Ўзбекистон балиқчилиги: илм-фан ютуқлари ва инновацион ғоялар

19:38 01 Апрель 2023 Иқтисодиёт
577 0

Фото: Халқ сўзи

Айни пайтда мамлакатимизда 6 минг 200 га яқин балиқчилик фермер хўжаликлари фаолият кўрсатаётган бўлиб, ўтган йил давомида улар томонидан 500 минг тонна балиқ етиштирилди. 2022 йил давомида соҳага 6,2 млн доллар миқдорида хорижий инвестиция жалб этилди, экспорт ҳажми 1,9 млн долларни ташкил этди. Йил мобайнида 37 минг тонна балиқ саноат усулида қайта ишланди.

2023 йилнинг 28-29 март кунлари Тошкент шаҳрида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FАO), Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси Балиқчилик илмий-тадқиқот институти ҳамда «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилаётган халқаро семинарда соҳадаги ҳаётбахш ислоҳотлар самараси сарҳисоб этилди.

«Марказий Осиё, Озарбайжон ва Туркияда балиқчилик ва аквакултурани барқарор бошқариш учун салоҳиятни ривожлантириш - FISHCap” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган тадбирда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Ўзбекистондан олимлар, экспертлар, ёш тадқиқотчилар, балиқчилик фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок этмоқдалар.

Семинарда соҳага илм-фан ютуқлари, инновацион ғояларни кенг жорий этиш, янги турларни кўпайтириш, жаҳон миқёсида балиқчилик тармоғида эришилаётган ютуқлардан самарали фойдаланиш бўйича тақдимотлар ўтказилди. Олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот марказлари профессор-ўқитувчиларининг маърузалари тингланди.

— Яқинда мамлакатимиз делегацияси Жанубий Кореяда интенсив усулда балиқ етиштириш тажрибасини ўрганиб келди, — дейди «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси раиси ўринбосари Шуҳрат Раҳматов. — Шунингдек, Хитой, Вьетнам, Туркия, Таиланд тажрибасидан унумли фойдаланиш борасида амалий саъй-ҳаракатларга киришилди.

Ўз навбатида тармоқда ихчам ва самарали хўжаликлар фаолиятини кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Мисол учун, бугунги кунда юртимизда 2 мингта хонадонда замонавий технологиялар ёрдамида уй шароитида балиқ етиштириш йўлга қўйилган. Бу йил яна 2 мингта хонадонда балиқ етиштириш мақсадида ишлаб чиқилган лойиҳалар маъқулланиб, ускуна ва жиҳозлар сотиб олишга имтиёзли кредитлар ажратиш чоралари кўрилаётир.

Семинарнинг иккинчи кунида ҳам бир қатор экспертлар ва соҳа мутахассисларининг мавзу юзасидан чиқишлари кутилмоқда.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?