барпо этиш доирасида чўл, тоғли ва тоғ олди ҳудудларда чўлланиш ва қум кўчиши, тупроқнинг сув ва шамол эрозиясининг олдини олиш ҳамда экологик муҳитни яхшилаш мақсадида ҳимоя ўрмонлари (иҳота) барпо этилади. Қўшимча қилинишича, дала четлари, яйловлар ва очиқ ер майдонларини маданий экинлар, буталар, галофитлар ва чўл ўсимликлари билан қоплашнинг фойдали томонлари тўғрисида ташаббускорларга кўргазмали семинарлар ташкил қилинади.

2024 йил якунигача қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришларини мониторинг қилиш, ҳисоботини юритиш ва тасдиқлаш глобал тизими доирасида миллий платформа жорий қилинади. Шу билан бирга, «Ҳар бир фуқаро учун – бир дарахт» тамойили асосида кўрик-танлов ташкил этилади ва уни республикада оммалаштириш чоралари кўрилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?