Овқатдан заҳарланган болаларнинг неча нафари шифохонада қолаётгани айтилди

14:18 29 Сентябр 2025 Жамият
125 0

Иллюстратив фото

Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида овқатдан заҳарланиб, ҳозирда шифохонада даволанаётган болаларнинг умумий аҳволи ҳақида маълумот берилди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабековнинг айтишича, бугун, 29 сентябрь соат 12:00 ҳолатига шифохоналарда 38 нафар бола даволанмоқда.

«Уларнинг аҳволи барқарор, касаллик енгил шаклда кечмоқда. Оғир ёки асоратли ҳолатлар қайд этилмаган. Барча тарбияланувчилар шифокорларнинг доимий назоратида. Болаларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Даволаш жараёни республика даражасидаги етакчи мутахассислар иштирокида ташкил этилган», дейди Нурмат Отабеков.

Унинг қўшимча қилишича, ота-оналарга болалар саломатлиги тўғрисида мунтазам равишда ахборот бериб борилмоқда. Яқин кунларда қолган болалар ҳам соғлом ҳолатда уйларига жавоб берилиши кутиляпти.

Таъкидланишича, вазият тўлиқ барқарор ва соғайиш жараёни ижобий динамика билан давом этмоқда. Давлат органлари ва тиббиёт муассасалари ушбу ҳолатни доимий назорат остида ушлаб турибди.

Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Бекобод, Қуйичирчиқ ва Оққўрғон туманларида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг заҳарланиш ҳолатлари аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан бир нечта аутсорсинг хизматини кўрсатувчи хусусий корхоналар масъул шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов ишини синчковлик билан, тўла ва сифатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши Бош прокуратура томонидан назоратга олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?