Ўзбекистонда сувли-ботқоқли ерларни муҳофаза қилиш бўйича Миллий стратегия ишлаб чиқилади

12:00 15 Февраль 2024 Жамият
127 0

Самарқандда бўлиб ўтаётган CMS COP14 халқаро конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Сувли-ботқоқли ҳудудлар тўғрисидаги “Рамсар” конвенцияси бош котиби Мусонда Мумба билан учрашди.

Вазир юқори мартабали меҳмонга Самарқандга ташрифи ва Ёввойи табиатнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенцияси иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилишидаги иштироки учун миннатдорлик билдирди.

Учрашувда Ўзбекистон, хусусан, Самарқанд глобал экологик мулоқотлар марказига айланаётгани, хусусан, яқинда БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси (CRIC-21) ўтказилгани ва апрель ойида Самарқанд Иқлим бўйича халқаро форумга мезбонлик қилиши таъкидланди.

“Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Ўзбекистон ҳукумати учун чинакам устувор вазифага айланди. Мамлакат Президентининг Дубайда бўлиб ўтган COP28 иқлим саммитидаги иштироки ҳам фикримизнинг исботидир. Давлатимиз раҳбари томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш механизмларини янада қаттиқроқ қўллаш, муқобил энергия манбаларига ўтиш ва экологик таълимни кучайтиришга катта эътибор қаратилмоқда, — деди Азиз Абдуҳакимов. — Биз Марказий Осиё минтақаси глобал иқлим муаммоларини бартараф этиш, умумий фаровонлик йўлида бирлашиши тарафдоримиз”.

Учрашув давомида “Рамсар” конвенцияси билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани таъкидланди. Вазир “Жилтирбас” кўли халқаро аҳамиятга эга бўлган сувли-ботқоқли ерлар рўйхатига киритилгани учун ташаккур билдирди.

Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистоннинг 5 та ҳудуди “Рамсар” конвенцияси рўйхатига киритилди. Булар: “Денгизкўл” кўли (2001), Айдар-Арнасой кўллар тизими (2008), “Тўдакўл” ва Қуйимозор сув ҳавзалари, Судочье (2023) ҳамда “Жилтирбас” (2024).

“Жилтирбас кўлининг халқаро аҳамиятга эга бўлган сувли-ботқоқли ҳудудлар рўйхатига киритилиши биз учун ушбу ҳудудда табиатни муҳофаза қилиш чораларини янада кучайтириш учун қонуний асос бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, бу ерда экотуризмни ривожланиш учун имконият яратади”, — деди Азиз Абдуҳакимов.

Учрашувда, шунингдек, ГИЗ ташкилоти билан ҳамкорликда “Судочье” кўли ҳудудини бошқариш, сувли-ботқоқли ерларни муҳофаза қилиш бўйича Миллий стратегия ишлаб чиқиш режалаштирилаётганлиги қайд этилди. Бу стратегия “Рамсар” объектларини қамраб олади ва сувли-ботқоқли ерлар ҳамда сув ҳавзаларини муҳофаза қилишни кучайтиришга замин яратади.

Учрашув давомида Мусонда Мумба экология соҳасидаги фидоий хизматлари учун “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Азиз Абдуҳакимов “Рамсар” бош котибига атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.

Якунида атроф-муҳит ва сувли-ботқоқли ерларни асрашга қаратилган амалий ишлар ва ташаббусларни йўлга қўйиш, Ўзбекистонда, шунингдек, минтақавий миқёсда — Марказий Осиёда “Рамсар” объектлари тармоғини ривожлантириш ва сув қушлари турларини трансчегаравий сақлаш, “Рамсар” объектларида туризм имкониятларини ўрганиш, жамоатчилик ва ёшларни жалб қилиш борасида ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?