Ўзбекистон—Малайзия таълим форуми: тараққиётнинг тамал тошини биргаликда қўямиз

09:29 12 Февраль 2025 Жамият
190 0

Миллий тараққиёт, жаҳон ичра тенг бўлиш ва дунёга чиқиш ҳеч қачон силлиқ кечмаган. Дунё ҳамжамиятидан ўрин олиш учун амалий ҳаракатлар, якдиллик, муштарак мақсадлар, юксак тафаккур, билим ва таълим зарур.

Аёнки, ХIХ аср охири — ХХ аср бошларида Туркистон жадидларининг дастурида бир қатор вазифалар қўйилган бўлиб, уларнинг асосийларидан бири — халқ таълимида ислоҳотлар олиб бориш ҳамда маданият, фан ва техника каби ҳаётий муҳим соҳаларда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш ва улардан Туркистоннинг иқтисодиёти, саноати ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда фойдаланиш эди.

Аҳамиятлиси, жадид мутафаккирларимиз дастуридаги вазифалар ҳозирга қадар ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда ва янги Ўзбекистон шароитида мамлакатимизнинг “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ўз аксини топди. Таълим тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди ва бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилаётир.

Хусусан, инсон капиталига сармоя киритиш, таълимни ислоҳ қилиш, билим даргоҳлари инфратузилмасини такомиллаштириш, ўқитувчилик касбининг мавқеини ва таълим сифатини ошириш, фарзандларимизни ҳар жиҳатдан етук, интеллектуал салоҳиятли, эртанги кунимиз суянчи ва таянчи бўла оладиган инсонлар сифатида камол топтиришга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Бунинг ифодасини соҳада замонавий педагогик технологиялар, ривожланган давлатлар тажрибаси кенг қўлланаётгани, таълим-тарбия жараёни инновацион ёндашувлар асосида олиб борилаётгани, ахборот-коммуникация технологиялари, мультимедиа воситаларидан оқилона фойдаланилаётгани, халқаро миқёсда ҳам таълим ва тажриба алмашув жараёни изчил ривожланиб бораётгани каби истиқболли одимларда кўриш мумкин.

Чиндан-да, келажагимизни бугунги кунда илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди. Чунки давлатнинг келгуси равнақи айнан шу соҳада қўлга киритилган ютуқлар билан чамбарчас боғлиқдир. Президентимизнинг олий таълим тизимини ислоҳ қилишга оид қатор Фармон ва қарорларида халқаро стандартлар асосида юқори малакали, креатив ва тизимли фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган кадрлар тайёрлаш, соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш каби аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Шулардан бири — академик уюшмалар, талабалар, ёш олимлар ва профессор-ўқитувчиларнинг тажриба алмашиш ташаббусларини кенгайтириш мақсадида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш ҳам доимий кун тартибида. Зеро, Ўзбекистоннинг энг муҳим стратегик мақсади ҳам дунёнинг ривожланган давлатлари қаторига таълим-фан интеграциялашуви асосида кириб бориш, барқарор иқтисодиётга эришиш билан фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришига шарт-шароит яратишдир.

Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг таклифига биноан 4-5 февраль кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлгани таълим соҳаси учун ҳам истиқбол эшикларини очди, десак, айни ҳақиқатдир. Ташриф давомида икки давлат ўртасидаги кенг кўламли шерикликни янада ривожлантиришга қаратилган қўшма баёнот ва салмоқли битимлар тўплами қабул қилинди.

Малайзия — бугунги кунда нафақат Жануби-Шарқий Осиёда, балки бутун жаҳонда жадал тараққий этиб бораётган давлат, Ўзбекистоннинг вақт синовларидан ўтган ишончли ҳамкори. 34 миллион нуфусга эга бу ўлка халқаро майдонда иқтисодий тараққиёти ва илм-фан соҳасида эришаётган ютуқлари билан обрў-эътибор қозонмоқда. Айни чоғда у ўз минтақасида юқори технологияли саноат, электроника экспорти ва туризмга асосланган кучли иқтисодиётга эга мамлакатлардан биридир.

Пойтахт Куала-Лумпур улкан молиявий салоҳиятга эга ва Глобал молия марказлари индексига кўра дунёда 22-ўринни эгаллайди. Айни чоғда дунёдаги йирик исломий молия маркази ҳисобланади.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон ҳамда Малайзия алоқалари мустаҳкам дўстлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик, умумий дин ва ўхшаш маданий қадриятларга таянади. Ўзаро шерикликнинг имкониятлари катта.

Масалан, Малайзия ҳукумати халқаро муносабатлар мустақиллик, суверенитет, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, низоларни тинч йўл билан ечиш мустаҳкам ҳамкорлик ҳисобига қурилиши керак, деб ҳисоблайди. Бу қарашлари прагматик ва очиқ ташқи сиёсат юритаётган Ўзбекистоннинг позициясига мос келади. Ривожланиш ва модернизацияга қаратилган “Ўзбекистон — 2030” ва “Малайзия Мадани” стратегик дастурларининг мақсад ва вазифалари ўхшаш.

Малайзия ва Ўзбекистон савдо, инвестиция ва технологик алмашинув орқали иқтисодий жиҳатдан янада мустаҳкамланмоқда. Туризм, маданий ва таълим соҳасида ҳам яқинлик кузатилади. Малайзияда ўзбекистонлик талабалар таҳсил олаётгани, илмий тадқиқотлар борасида қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани бу соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.

Айниқса, олий даражадаги ташриф арафасида 4 февраль куни “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда олий таълим соҳасидаги имкониятлар ва ташаббуслар” мавзуида Ўзбекистон — Малайзия биринчи таълим форуми ўтказилгани эътиборга моликдир. Унда ҳар икки мамлакатдан 25 тадан олийгоҳлар ректорлари иштирок этди.

Умуман, мазкур анжуман олий таълимда тажрибалар алмашиш ва келгуси стратегик мақсадлар юзасидан келишувларни амалга ошириш учун ҳам аҳамиятли ҳисобланади. Форумдаги муҳокамаларда муҳандис кадрлар тайёрлаш, таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси, “яшил” иқтисодиёт ва туризм, рақамлаштириш ва сунъий интеллект, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу форум якуни бўйича инвестициявий ҳамкорликни амалга ошириш, дуал таълим тажрибалари, талабалар алмашинуви дастурларини йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчиларнинг малака оширишлари ва илмий тадқиқот ишларида ҳамкорлигини кучайтириш каби қатор академик масалалар юзасидан 55 та шартнома имзоланди. Бунинг натижаси ўлароқ, ҳозирги кунда фақат Тошкент ва Урганч шаҳарларида Малайзиянинг Бинари университети фаолият юритиб келаётган бўлса, эндиликда юртимизда дунёнинг етакчи рейтинг агентликлари рўйхатидан ўрин олган Малайзия университетлари сони ўсиши ҳам кутилади.

Анжуман доирасида Малайзия олий таълим вазири Замбри Абдул Кадир, “UCSI” университети ҳамда Малая университети раҳбарлари билан учрашувлар якунида бир қатор келишувларга эришилди, жумладан:

— Ўзбекистон ва Малайя университети ўртасида қўшма тадқиқот лойиҳаларини ривожлантириш учун қўшма молиялаштириш грантлар тизимини жорий этиш;

— энергетика, аэрокосмик технологиялар ва бошқа соҳаларда қўшма тадқиқот дастурларини йўлга қўйиш, илғор тадқиқотлар марказларини ташкил этиш;

— Тошкент ахборот технологиялари университети билан Малайзиянинг “Heriot-Watt” университети ҳамкорлигида мамлакатимизда “R&D” марказини ташкил этиш;

— “Universiti Teknikal Malaysia Melaka” ҳамда Ўзбекистоннинг Тошкент ахборот технологиялари университети ва Бухоро муҳандислик технологиялари институти ҳамкорлигида талабалар ҳамда профессор-ўқитувчилар алмашинуви ва ёзги мактаб дастурларини жорий этиш;

Малайзия фан, технологиялар ва инновация вазири Чанг Ли Кан билан бўлиб ўтган учрашув якунлари бўйича эса туризм, “яшил” иқтисодиёт, юқори технологиялар ҳамда олий муҳандислик соҳасида етук кадрларни тайёрлашда ҳамкорлик қилиш, жумладан, жорий йил август ойида “Universiti Teknikal Malaysia Melaka” университети Лидер аёллар саммитини ташкил этиш; водород энергетикаси, сунъий интеллект, биотехнология ва космик технологиялар каби икки мамлакат учун долзарб соҳаларда ҳамкорлик қилиш;

Ўзбекистоннинг “Inno” инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопаркида “MRANTI” агентлиги офисини очиш, бу орқали технологиялар трансферини амалга ошириш, мамлакатимиздаги ёшлар технопарки аъзолари иштирокида семинар-тренинглар уюштириш бўйича келишувларга эришилди.

Шунингдек, Султон Идрис номидаги педагогика университетида ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқандда ўтказилишига оид тарғибот тадбири ҳамда икки мамлакат туризм соҳаси, миллий маданий буюмлар ва либослар кўргазмаси ташкил этилди. Унда 2 мингга яқин иштирокчилар, жумладан, Малайзиянинг 30 га яқин етакчи олийгоҳлари раҳбарлари қатнашди.

Тадбирда юртимизнинг бой илмий ва маданий мероси, мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар, янги Ўзбекистонни барпо қилиш жараёнини ёритувчи видеолавҳалар ҳавола этилди.

Меҳмонларга ўзбек мақом ва бахшичилик санъати дурдоналари ижро этилиб, кўргазмада тақдим қилинган каштачилик намуналари, миллий либослар, кулолчилик ва ўйма нақш берилган ёғоч буюмлари ҳамда миллий таомларимиз тадбир иштирокчиларида илиқ таассурот қолдирди.

Албатта, ғоят самарали ва муваффақиятли ўтган ташриф давомида турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликка оид имзоланган ҳужжатлар, келишувлар мазмун-моҳиятини бир мақолада қамраб олишнинг имкони йўқ. Шу ўринда Султон Идрис номидаги педагогика университети директорлар кенгаши раисаси Роҳани Абдуллоҳнинг қуйидаги сўзларини келтиришни жоиз топдик:

Бугун Малайзия ва Ўзбекистон ўртасидаги таълим муносабатлари тарихида муҳим босқич бўлди, чунки биз олий таълим келажаги ва унинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги муҳим ролини муҳокама қилиш учун йиғилдик. Мазкур форумнинг ўзига хослиги унинг Малайзияда илк бор ўтказилаётганлиги бўлиб, икки халқ ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичда ривожланиши рамзи ҳисобланади. Малайзия ва Ўзбекистон маданий ва таълим соҳасидаги юксак ютуқларга эга бўлган бой меросга эга ва бугунги кунда биз ушбу пойдеворга асосланиб, ўзаро манфаатли бўлган ҳамкорлик алоқаларини ўрнатмоқдамиз.

Ўзбекистон ва Малайзия университетлари вакилларидан иборат ушбу форум фикр алмашиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари учун яхши платформа бўлиб хизмат қилишига ишонч билдираман”.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Малайзияга расмий ташрифи икки томонлама серқирра ҳамкорликни кенгайтириш йўлида муҳим аҳамият касб этди. Бугун давлатимиз раҳбари илгари сураётган, бизнинг олдимизга энг муҳим вазифа қилиб қўяётган масала ҳам шу — таълим сифатини ошириш орқали мамлакатимизни тараққий эттириш, халқимиз турмуш даражасини юксалтиришдир. Бу кенг қамровли алоқаларнинг натижалари эса, шубҳасиз, яқин келажакда ўз сўзини айтади.

Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

Ўзбекистон Республикаси олий таълим,

фан ва инновациялар вазири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?