Ўзбекистонда шоир Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллиги кенг нишонланади
Президентнинг “Атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори имзоланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қарорга кўра, шоирнинг “Танланган асарлар” тўплами ўзбек ва қорақалпоқ тилларида нашр қилинади. Унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб яратилган бадиий, илмий-оммабоп асарлар қайта чоп этилади ва тақдимотлари ўтказилади.
Давлат буюртмасига биноан Ажиниёз Қўсибой ўғлининг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган саҳна асарлари ҳамда “Ажиниёз” бадиий-публицистик фильми яратилади. Нукус шаҳрида шоир ижодига бағишланган “Айт, сен Ажиниёзнинг қўшиқларидан” мавзусида мамлакат ёш ижодкорларининг танлови, ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида Ажиниёз Қўсибой ўғли ҳаёти ва ижодига бағишланган иншолар танлови ўтказилади.
2024 йилнинг сентябрь ойида Бадиий академиянинг Марказий кўргазмалар залида Ажиниёз Қўсибой ўғлининг ҳаёти ва ижодига бағишланган китоблар, тасвирий санъат асарлари ва халқ амалий санъати намуналари кўргазмаси ўтказилади. Октябрь ойида Қорақалпоқ давлат университети ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Ажиниёз Қўсибой ўғлининг адабий меросини ўрганиш мавзусида халқаро илмий-амалий конференциялар уюштирилади.
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида шоир музейи ташкил қилинади. Ажиниёз Қўсибой ўғлининг Мўйноқ туманидаги қабри ободонлаштирилади ва унга ёдгорлик ўрнатилади. Мазкур туманда Ажиниёз Қўсибой ўғли номидаги экопарк барпо этилади.
Мамлакатдаги олий ва ўрта махсус, профессионал, умумий ўрта таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли ёзувчи ва шоирлар, олимлар иштирокида Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигига бағишланган учрашув ва адабий кечалар уюштирилади.
2024 йилнинг ноябрь ойида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик театрида Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигига бағишланган тантанали адабий-бадиий хотира кечалари ташкил этилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Тошкентда дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар ўртасида ХІХ халқаро мини-футбол турнири ташкил этилди
- Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг