Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–219-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
1. Қуйидагилар мазкур қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб белгилансин:
(а) урбанизация ва уй-жой соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш;
(б) Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси (кейинги ўринларда – Миллий қўмита) фаолиятини ташкил этиш;
(в) урбанизация ва уй-жой соҳасида давлат органлари ўртасида ўзаро интеграцияни ташкил этган ҳолда ҳамкорликни янада ривожлантириш;
(г) урбанизация ва уй-жой соҳасида етакчи хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш.
II. Давлат органи масъулиятини ошириш
2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра қуйидаги масалаларни ўз ичига олган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Миллий қўмита билан мажбурий келишилиши шарт:
(а) уй-жойлар қурилишида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари;
(б) Нукус ва Тошкент шаҳарларида, вилоятлар марказлари ва бошқа агломерацияларда уй-жой ҳамда нотурар жой мажмуаларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш;
(в) “Янги Ўзбекистон” массивларида ва бошқа массивларда кўп квартирали уйлар қурилиши бўйича йиллик мақсадли кўрсаткичларни тасдиқлаш;
(г) комплекс қурилиш лойиҳалари амалга ошириладиган ва “Янги Ўзбекистон” массивлари қуриладиган ҳудудларни белгилаш.
3. Белгилаб қўйилсинки:
(а) Миллий қўмита бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 50 та штат бирлигидан иборат бўлади;
(б) Миллий қўмита лойиҳавий бошқарув тамойили асосида ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижий мутахассис ва экспертларни, шу жумладан, олимлар, илмий изланувчилар ва тадқиқотчиларни тўғридан-тўғри шартномалар асосида жалб қилиши (ишга олиши) мумкин;
(в) Миллий қўмита фаолияти Давлат бюджети маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Миллий қўмита Тошкент шаҳри, Зулфияхоним кўчаси, 1а-уйда жойлашган маъмурий бинога оператив бошқариш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
III. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
6. Ушбу қарорнинг самарали ижросини ташкил этиш учун масъул ва шахсий жавобгар этиб Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси белгилансин.
7. Қарор ижросини назорат қилиш ва ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш.Мирзиёев
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг