Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан муҳим ташаббусларни илгари сурди

18:22 02 Июнь 2023 Сиёсат
4240 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Чўлпонота шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи етакчиларининг иккинчи учрашувида иштирок этди.

Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров раислигида ўтган тадбирда Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишель, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Нурмуҳаммад Аманнепесов ҳам қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ҳамда долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида етакчиларнинг Остонада ўтган биринчи учрашувидан сўнг ўтган қисқа даврда конструктив сиёсий мулоқот ва кўп қиррали шерикликни ривожлантириш бўйича катта ишлар қилинганини таъкидлади.

Жумладан, Минтақавий ўзаро боғлиқлик бўйича юқори даражадаги конференция ўтказилиб, унда рақамлаштириш, транспорт коммуникациялари, энергетика ва сув ресурсларини бошқариш соҳаларидаги лойиҳаларни, шу жумладан, Европанинг “Глобал дарвоза” стратегияси доирасида илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Марказий Осиёда барқарор энергетика тизимини яратиш ҳамда профессионал таълим соҳасида бир қатор муҳим минтақавий лойиҳалар бошланди.

Фуқаролик жамияти форуми, иккинчи Иқтисодий форум ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши муваффақиятли ўтказилди.

– Бу тадбирлар бизнинг европалик шерикларимиз билан мулоқотларимиз сифат жиҳатидан ва ижобий ўзгариб бораётганини яна бир бор кўрсатди, – деди Президентимиз.

Бугун Марказий Осиё Европанинг етакчи компания ва банклари учун жозибадорлик маркази ва янги иқтисодий имкониятлар маконига айлангани қайд этилди.

– Бу ўринда сўз замонавий саноат қувватларини яратиш, “яшил” энергетикани жорий этиш, “ақлли” қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ривожланган транспорт-логистика инфратузилмасини шакллантиришга қаратилган кенг инвестициявий ва технологик шериклик ҳақида бормоқда, – деди давлатимиз раҳбари.

Ўзбекистоннинг Евроиттифоқ билан ҳамкорлигига тўхталар экан, Президентимиз барча даражалардаги мулоқотлар сезиларли даражада фаоллашганини қайд этди. Хусусан, Франция, Германия, Венгрия ва Чехия етакчилари билан учрашувлар ўтказилди. Будапешт ва Стокгольмда элчихоналар очилди. Яқин орада Италияга расмий ташриф бўлиб ўтади.

Европа Иттифоқи билан товар айирбошлаш ҳажми “GSP+” тартиби туфайли жорий йил бошидан буён қарийб 70 фоизга ўсди. Европанинг етакчи компания ва банклари билан юқори технологик ишлаб чиқариш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича истиқболли лойиҳалар портфели 20 миллиард евродан зиёдни ташкил этмоқда.

Гуманитар соҳада Париждаги Лувр ва Берлиндаги Янги музей билан ҳамкорликда иккита ноёб лойиҳа амалга оширилди. Ушбу санъат марказларида илк бор минтақамизнинг бой маданий-тарихий мероси кенг намойиш этилди.

Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, мураккаб геосиёсий вазият ва глобал иқтисодиётдаги салбий жараёнларга қарамасдан, Марказий Осиё мамлакатлари барқарор ўсишни намойиш этмоқда.

Шу муносабат билан европалик шериклар миллий ривожланиш дастурлари ва ортга қайтмас ислоҳотлар стратегиясини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлаши муҳим экани таъкидланди.

Саммит кун тартибидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди.

Евроиттифоқ билан савдо муносабатларини тубдан кенгайтириш учун Ўзбекистон етакчиси мамлакатимиз барқарор савдо-логистика занжирларини ва ўзаро маҳсулот етказиб беришни қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини яратиш, “GSP+” тартибининг амал қилиш муддатини узайтириш ва ушбу тизимни минтақанинг барча мамлакатларига татбиқ этилишидан манфаатдорлигини билдирди.
 

Шу билан бирга, бир қатор масалалар бўйича сезиларли силжиш кузатилмаётгани қайд этилиб, уларни ҳал қилиш учун Минтақа мамлакатларининг экспорт ва импорт қилувчи корхоналарини қўллаб-қувватлаш комплекс дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни қабул қилиш жараёни тез фурсатда якунланиши ҳам ушбу вазифанинг ижросига хизмат қилиши қайд этилди.

Ўзаро боғланган транспорт йўлакларини шакллантириш барқарор иқтисодий ўсишнинг муҳим омилидир.

Шу муносабат билан Марказий Осиё ва Европанинг транспорт-коммуникациявий боғлиқлигини, энг аввало, “Ўрта маршрут” деб ном олган Транскаспий транзит йўлагини шакллантириш орқали ривожлантириш мақсадида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимдир.

– Афсуски, ушбу магистраль рақобатбардошлигини ошириш масаласида ўзаро мувофиқлашган ёндашув ҳанузгача мавжуд эмас. Бугун юк ташишнинг асосий ҳажмини ҳосил қилаётган бизнес учун манфаатли бўлган тарифлар керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Транспорт-логистика ва порт инфратузилмаларини кенгайтириш, йўл қопламасининг техник ҳолатини яхшилаш, транспорт идоралари ваколатли вакилларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш орқали Транскаспий йўлаги салоҳиятидан фойдаланишнинг таъсирчан механизмини яратиш масалалари ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Инвестициявий ва технологик шериклик соҳасида Ўзбекистон Президенти “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” иқтисодий форуми доирасида ҳар йили саноат-технология кўргазмаларини ўтказиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди.

Бугунги воқеликдан келиб чиқиб, Европа инвестиция банки билан биргаликда Европанинг етакчи компаниялари ишлаб чиқариш қувватларини мамлакатларимизга кўчириш жараёнида уларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг махсус воситаларини ишга тушириш ташаббуси ҳам илгари сурилди.

Рақамли ўзаро боғлиқлик борасида “Европа жамоаси” механизмидан фойдаланган ҳолда “Марказий Осиё учун рақамли кун тартиби”ни ишлаб чиқиш таклифи билдирилди.

Давлатимиз раҳбари Европанинг илғор билим ва технологияларини қўллаган ҳолда мақсадли минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобидан иқлим ўзгаришларига қарши курашиш ва экотизимлар барқарорлигини ошириш масалаларига алоҳида тўхталди.

– Масаланинг ғоят долзарблигини ҳисобга олиб, Европа Иттифоқини шу йил кузда Умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги Самарқанд ташаббуси доирасида ўтказиладиган биринчи Халқаро иқлим форумининг ҳам ташкилотчиларидан бири бўлишга чақирамиз, - деди Президент.

Ўзбекистон шериклар Марказий Осиё атроф-муҳитни ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетини ташкил этиш лойиҳасида фаол иштирок этишидан ҳам манфаатдор экани қайд этилди.

Марказий Осиёнинг туризм салоҳиятидан фаол фойдаланиш мақсадида давлатимиз раҳбари минтақа учун барқарор туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш дастурини биргаликда ишлаб чиқиш ва уни жорий йил октябрь ойида Ўзбекистонда ўтказиладиган Жаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг юбилей саммитида тақдим этишни таклиф қилди.

Ёшлар таълимига сармоя киритишнинг аҳамиятини ҳисобга олиб, Президентимиз Евроиттифоқ мамлакатларининг етакчи олий таълим муассасалари билан шерикликни йўлга қўйиш ва қўшма таълим дастурларини жорий қилиш таклифини билдирди.

Мамлакатимиз етакчиси таълим вазирлари ва университетлар ректорларининг мунтазам учрашувлари қайта тикланиши ҳамда “Европа уфқлари” дастури доирасида Марказий Осиё минтақаси учун илмий-тадқиқот ва таълим лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш кенгайтирилиши тарафдори эканини таъкидлади.

Қайд этилганидек, хавфсизлик соҳасида янги хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, экстремизм ва радикализм, одам савдоси, уюшган ва кибер жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда чегараларни қўриқлаш соҳасида шериклик дастурларини ишлаб чиқиш биргаликдаги ишларнинг энг муҳим йўналишидир.

– Шу мақсадда “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи: хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг янги кун тартиби” мавзусида экспертлар конференциясини ўтказишни таклиф этамиз, – деди давлатимиз раҳбари.
 

Афғонистондаги гуманитар вазият тез суръатда ёмонлашиб бораётганига эътибор қаратиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамкорларни афғон халқига инсонпарварлик ёрдами ҳажмини камайтирмасликка чақирди ва шу мақсадда Термиздаги логистика хаби имкониятларини тақдим этишга тайёрлигини билдирди.

Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш ва унинг тинч тараққиётига кўмаклашиш борасидаги долзарб масалалар ечими юзасидан умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун махсус вакилларнинг мунтазам маслаҳатлашувларини давом эттириш  таклиф қилинди.

Сўзининг сўнгида давлатимиз раҳбари учрашув якунлари бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади.

Президентимиз “Марказий Осиё - ЕИ” форматидаги биринчи расмий саммитни келгуси йилда Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси қўллаб-қувватлангани учун миннатдорлик билдирди.

Учрашув якунида давлат раҳбарлари матбуот учун Қўшма баёнот қабул қилдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?