Паҳлавон Маҳмуд издошлари Хоразмда беллашмоқда

10:51 21 Апрель 2025 Жамият
119 0

Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Ҳар бир мамлакат, ҳар бир халқнинг ўзига хос миллий спорт ўйинлари бор. Кураш халқимизнинг ана шундай ўлмас қадрияти бўлиб, уч ярим минг йиллик тарихга эга. Ўтмишда фақат тўй ва сайллар, ҳудудий қамрови чекланган мусобақалар доирасида ташкил қилинган кураш беллашувлари эндиликда жаҳон миқёсига чиқди.

Бугунги кунда Кураш халқаро ассоциацияси дунёнинг бешта қитъасидаги 130 дан ортиқ миллий федерацияни бирлаштирган. 2017 йилда Осиё Олимпия кенгаши томонидан миллий кураш тарихда илк бор Ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилди. Айниқса, кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан миллий курашни янада оммалаштириш ва дунёга танитиш бўйича жуда катта ишлар амалга оширилди. Буюк аждодларимиздан мерос қолган бу спортнинг бой анъаналари ва қадриятларини келажак авлодларга етказиш, уни миллий спортимиз бренди сифатида жаҳонга тарғиб қилиш ва ёшларнинг унга бўлган қизиқишини рағбатлантириш мақсадида қитъа ва жаҳон чемпионатлари, халқаро турнирлар уюштирилмоқда. Натижада мардлик, жасурлик, ватанпарварлик ғояларини ўзида мужассам этган миллий спортимиз дунё бўйлаб кенг оммалашмоқда.

Айни кунларда Хоразм вилояти кураш бўйича яна бир нуфузли тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган ИВ халқаро турнирга мезбонлик қилмоқда.

— Маълумки, умр бўйи кураш тушиб, кураги ерга тегмаган Паҳлавон Маҳмудни барча полвонлар ўзларига пиру устоз деб билади, — дейди Ўзбекистон Кураш федерацияси Хоразм вилояти бўлими ижрочи директори Ортиқ Полвонов. — У зот туғилиб ўсган ва мангу қўним топган Хоразмда кураш азалдан элнинг фахри, ғурури, бетакрор қадрияти даражасига кўтарилган. Шу боис Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган халқаро турнир айнан шу заминда ташкил қилинади. Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилаётган ИВ халқаро турнирда Марказий Осиё давлатларининг номдор полвонлари иштирок этишяпти.

— Кураш спорти бўйича уюштириладиган халқаро турнирлар орасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган турнирнинг алоҳида ўрни ва нуфузи бор, — дейди мусобақа финалчиси қирғизистонлик полвон Ийман Қамчибеков. — Ушбу турнир Марказий Осиё халқлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Турнирда 5 та мамлакатнинг 80 нафардан зиёд курашчилари 10 та вазндаги беллашувларда ғолиблик учун кураш олиб боради. Шунингдек, турнир дастури доирасида Хива шаҳридаги Паҳлавон Маҳмуд музейида кураш бўйича кўргазмали чиқишлар ва чет эллик кураш мутахассислари иштирокида халқаро семинар ўтказиш режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?