Озарбайжонда ўзбек тили ва маданияти маркази очилди

11:09 17 Сентябр 2024 Маданият
1407 0

Жорий йилнинг 13 сентябрь куни қадимий Ганжа шаҳрида Озарбайжон Миллий илмлар академияси қошидаги Низомий номидаги адабиёт институти ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети томонидан «Турк дунёсининг Озарбайжон—Ўзбекистон модели» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Анжуманда Озарбайжон олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган талабалар ҳам иштирок этди. Уларга ўзбек ва озар халқлари қадим-қадимдан бир-бирига кўмакдош бўлгани, келажак авлодлар бугунги муваффақиятли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаши зарурияти ҳақида алоҳида йўналишлар берилди.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов ўзбек ва озар халқларининг илдизларини муштарак чинорларга қиёслаб, азалдан дўст-биродар бўлган халқларнинг бугунги таҳликали замонда яна қайта топишиши, умумий мақсадлар йўлида қўлни қўлга бериб олға интилиши ниҳоятда муҳим эканига урғу қаратди. Ўзбек ва озар халқларининг фаровон ҳаёти учун амалга оширилаётган ислоҳотларни одамларга тўғри етказишни истиқболдаги долзарб вазифа сифатида қайд этди.

Шунингдек, конференция доирасида Озарбайжон Миллий илмлар академияси Ганжа бўлимида университетимизнинг Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва маданияти маркази очилди. Ушбу марказ нафақат замонавий илмий-педагогик фаолият маркази, балки Алишер Навоийнинг бой адабий меросини кўргазмали тарзда акс эттирувчи миниатюралар билан безатилган. Марказга университетимиз томонидан 300 га яқин ўзбек тилидаги бадиий, илмий асар топширилди. Марказга ташриф буюрувчилар ўзбек халқининг тарихи, маданияти, ҳазрат Навоийнинг ижодий мероси билан танишишлари мумкин. Бу масканнинг асосий вазифаси икки халқ олимларини бирлаштиришдан ташқари барча қизиқувчиларга Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти, бугунги куни, сиёсий ва ижтимоий ҳаёти ҳақида маълумотлар бериш ҳамдир. Марказ фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун унда ташкил этиладиган тадбирлар ва амалий машғулотларга озарбайжонлик талабалар ва ўқувчиларни кенг миқёсда жалб этиш бўйича келишувга эришилди.

Марказнинг очилиш маросимида сўз олган Низомий Ганжавий маркази директори Алимухтор Мухторов «Ўзбекистон—Озарбайжон, бир вужуддаги икки жон», дея давлатларимиз ўртасидаги самимий мулоқотлар абадий бўлишига тилак билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?