Ўзбекистонда оламшумул янгилик: юртимизда илм-фан ютуқлари ва инновацион ғоя асосида органик хлорелла ишлаб чиқарилмоқда

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
Тошкент вилоятининг Бўка туманида ташкил этилган “Органик Хлорелла” МЧЖ томонидан амалга оширилишига киришилган истиқболли лойиҳа илм-фан ютуқлари ҳамда инновацион ғояларни ўзаро уйғунлаштиргани билан аҳамиятлидир.
Табиий ва экологик жиҳатдан тоза, кимёвий бирикмалардан холи бўлган соф биологик ўғит – органик хлорелла тайёрланиши жараёнида унга 20 га яқин микро ва макро элементлар қўшилади. Шу боис органик хлорелла жаҳон тажрибасида қишлоқ хўжалигининг пахта ва ғаллачилик, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик сингари тармоқларида кенг қўлланилади. У фойдали оқсилларга бойлиги учун пахта ва ғалла ҳосилини ошириш, сифатини яхшилаш, мева-сабзавотлар, чорва моллари, парранда гўшти ва тухуми, асалари маҳсулдорлигини кўпайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, органик хлорелла тупроқ унумдорлигини ошириш, табиий қувватини яхшилаш, шўрини ювишда жуда қўл келади. Ўз навбатида ундан балиқ боқиладиган сув ҳавзаларини тозалаш, ичимлик ва оқова сув тармоқларида йиғиладиган зарарли микроблар, нохуш ҳидларни кетказишда самарали фойдаланиш мумкин.
Хўш, органик хлорелла ўзи нима? У сув ўсимлиги бўлиб, интенсив усулда етиштирилади. Интенсив етиштиришга махсус ўсиш шароитлари учун маълум бошқарув тизимлари билан сув ҳовузи ёки аквариумда қатъий белгиланган ўсиш тизимини ташкил этиш орқали эришилади. Хлорелла яшил сув ўтларига мансуб бир ҳужайрали тирик организм, микроскопик сув ўтидир. Бу сув ўтлари таркибида кўп миқдорда витаминлар, антиоксидантлар, микро ва макроэлементлар, муҳими аминокислоталар мавжуд.
“Органик Хлорелла” МЧЖ томонидан амалга татбиқ этилаётган лойиҳа қиймати 2 миллион доллар бўлиб, у тўрт босқичда 2023-2026 йиллар давомида амалга оширилади. Ҳозирда хорижлик ва юртимиз олимлари билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Бўка, Самарқанд вилоятининг Оқдарё, Қашқадарё вилоятининг Косон туманлари фермер хўжаликларида пахта ва ғаллачиликда органик хлорелладан фойдаланиш бўйича амалий тажрибалар ўтказиляпти. Дастлабки натижа ва хулосалар чакки эмас.
Органик хлорелла қишлоқ хўжалигида ғоятда фойдали. Хусусан, амалиётда пахта ва ғалла ҳосилини ўртача 30, шоли ҳосилдорлигини 50 фоизгача ошириши исботланган. Чунки у табиатда ўзини ўзи кучли ҳимоя қилиш хусусиятига эга. Шу боис, бу йилги органик хлорелла қуёш ҳарорати, намлик таъсирида қишда уйқуга кетиб, кейинги йили яна она заминнинг табиий қувватини оширишга ёрдам беради.
Ҳозирда кунига 3 тонна органик хлорелла ишлаб чиқарилиб, буюртмачиларга етказиб бериляпти. Айни жараёнда Ўзбекистон Фанлар академияси билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилгани туфайли ишлаб чиқаришдан бошлаб, амалиётда қўллаш ва натижасини таҳлил қилиб боришгача бўлган барча юмушлар назоратга олинган.
Шу кунларда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида 9 гектар ер олиниб, замонавий мажмуа барпо этишга киришилди. Бу лойиҳа фойдаланишга топширилгач, кунига 10 тонна органик хлорелла ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Бу ерда қуюқ ҳолатдаги органик хлорелла ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш мақсад қилинган. Ҳозирда Марказий Осиё, умуман жаҳон бозоридаги талаб ва таклифни ўрганиш учун маркетинг ишлари олиб бориляпти.
Мамлакатимиз эҳтиёжини қондириш борасида эса бир йилда битта туманга ўртача 3 минг тонна органик хлорелла биоўғити керак бўлиши ҳисоб-китоб қилинди. Таъминот барқарорлигига эришиш учун Қашқадарё вилояти маркази – Қарши шаҳрида корхонанинг яна бир филиалининг ишга тушириш бўйича бизнес-режа тайёрланди.
Ўз навбатида органик хлорелла ёрдамида инсон соғлиғини мустаҳкамловчи минерал сув ичимлик ишлаб чиқариш ҳам кўзда тутиляпти. Шу кунларда тажриба-синов тариқасида тайёрланган дастлабки маҳсулотлар мутасадди идораларга тақдим этилган бўлиб, патентлаштириш жараёни давом этмоқда.
Ҳар бир инсон учун кунига 0,5 литр фойдали дармондориларга бой органик хлорелла минерал суви ичиш тавсия этилади. Буни кунига икки маҳал - эрталабки нонушта ва кечки овқат олдидан ичиш зарур. Шу тариқа ушбу минерал сув организмни зарарли токсинлардан тозалайди.
Органик хлорелла минерал суви саратон, қандли диабет, қон босими, тери касалликларида профилактик чора сифатида қўлланади.
Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, бугунги кунга қадар мамлакатимизга органик хлорелла биомаҳсулоти асосан Россиядан импорт қилинган. Бу маҳсулотдан фақат балиқчилик соҳасида фойдаланилган, холос.
Эзгу ташаббус доирасида эндиликда ушбу маҳсулот ўзимизда ишлаб чиқарилиб, ички бозор эҳтиёжи тўлиқ қопланади, яқин истиқболда экспорт қилиш ҳам йўлга қўйилади.
Муҳтарам Президентимиз ҳар гал мамлакатимиз зиёлилари, олимлар, олий таълим муассасалари раҳбарлари, ёшлар билан юзма-юз суҳбатлар давомида илм-фан ютуқларини амалиёт билан ўзаро интеграция қилиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратади. Юрт равнақ-ривожини таъминлашда билим, инновация, таълимдан бошқа нажот йўқ эканлигини таъкидлайди.
Шу маънода, “Органик Хлорелла” МЧЖ фаолияти ташкил этилиши ва тобора ривожланиб боришида тадбиркорлик ташаббуси, инновацион ғоя ва илм-фан намояндаларининг ўзаро самимий ҳамкорлиги бу борадаги эзгу мақсадлар ижобатининг амалдаги яна бир тасдиғидир.
Ботир Омон “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг