Ўзбекистондаги Америка савдо палатаси аъзолари билан Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди

12:32 11 Октябр 2021 Сиёсат
257 0

Фото: senat.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ўзбекистондаги Америка савдо палатасининг мурожаатига мувофиқ, палата аъзолари бўлган хорижий компаниялар раҳбарияти ва вакилларининг республикамиз тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари билан навбатдаги учрашувини ташкил этди.

Видеоконференцалоқа форматида ўтган ушбу учрашувда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси вакиллари чет эллик шерикларнинг саволларига жавоб беришди.

Тадбирда солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш масалалари, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий компанияларни ташвишга солаётган бошқа муаммолар муҳокама қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Р. Алимов, Ўзбекистондаги Америка савдо палатаси президенти Шадаб Аҳмад Хон, Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вакиллари, шунингдек, манфаатдор мамлкатимиз ва чет эл компаниялари иштирок этди.

Очиқ ва конструктив суҳбат давомида республиканинг кўрсатилган идоралари раҳбарияти ва мутахассислари барча саволларга атрофлича жавоблар, шарҳлар ва муҳим тавсиялар беришди.

Ўзбекистондаги Америка савдо палатаси вакиллари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ва Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбариятига очиқ ва конструктив мулоқот, тадбиркорлик тузилмалари фаолиятида юзага келадиган муаммоларни муҳокама қилишга тайёрлик учун миннатдорлик билдирди. Бундай мавзуга доир маслаҳатлашувлар амалиётини давом эттиришдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?