Ўзбек тили ва маданияти Италияда тарғиб этилмоқда

17:40 24 Апрель 2025 Маданият
80 0

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, филология фанлари доктори Нозлия Нормуродова ҳамда университет ҳузуридаги «Ўзбек мактаби» ўқитувчиси Дурдона Эрматова халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Италиянинг нуфузли Ка-Фоскари университетига ташриф буюришди.

Ташриф доирасида профессор Нозлия Нормуродова университет талабалари ва профессор-ўқитувчилари учун «Ўзбекистонда олий таълим тизимидаги замонавий ислоҳотлар: ютуқлар ва истиқболлар» мавзусида маъруза ўқиб, юртимиздаги таълим соҳасидаги туб ўзгаришлар, академик эркинлик ва халқаро ҳамкорлик салоҳияти ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, Дурдона Эрматова Ка-Фоскари университети Осиё ва Шимолий Африка тадқиқотлари бўлими талабалари учун ўзбек тили ва маданиятига бағишланган амалий машғулотларни бошлаб юборди. Бир ой мобайнида у ўзбек тилининг фонетикаси, грамматикаси, лексик бойлиги ҳамда халқимизнинг бой тарихи ва маданияти ҳақида замонавий усулларда дарслар ўтади.

Нозлия Нормуродова ташриф доирасида Ка-Фоскари университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Антонио Маркомини билан ҳам учрашиб, талабалар ва профессорлар алмашинуви, «Бобурнома» халқаро платформасини яратиш, қўшма таълим дастурлари ташкил этиш каби масалалар юзасидан музокаралар ўтказди.

Шунингдек, у санъатшунос профессор Силвия Бурини билан ҳам учрашди. Силвия Бурини 2024 йил апрель ойида Италияда бўлиб ўтган «Ўзбекистон: Саҳродаги авангард» кўргазмасининг куратори сифатида юртимиз санъати ва маданиятини Европа аудиториясига тақдим этган.

Ташриф доирасида Ка-Фоскари университетида Ўзбекистон бурчаги ташкил этилди. У ерда ўзбек тили, адабиёти, тарихи ва миллий сувенирлар намойиш этилмоқда. Бу ташаббус Ўзбекистоннинг маданий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.

Мазкур хизмат сафари икки университет ўртасидаги Erasmus+ дастури доирасидаги ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлиб, илмий тадқиқотларни ривожлантириш, инновацион ёндашувларни татбиқ этиш ҳамда академик алмашинувни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, Италиялик таниқли турколог Элизабет Раганинининг ҳам Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан узоқ йиллик самарали ҳамкорлиги қайд этилди.

Ушбу ташриф Ўзбекистон олий таълим тизимининг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш, ўзбек тили ва маданиятини жаҳон миқёсида кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?