Ўзбекистон делегацияси 10-Халқаро Осиё конгрессида иштирок этди

16:25 20 Май 2023 Сиёсат
1028 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори А.Саидов Ўзбекистоннинг Варшавадаги Элчихонаси кўмагида 2023 йил 18 май куни Торун шаҳрида «Қарашлар, ўзига хосликлар, жамоалар» мавзусида ҳар йили ўтказиладиган 10-Халқаро Осиё Конгрессида фахрий меҳмон сифатида иштирок этди.

Форумнинг асосий мақсади – Марказий Европа ва Осиё давлатлари дипломатлари, олимлар, экспертлар ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, фикр ва тажриба алмашиш учун платформа яратиш, ушбу ҳудудлар ўртасида турли соҳаларда экспертлар ҳамжамияти ва ишбилармон доира вакилларининг ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқишдан иборат.

Конгрессда Осиё минтақасининг бир қатор давлатларининг Варшавада аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, Польша парламенти депутатлари ва сенаторлари, Куяв-Померания воеводелиги ва Торун шаҳри мерияси раҳбарлари, вазирлик ва идоралар, Осиё мамлакатлари бўйича олимлар ва экспертлар, Польшанинг қатор университетлари ректорлари, журналистлар, ишбилармон доира вакилларининг маърузалари тингланди.

Очилиш маросимида сўзга чиққанлар ушбу тадбир кўплаб қизиқарли мунозараларга сабаб бўлишига, натижада илмий жамоатчилик учун муҳим нашрлар пайдо бўлишига ишонч билдирди. Одатда ҳар йили анжуман ишида фаол иштирок этаётган Ўзбекистон, Озарбайжон, Индонезия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Таиланд, Малайзия, Индонезия, Бирлашган Араб Амирликлари вакилларига самимий миннатдорлик билдирдилар.

Ўз навбатида, А.Саидов тадбир иштирокчиларига Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси, янгиланган Конституцияни қабул қилиш бўйича 30 апрель куни ўтказилган умумхалқ референдуми ҳамда 9 июль куни муддатидан олдин Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берди.

Шунингдек, Президентимиз бошчилигида мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Польша ишбилармон ва расмий доира вакиллари Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва ташқи сиёсатдаги туб ижобий ўзгаришларни юқори баҳолади.

«Маршалек-Холдинг» компанияси бошқарув кенгаши раиси А.Маршалек 30 апрель куни Ўзбекистонда ўтказилган умумхалқ референдумида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этганини фахр-ифтихор билан таъкидлаб, бу тадбир унда чуқур таассурот қолдирганини билдирди. У таълим, маданий-гуманитар, туризм ва нашриёт соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлигини яна бир бор қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон — Польша Марказий Осиё ва Марказий-Шарқий Европанинг асосий ва муҳим давлатлари ҳисобланади. Улар Европа, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ўзига хос «хаб» вазифасини бажаради.

Польша Ташқи ишлар вазирлиги Осиё ва Тинч Океани департаменти директори Б.Шимановска фикрига кўра, Ўзбекистон давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини демократлаштиришда чуқур ва изчил ўзгаришларни амалга ошириш бўйича муҳим тажрибага эга бўлганлиги билан ажралиб турмоқда. «Мамлакатни ривожлантиришда янги босқичнинг устувор йўналишлари кенг кўламда амалга оширилиши ижобий натижаларини бермоқда. Ушбу ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда Польша томони Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашга тайёр. Ишончим комилки, 9 июль куни режалаштирилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови демократик руҳда ва муваффақиятли ўтказилади», — деди у.

Халқаро Осиё конгресси Илмий кенгаши раиси, профессор Ё.Маршалек-Кава Ўзбекистонда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар мамлакат келажаги ва халқ фаровонлиги учун хизмат қилишига ишонч билдирди. Унинг фикрига кўра, айниқса, янгиланган Конституцияда белгиланган таълим соҳасидаги тамойиллар давлатнинг келажаги учун муҳим пойдевор ҳисобланади.

«Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги таълим ва илмий-академик соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик жадал суръатлар билан ривожланиб бораётгани бизни бағоят қувонтиради. Жорий йил апрель ойида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган икки мамлакат олий таълим муассасалари ректорларининг форуми якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади. Н.Коперник номидаги Торун университети ва Самарқанд давлат университети ўртасида шекриклик алоқалари ўрнатишдан манфаатдормиз», — деди у.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?