Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига янги ваколат берилмоқда – қонун лойиҳаси

12:40 17 Сентябр 2024 Сиёсат
380 0

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда палатанинг матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан карантин остидаги маҳсулотларни зарарсизлантириш (фумигация) фаолиятини литсензиялаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши, литсензиялаш билан боғлиқ ваколатлар эса Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига берилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулотни зарарсизлантириш (фумигация) фаолиятида рақобат муҳитини шакллантириш ва мазкур тадбирларнинг самарадорлигини ошириш ҳам кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, фумигация фаолиятининг атроф-муҳитга ва фумигация қилинаётган маҳсулотга таъсири кам бўлган усулларини жорий қилиш мақсадида фитосанитар зарарсизлантириш хизматларини хусусий секторга ўтказиш назарда тутилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши карантин ости маҳсулотларини фитосанитар зарарсизлантириш фаолиятининг самарадорлигини оширишга, хусусан, фитосанитар зарарсизлантиришнинг янги усулларини жорий қилишга, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ҳамда атроф-муҳитга бўлган таъсирини бошқаришга хизмат қилади.

Аввалроқ, Урганч шаҳрида 2,9 миллиард сўмлик ноқонуний дори воситалари аниқланганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?