Пахта сиёсати ва монокультураси — Президентимизнинг кластер ғояси ундан чиқишда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда
Яқинда «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган Олий Мажлис Сенати аъзоси, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг «Миллатпарвар» мақоласида кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга кенг шарҳ берилди. Хусусан, иқтисодиётимизнинг етакчи соҳаларидан бири бўлган қишлоқ хўжалигида юз бераётган инқилобий ўзгаришлар чуқур таҳлил этилар экан, пахта сиёсатидан халқнинг озод қилингани улар орасида энг муҳими эканлиги алоҳида эътироф этилган.
«Шавкат Мирзиёев дадил амалга оширган яна бир муҳим жиҳат шуки, буни мен озодликка эришганимиздан кейинги буюк ва тарихий ислоҳот, деган бўлардим, пахта далаларига сочилиб кетган миллат болаларини эгатлардан қайтариб олди. Унинг эгилган боши, тупроққа қоришиб кетган қадр-қимматини тиклади... Мамлакат халқаро ҳамжамият олдида «Болалар меҳнати», «Аёлларни оғир ва хатарли меҳнатга жалб қилиш», «Мажбурий меҳнат» деган таъна-дашномлар, исноддан қутулди, турли иқтисодий чекловлардан озод этилди», деб ёзади муаллиф.
Дарҳақиқат, ислоҳотларнинг янги даври бўлмиш охирги беш йилликда пахтадан «сиёсий экин» туси том маънода олиб ташланди. Давлатимиз раҳбарининг қишлоқ хўжалигини модернизация ва диверсификация қилиш, соҳага бозор иқтисодиёти тамойилларини амалда жорий этиш, пахтачиликда тўлиқ кластер тизимига ўтишга қаратилган тарихий қарорлари бунда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
I
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг ўша машҳур, 1989 йил 16 июнда Москвада сўзлаган нутқида айтилганидек, стратегик хом ашё деб қаралган пахта етиштириш, «оқ олтин» мустақиллигини таъминлаш бўйича ўртага ташланган машъум шиор деҳқонларимизни ҳамма-ҳамма нарсадан мосуво қилган эди. «Айнан уларга тегишли бўлган замин: кўрса кўз қувонадиган неча юз минг гектарлик кўркам ва серҳосил боғ-роғлар, солланиб турган ям-яшил йўнғичқазорлар, салқину оромбахш ёнғоқзорлар, ҳаттоки, бодомзорлар, ахир, шафқатсизларча кесиб ташланмадими, шудгор қилинмадими?! Муҳтарам Чингиз Айтматов бу ерда айтгани каби, чиндан ҳам пахта бехосият неъматга айланди. Ҳа, мамлакат охир-оқибатда пахта мустақиллигига эришди ҳам. Ҳатто кўз кўриб қулоқ эшитмаган бойликка ҳам эга бўлди. Лекин деҳқонга, унинг аёлига, бола-чақасига шундан нима наф тегди? Саратоннинг жазирамасида худонинг берган куни ўн икки соатлаб қирт-қирт заҳмат чекиш, ҳатто дам олиш кунлари, байрамларда, таътил нималигини билмасдан офтоб тиғида тер тўкиш шу деҳқоннинг гарданига тушмадими?» деган эди адиб куйинчаклик билан.
Афсуски, мустақилликка эришганимиздан кейин ҳам халқимиз асосий экинга айланган пахта машаққатларидан тўлиқ қутула олмади. Гарчи унга нисбат бериладиган «стратегик хом ашё» иштибоҳининг оҳори аллақачон тўкилган бўлсада, пахтачиликнинг оғир юки барибир фарзандларимиз, хотин-қизларимиз, қўйингки, миллатимиз елкасини зил-замбилдек босиб, эзғилаб турарди. Фақат Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий иродаси туфайли ҳаммаси ўз ўзанига туша бошлади. Халқимиз пахта мавсумига «кўпга келган тўй» деб қарамайдиган бўлди. Энди йиғим-терим пайтида суяги қотмаган гўдакларни мактаб партасидан ҳеч ким қувиб солмайди. Қуволмайди ҳам. Талаба-ёшлар ўқув йилининг тенг ярмини далада чигит чувиш билан ўтказишмайди. Бунга жалб этишга бировнинг ҳадди сиғмайди!
Бугун замон зайлига ҳамоҳанг қарашлар ўзгарди. Тафаккур уйғонди. Ҳозирги пайтда ишга талаб, масалага муносабат тамомила бошқача. Ҳа деганда, далага ҳайдаладиган ўқитувчи ва шифокорларнинг кўкрагига шамол тегди. Ҳамма ўз иши билан шуғуллана бошлади. Инчунин, пахтачилик билан даланинг эгаси бўлган деҳқонлар, қишлоқ хўжалиги ходимлари, фермерлар ҳамда кластерлар машғул холос.
Аслида ҳам шундай бўлиши керак эмасми?! Афсуски, ҳаётнинг ушбу оддий, аммо аччиқ ҳақиқати қарор топиши учун халқимиз не-не машаққатларни бошидан кечирмади, дейсиз.
II
Президентимиз 2018 йили Сирдарё вилояти фаоллари йиғилишида пахтачилик масаласига тўхталар экан, жумладан, шундай деганди: «Бўлса-бўлмаса пахта экавериш, уни арзон нархда хом ашё сифатида сотиш — иқтисодиётни тушунмаслик. Энди пахтани фақат рентабеллиги бор жойларда экамиз».
Ўшанда залда ўтирганларнинг айримлари кутилмаганда янграган бу сўзлар мағзини чақа олмай ҳанг-манг бўлиб қолишгани рост. Неча ўн йиллар давомида пахта ва ғалладан бошқа зироатни билмаганлар учун бу томдан тараша тушгандек ҳолат эди-да.
Эндиликда остонамиз олдигача чигит экишга мажбур эмасмиз. Аксинча, пахта майдонлари йил сайин қисқартирилиб, бутун бошли туманларда умуман чигит экилмаяпти. Пахтадан бўшаган майдонларга озиқ-овқат ва озуқабоп экинлар жойлаштирилмоқда, янги боғ-роғлар барпо этиляпти. Зеро, бугунги шиддаткор ислоҳотлар қўяётган талаб ҳам шу: нимаики кўп даромад келтирса, ташқи бозорда қайси маҳсулотга талаб юқори бўлса, ўша экилсин! Бу мамлакат қишлоқ хўжалигида чинакам янгиланишлар кузатилаётганидан далолат эмасми?!
Айни пайтда Китоб, Асака, Ургут, Булунғур, Жомбой, Зангиота, Қибрай, Паркент, Қувасой сингари 30 дан зиёд туманлар пахта етиштиришдан халос этилган. Табиати, иқлими мева-сабзавотчилик учун жуда мос бўлган бундай ҳудудларда узум, мева-чева, полиз ва картошка етиштирилиб, ички бозор сервитамин неъматлар билан тўлдириляпти, катта қисми эса экспортга чиқарилмоқда. Бинобарин, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш дунё афкор оммасининг бирламчи ташвишига айланган ҳозирги шароитда Ўзбекистоннинг ширин-шакар мева-сабзавотлари пахта хом ашёсидан кўра кўпроқ фойда келтиради.
III
Яқин-яқингача давраларда жаҳон иқтисодиёти, олис-яқин давлатлардаги бугунги аҳвол ҳақида ўзаро баҳс-мунозара кетса, биз, албатта, халқимиз пахтакор эканлигидан ғурурланардик. «Оқ олтин» етиштиришу унинг экспорти бўйича олдинги сафларда эканлигимизни айтиб мақтанишга одатлангандик.
Чиндан ҳам, халқимиз миришкор, деҳқончиликнинг ҳадисини олган. Буёғини сўрасангиз, энг катта майдонларда ғўза ўстирган ҳам, рекорд даражада ҳосил йиққан ҳам ўзимиз. Бироқ ундан қандай наф кўрдик? Кўкламдан то кузаккача даладан бери келмаган деҳқон, уни битталаб йиғиб-териб олган қишлоқ аҳли, бирламчи қайта ишлаган саноатчи — борлиғини пахтага берганлар қанча даромад олди?
Ҳеч қанча. Ҳа, энди-эндигина ушбу тармоқнинг фойда-зиёнини амалда ҳис қила бошладик. Аграр соҳа фақатгина пахтачиликдан иборат эмаслигини чуқурроқ англаяпмиз. Тафаккур кенгайди, фитратимиз янгиланмоқда. Натижада асл деҳқончилик маданияти қайта тикланяпти.
Гап шундаки, одамларимиз ҳам салат барги, барокко карами сингари сабзавотлар, нўхат, мош, ловия каби дуккаклилар, кунгабоқар, кунжут, соя каби мойли экинлар етиштириб, пахтадан кўра кўп даромад кўриш мумкинлигини тушуниб етишди. Бу эса ҳар бир ҳудуд зироатчиликда ўз брендини яратишга катта туртки бўлди. Шеробод анорлари ана шу саъй-ҳаракатлар маҳсулидир.
Ҳа, Шеробод туманида етиштирилаётган анорларнинг довруғи етти иқлимга кетди, десак, муболаға эмас. Ҳудуд иқлими ҳам анорчиликка мослашган. Сурхондарёда тез-тез эсиб турадиган Афғон шамоли Шерободни четлаб ўтишига нима дейсиз?! Қолаверса, бошқа жойларда анор танаси анжир, ток сингари қишда кўмилса, бу ерда анорзорларга тупроқ тортишга ҳожат йўқ. Шу боис анор экилмаган хонадонлар деярли йўқ ҳисоби. Аниқроғи, тумандаги 48 та маҳалланинг 33 таси анор етиштиришга ихтисослаштирилган. Уларнинг маҳсулотига хорижликлар талабгир. Ҳар бири 1 килогача тош босадиган ўта мазали «Қора дона», «Қозоқи» навли анорлар Қозоғистон, Россия, Жанубий Корея, ҳатто Европа давлатларига етиб борганига анча бўлди.
IV
Пахтанинг ўзи енгилу иши оғир. Деҳқончасига айтганда, серташвиш экин. Суяги далада қотган пахтакорларнинг фикрича, бу йилгидек об-ҳаво шароитида чигитни ернинг намига ундириш нечоғли машаққатли кечган бўлса, баъзида ёғингарчилик мўллигидан уруғ чириб кетгани ҳам кўп кузатилган. Айрим пайтларда энди қўшқулоқ кўрсатган ниҳолларни дўл ва жала ер билан яксон қилгани, оқибатда қайта меҳнат, катта харажат билан такрор уруғ қадалгани ҳам бор гап.
Энди ўзингиз ўйланг, шунча тер тўккан деҳқон Ғалвир сувдан кўтарилган пайтда кўкка тикилиб қолса, фойда тугул, қилинган харажати қопланмаса, қўли ишга борадими? Шундай экан, нима қилмоқ керак?
Ишга янгича ёндашув, амалиётга илғор ғояларни жорий этиш зарур. Бу омиллар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан сайловолди учрашувларидаёқ илгари сурилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва чуқур қайта ишлашнинг кластер тизимини йўлга қўйиш — энг мақбул йўл сифатида танланди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда илк бор 2017 йилда кенг нишонланган Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “...Пахтани етиштиришдан тортиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқичларни ўз ичига қамраб олган кластер усулига биз Ўзбекистон пахтачилигининг келажаги сифатида қарамоқдамиз», дея алоҳида таъкидлаган эди.
Бинобарин, мазкур янги тузилма ўтган жуда қисқа вақт ичида аграр соҳани ҳаракатлантирувчи етакчи куч — «драйвер»ига айланди. Шу боис бугун нафақат аграсаноат мажмуи, балки у билан бевосита боғлиқ бўлган тармоқлар истиқболи кластер услуби билан боғланяпти. Натижада ишни инновацион усулда ташкил этиш ва юритиш тобора оммалашиб, юртимизда фаолият юритаётган пахта-тўқимачилик кластерлари сони 122 тага етди.
2020 йилда республикамиз бўйича етиштирилган 3 миллион тоннадан зиёд пахта хом ашёсининг асосий қисми пахта-тўқимачилик кластерлари ҳиссасига тўғри келди. Энг асосийси, ҳосилдорлик бир йилда ўртача 10 фоизга ошгани, пандемиянинг салбий таъсирига қарамасдан, 1 миллиард долларлик мева-сабзавот экспорт қилингани қишлоқ хўжалигида ишни ташкил этиш ва юритишнинг инновацион шакли бўлган кластерлар билан боғланмоқда.
Мана, сизга «занжир»ли ишлаб чиқариш усулининг дастлабки натижалари!
Президентимизнинг қишлоқ хўжалигида амалга ошираётган бундай улкан ислоҳотлари «Хитой мўъжизаси»нинг меъмори дея тан олинган Ден Сяопин тутган йўлни ёдга солади. Тарихдан маълумки, Ден Сяопинга Мао Цзедундан ўта оғир аҳволдаги Хитой мерос қолган эди. Мао бошлаб берган ўтган асрнинг 60 йилларидаги «катта сакраш» иқтисодий сиёсати Хитойнинг саноат базасини кучайтириш ва иқтисодини кўтариш ўрнига хитойликлар учун фожиага айланди.
Ден Сяопин ҳокимиятга келгач, ислоҳотни, энг аввало, қишлоқ хўжалигидан бошлади:
биринчидан, ерни ҳақиқий эгалари қўлига топширди;
иккинчидан, деҳқонларга эркинлик берди;
учинчидан, бюрократик тўсиқлар бекор қилиниб, аграр соҳага аралашувларга буткул чек қўйди.
Натижа эса ҳаммага маълум. Атиги 10 — 13 йил ичида 1,5 миллиардлик аҳолисини озиқ-овқат билан тўлиқ таъминлаб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини дунёга экспорт қила бошлади. Шу тариқа Хитой оч ва қашшоқ мамлакатдан жаҳоннинг иқтисодий етакчисига айланди.
Ден Сяопин Мао Цзедундан фарқли равишда ишчи ва деҳқонларни баландпарвоз сиёсий шиорлар билан илҳомлантирмади, балки моддий рағбатлантириш, уларга муносиб меҳнат шароити яратишга бор эътиборини қаратди. Пировардида соҳа гуллаб-яшнади. Мўл ҳосил олиб, юқори даромад кўра бошлаган деҳқонлар ўзлари етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида кооперация, ассоциация ва кластерларга бирлаша бошлади. Бугун Ўзбекистон аграр ҳаётида ҳам ана шундай манзараларга гувоҳ бўлиш мумкин.
Мисол учун Бухоро вилоятидаги “BCT Cluster”, Тошкент вилоятидаги «ТCT Сluster”, Сурхондарё вилоятидаги “SCT Cluster” кластерларида экин майдонлари қишлоқ аҳолисига оилавий пудрат асосида 1, 3, 5 ва 10 гектардан бўлиб берилмоқда. Бу ерларда доимий ишлайдиган деҳқонлар ернинг ҳақиқий эгасига айланяпти. Улар кластер билан шартнома асосида маҳсулот етиштирмоқда.
Шартномага биноан, ирригация-мелиорация тадбирларини бажариш, деҳқонларга уруғлик етказиб бериш, техника хизматлари кўрсатиш, ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитлар билан таъминлаш, энтомолог, агроном мутахассислари хизматини ташкил этиш, томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш ва бошқа хизматлар кластер томонидан амалга оширилади. Оилавий пудрат зиммасидаги мажбурият — ўзига бириктирилган экин майдонидан унумли фойдаланиб, маҳсулот етказиб бериш.
Деҳқонлар манфаати кўзланган яна бир жиҳат шундаки, улар етиштирадиган ҳосил кластерлар томонидан жаҳон бозоридаги баҳодан келиб чиқиб, харид қилинади. Асосий экинни ҳам, такрорий экинни ҳам етиштириш ва сотиб олиш ана шу тартиб-таомил асосида ташкил этилади. Пировардида деҳқоннинг қўли энди пул кўради. Гектаридан 40 центнердан ҳосил оладиган оилавий пудратлар 4 миллион сўмдан, ҳосилдорликни 50 центнерга етказганлар 5 — 7 миллион сўмдан ойлик маош олишади. Агар битта оилавий пудратда бир хонадоннинг 4 аъзоси ишлаётган бўлса, бир рўзғорга ойига 20 миллион сўмгача даромад киради. Демак, ўз-ўзидан аён бўладики, деҳқон қанча яхши ишласа, шунча манфаат кўради, даромади ортади. Шунинг учун деҳқонлар шартнома асосида бириктирилган ер доимо ўзиники эканлигини, ушбу экин майдонида йиллар давомида ўзи, фарзандлари меҳнат қилишига ишонч пайдо бўлганлиги туфайли заминга меҳр бериб ишлашга, унумдорлигини оширишга интиляпти.
Илғагандирсиз, давлатимиз раҳбарининг кластер Қоясидан кўзланган мақсад моҳиятини?!
V
Яшириб нима қилдик, яқин-яқингача фермерлар орасида ер сотиш, экин майдонидан пул эвазига томорқа учун жой ажратиш каби номақбул ишлар билан машғул бўлганлар ҳам учради. Ҳосилдорлик ва маҳсулот сифатига эса етарли даражада эътибор берилмади. Аламлиси, пахтани фақат экспорт қилиб, эвазига ўн баробар кам даромад олардик. Унумдор ер, тўкин сув бўла туриб, ҳосилдорлик ҳамда рентабеллик пасайиб бораверди.
Бундан тўрт йил аввалги ҳолатни таҳлил этадиган бўлсак, Исроилда пахтадан олинаётган ўртача ҳосилдорлик 53,5 центнер, Австралияда 50,3 центнер, Туркияда 40 центнер, Бразилияда 42,2 центнер, Мексикада 37,6 центнерни ташкил этган бир пайтда, Ўзбекистонда 25 центнердан ошмасди...
Бугун ҳар қарич ердан самарали фойдаланиш орқали нафақат юқори ҳосилдорликка эришиш, балки ҳар бир гектар ердан кўпроқ даромад олишга алоҳида урғу берилмоқда. Шунинг учун кластерлар шарофати билан пахта майдони ёнида замонавий тўқимачилик фабрикалари барпо этиляпти. Ҳосил шу ернинг ўзида толага айлантирилиб, ундан тайёр кийим-кечак тикилмоқда. Ёки кластер қошида мини ёғ заводлари ишга туширилиб, ёғ, совун ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариляпти. Қисқача айтганда, ҳозир аграр соҳа янги инновацион лойиҳалар асосида ривожланиш палласига кирди.
Аслида, кластерларни шакллантиришдан кўзланган мақсад ҳам шаҳар, туман ва вилоят ичида жойлашган бир хил соҳа корхоналарини ҳамда улар билан ягона технологик «занжир»да бўлган таълим, илмий, муҳандислик, консалтинг, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ҳамда бошқа хизматларни уйғунлаштиришдир. Илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг бундай интеграциялашуви туфайли рақобатбардош товарлар яратишнинг яхлит инновацион платформаси вужудга келмоқда. Энг муҳими, бу жараёнлар аҳолининг бандлигини таъминлаш, турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилаётир.
Кластер тизимида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мутахассислар — деҳқонлар, олимлар, муҳандислар, агрономлар, иқтисодчилар, ветеринарлар, олий ва ўрта махсус таълим ўқув юртлари ўқитувчилари, талабалари, илмий ходимлар, хуллас, барча бир ёқадан бош чиқариб, ягона мақсад сари интилади. Бунинг эвазига пахта етиштиришдан тортиб, толани чуқур қайта ишлашгача бўлган беш босқичли жараённи қамраб олган, худдики, беш бармоқ йиғилиб, бир мушт бўлгани сингари кластерлар ҳам ягона ишлаб чиқариш «занжири»га бирлашган қудратли агросаноат мажмуига айланаётгани диққатга сазовор.
VI
Кейинги пайтда жаҳон бозорида пахта толасига бўлган талабга қараб, унинг баҳоси ўзгариб турибди. Аммо синтетик, ҳатто бамбук толалари саноатда кенг қўлланилаётган тараққиётнинг ҳозирги босқичида ҳам пахта толасига эҳтиёж айтарли сусайгани йўқ. Аксинча, аҳоли сонининг кўпайиши, даромади ортиб, турмуши фаровонлашуви каби омиллар табиий маҳсулотга рағбатни кучайтираётир.
Бироқ масаланинг бошқа нозик жиҳати шундаки, илгари даромаднинг асосий қисми йил бўйи қўли қавариб хирмон кўтарган ўзимизнинг деҳқон ёки фермерга эмас, тайёр хом ашёни чуқур қайта ишлаган чет элдаги ишлаб чиқарувчилар фойдасига хизмат қилгани барчамизни тафаккур юритишга ундайди.
Ҳисоб-китобларга қараганда, 1 килограмм пахта толаси хом ашё сифатида сотилса, унинг қиймати 1,5 долларни ташкил этади. Агар ундан калава ип йигириб сотилса, баҳоси 2,5-3 долларга етади, жинси матоси тўқилса 5 — 7 долларгача қиймат қўшилади, шундан жинси шим тикиб, тайёр маҳсулотга айлантирилса, 15 —- 25 доллар қўшимча қиймат ҳосил бўлади.
Кластерлаштириш туфайли қўшимча қиймат ўзимизда яратилиб, унинг фойдасини ўзимизнинг қора кўзлар кўра бошлади. Содда қилиб айтганда, кластерларда қишлоқ меҳнатчилари ва саноат ишчиларининг манфаатлари муштараклашди. Кластер иштирокчиларининг барча-барчаси — далада кетмон чопган қишлоқ хўжалиги меҳнатчиси ҳамда у етиштирган маҳсулотни чуқур қайта ишловчи саноат ишчилари ҳам якуний натижадан манфаатдор бўлади.
Шу ўринда кластер қайси омиллар ҳисобига ривожланяпти, деган савол туғилиши табиий, албатта. Бу ҳақда тўхталганда, қуйидаги энг муҳим жиҳатларни алоҳида санаб ўтиш, кифоя.
Биринчидан, кластер усулида маҳсулот етиштирувчи ва уни қайта ишловчилар манфаатларининг муштараклиги таъминланяпти.
Иккинчидан, у ўзида чигит экишдан тортиб, пахта етиштириш, уни бирламчи ва чуқур қайта ишлаш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилишгача бўлган «занжир»ли ишлаб чиқаришнинг тўлиқ ҳалқасини қамраб олмоқда.
Учинчидан, кластер иштирокчилари қишлоқ жойларга саноатни олиб кириш эвазига соҳада йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этишда ташаббускор бўлишмоқда.
Тўртинчидан, қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш орқали уларнинг бой ва фаровон яшаши учун қулай муҳит яратиб бериляпти.
Бешинчидан, кластерда қишлоқ хўжалиги ва саноат интеграциялашуви натижасида илғор инновацион ғояларни амалга ошириш учун қулай имкониятлар яратилмоқда.
Бу ҳақда сўз юритилганда, соҳадаги қалдирғоч мажмуа Бухоро вилоятидаги “BCT Cluster” пахта-тўқимачилик кластери фаолиятига назар ташлаш ўринлидир. Негаки, Президентимизнинг 2017 йил 19 майдаги «Бухоро вилоятида замонавий пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ташкил этилган мазкур кластер ўзида пахта етиштиришдан тортиб, то у тайёр маҳсулот ҳолига келгунича бўлган барча ишлаб чиқариш «занжири»ни тўлиқ жамлаган.
Кластер эҳтиёжи учун зарур миқдордаги пахта хом ашёси шу тизимда — Ромитан туманидаги “BCT Cluster Agrokompleks” масъулияти чекланган жамияти томонидан етиштирилса, хом ашё “Bukhara Cotton Textile” корхонасида чуқур қайта ишланиб, “Denim” жинси либослари ишлаб чиқарилади. Бу ерда тайёрланаётган органик тўқимачилик маҳсулотларини харидорларга тўғридан-тўғри етказиб бериш мақсадида юртимиз ва хорижий давлатларда савдо дўконлари очиляпти. Қувонарлиси, уларнинг дастлабкилари ҳозирги пайтда фаолият кўрсатмоқда.
Ўз брендига эга бўлган ушбу кластерда яқин келажакда тайёр маҳсулотларнинг 80 фоизи экспорт қилиниши режалаштирилган. Ўзбек пахтаси асосида ишлаб чиқарилаётган табиий маҳсулотни харид қилиш истагидаги ҳамкорлар сафи эса ой сайин кенгаймоқда. Айни пайтда “Collins” компанияси билан шартнома имзоланиб, биринчи партия маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, “DeFacto”, “Carrera Jeans”, “LCWaikiki”, “Inditex Group”, “Zara” сингари халқаро брендлар билан музокаралар олиб бориляпти. Улар билан ҳам амалий келишувга эришилиши ўзбек миллий брендининг жаҳон бозорида оммалашишига хизмат қилади, албатта.
VII
Пахта техник экин бўлгани билан тўлиқ қўл меҳнати асосида парваришланадиган, ҳатто ҳосили ҳам қўлда йиғиштириб олинадиган зироат турига айланиб, бу қишлоқ аҳолисининг бош оҚриҚига айланган азоб эди. Эгатга минг энгашиб, чигитни ягана қилган, бегона ўтлардан тозалаган, саҳармардондан шомгача кетмон уриб, чопиқ қилган хотин-қизлар аксар ҳолларда фақат ғўзапоя учунгина ишлаганини биласизми?! Афсуски, бу — ҳақиқат!
Кластерлар олдига қўйилган бирламчи вазифа шундаки, қишлоқ хўжалигида қўл меҳнатини минимал даражага тушириш, механизациялаштиришни максимал даражага олиб чиқишдир. Қолаверса, соҳада кўпроқ иш ўринлари яратиб, меҳнат қилаётган одамларга муносиб иш ҳақи олишини таъминлашдир. Амалда бунга қанчалик эришиляпти, дерсиз.
Келинг, бу саволга жавобни Қуйи Чирчиқ туманидаги «ТCT Сluster” кластери фаолияти мисолида излаймиз.
Эътироф этиш керакки, ушбу кластер янги тузилманинг афзалликларини амалда тўлиқ исботлади. Туманда кластер усулига ўтилмасидан олдин пахтадан гектарига 11 — 13 центердан ҳосил олинган, холос. Экин майдонлари кластер ихтиёрига берилгач, биринчи мавсум — 2019 йилнинг ўзида гектаридан ўртача 35 центнердан пахта етиштирилиб, ялпи ҳосил 30 минг тоннадан ошди. 2020 йилда эса 10 минг гектарда ғўза парваришланиб, биринчи терим якунланмасдан туриб, шартномавий режадаги 34 минг тонна пахта хом ашёси йиғиштириб олинди. Мавсум якунлари бўйича ўртача ҳосилдорлик 40 центнердан ошди. Бу — масаланинг бир жиҳати.
Унинг иккинчи томони шундаки, туманда фермер хўжаликлари давридаги меҳнатчилар сони 898 нафар, ўртача иш ҳақи эса 550 минг сўм бўлган бўлса, «ТCT Сluster«да 8 минг 600 та янги иш ўрни яратилди, ўртача иш ҳақи эса 4 марта кўп — 2,1 миллион сўмга етказилди. 2019 йилда фермер хўжаликлари давридаги 7,9 миллиард сўм ўрнига 28,7 миллиард сўм, 2020 йилда эса 53 миллиард сўм солиқ тўловлари тўланди.
Энг муҳими, пахта-тўқимачилик кластерида мавсумий ишчи деган тушунчага барҳам берилмоқда. Кластерларда одамлар йил — 12 ой бандлиги таъминланяпти. Улар худди завод ва фабрикалар ишчиларидек, қишин-ёзин меҳнат қилиб, ойлик маош олишаётир.
Кластерларнинг кейинги режаси ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришдир. Шу мақсадда кластер тизимида яқин келажакда ҳафтада бир марта «истеъмол саватчаси»ни тарқатиш йўлга қўйилади. Ушбу саватда кластернинг ўзида етиштириладиган энг муҳим истеъмол товарлари, шу жумладан, гўшт, ёғ, гуруч, ун, сариёғ, сут ва сут маҳсулотлари ўрин олади. «Истеъмол саватчаси»нинг бозордаги нархи ўртача 1,5 миллион сўмни ташкил этгани ҳолда, кластер меҳнатчиларига маошидан атиги 50 минг сўм ушланиши эвазига тақдим этилади. Бир ойда кластернинг ҳар бир ходими тўртта шундай саватча олади. Бунинг учун 2 миллион сўм иш ҳақидан бор-йўғи 200 минг сўм ушлаб қолинади холос. Шу тариқа кластер ходимлари оилалари учун кундалик озиқ-овқат маҳсулотларининг барқарор таъминотига эришилади. Кластерда пахтачилик билан бирга, чорвачилик, шоличилик, ғаллачилик, балиқчилик тармоқлари ҳам ривожлантирилиши сабабли қишлоқ аҳолиси учун мана шундай имкониятлар пайдо бўлади.
Мухтасар айтганда, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакат қишлоқ хўжалигида юз бераётган эврилишлар, айниқса, пахтачиликдаги кластерлаштириш замирида пахта сиёсати ва монокультурасидан чиқиш, пахтачиликни энг сердаромад тармоқлардан бирига айлантириш, халқимизни оғир меҳнатдан халос этиб, бой қилишдек эзгу мақсад-муддаолар мужассамдир. Токи, деҳқон унумдорлиги паст ерларга чигит қадаб, вақтини, нақдини беҳуда совурмасин, тупроқ-иқлим шароитига мос экин экиб, меҳнатига яраша фойда кўрсин. Ҳамма пахта далаларига сафарбар қилинмасдан, пахта етиштириш ва қайта ишлаш билан соҳанинг эгаси — кластерлар шуғуллансин.
Мамлакатимизда пахта хом ашёси етиштириш ва уни чуқур қайта ишлаш салоҳияти шунчалик юқорики, ҳар йили ўртача 1 миллион тоннадан ортиқ пахта толаси олинса, уни чуқур қайта ишлаш эвазига 25 миллиард долларликдан ортиқ қўшимча қиймат яратиш мумкин. Кластерлар бугун ушбу натижага эришиш йўлида давлатимиз раҳбарининг инновацион Қояси асосида жипслашиб, меҳнат қилмоқда.
Муртазо РАҲМАТОВ,
«Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари» уюшмаси раиси,
иқтисодиёт фанлари доктори, сенатор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Болливуд юлдузи Мумбайдаги уйида пичоқлаб кетилди
- ҲАМАС ва Исроил ўт очишни тўхтатишга келишиб олди
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Пойкентдан Ўрта Осиёда энг қадимий саналган металл қуроллар топилди
- Бир хум тилла топиб олинди. Ушбу хазинада Ғарбий Рим империяси императорининг суратлари туширилган 141 дона олтин танга бор
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг