Омбудсман таъсир чораларининг турларига аниқлик киритилади. Қонун лойиҳаси Сенатга юборилди

12:15 17 Сентябр 2024 Сиёсат
313 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди. Бу ҳақда палатанинг матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Омбудсман фаолиятининг институционал асосларини такомиллаштириб, унинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатларини кенгайтиришга қаратилган мутлақо янги ҳуқуқ, Ўзбекистон Республикаси Президентига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига, шунингдек Вазирлар Маҳкамасига «махсус маъруза» тақдим этиш ҳуқуқи белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажарилиши юзасидан «муқобил маъруза» тайёрлаши ҳамда тегишли халқаро ташкилотларга тақдим этиш мумкинлиги белгиланади. Шу билан бирга, Омбудсман лавозимига номзодга қўйиладиган талаблар соддалаштирилиб, айрим талаблар (юксак ахлоқий сифатларга, олий маълумотга, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида зарур тажрибага эга бўлган) бекор қилиниши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, ушбу қонун билан Омбудсман таъсир чораларининг турларига аниқлик киритилган ҳолда, (огоҳлантириш, тақдимнома, илтимоснома ва талабнома) алоҳида бобда, ҳар бир таъсир чораси алоҳида-алоҳида моддада акс эттириляпти.

Қонун лойиҳаси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) институтининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт сифатидаги аҳамияти оширилиб, соҳага оид ҳуқуқлари янада кенгайтирилади.

Хусусан, Омбудсман фаолиятида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорлиги аниқлаштирилди.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) институтининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт сифатидаги аҳамиятининг ошишига, унинг ҳуқуқлари кенгайтирилишига ва мажбуриятлари аниқлаштирилишига хизмат қилади.

«Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди», дейилади хабарда.

Аввалроқ, Урганч шаҳрида 2,9 миллиард сўмлик ноқонуний дори воситалари аниқланганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?