Олмалиқ комбинати йилига 9 триллион сўмлик маҳсулот харид қилмоқда

17:02 15 Октябр 2024 Сиёсат
249 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўтган йил Ангренда 110 минг тонна қувватли каолин заводи ишга тушгани учун керамика, чинни, санфаянс чиқариш ҳам ривожланяпти. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент вилоятини ривожлантириш вазифалари юзасидан ўтаётган йиғилишда айтиб ўтилди.

«Саноат учбурчаги»га кирувчи туманларда керамогранит, керамик плита ва чинни идиш чиқариш бўйича яна 120 миллион долларлик 7 та лойиҳани жойлаштириш мумкин.

Пискент туманида маҳаллалардаги 500 та хонадонда чиннига бадиий безак беришни йўлга қўйиш мумкин бўлса, Ангрен шаҳрида картон заводи қувватини 1,5 карра ошириб, керамика буюмлари учун қадоқ етказиб беришни ташкил қилса бўлади.

Пискентдан ўтадиган А-373 йўли бўйидаги 488 гектарда Янги Пискент саноат шаҳри қурилмоқда. Бу ерда икки йилда 44 та лойиҳани ишга тушириш мумкин.

40 миллион доллар ҳисобига рудадаги металларни бир-биридан ажратиш учун зарур бўлган ксантогенат ишлаб чиқаришни 2 карра ошириш орқали Олмалиқ комбинатининг бундай маҳсулотга эҳтиёжи тўлиқ қопланади, 20 миллион долларлик экспорт бўлади.

Олмалиқ комбинати йилига 9 триллион сўмлик маҳсулот харид қилмоқда. Бу – комбинат атрофида жойлашган 5 та шаҳар ва туман учун катта имконият.

Шу муносабат билан «Саноат учбурчаги»га кирувчи туман ва шаҳарларда камида 5 тадан корхонани жалб қилиб, кейинги йил комбинат импортини 25 миллион долларга камайтириш имконияти кўрсатиб ўтилди.

Умуман, «Саноат учбурчаги» ҳудудида 1 минг 100 та корхона ишлаяпти. Янги лойиҳалар ҳисобига 2-3 йилда улар 1,5 мингга етади.

Мутасаддиларга кейинги йил бу корхоналар учун Ангрен, Олмалиқ шаҳарлари ва Оҳангарон туманида 50 миллион долларлик 3 та йирик логистика марказини ташкил қилиш топширилди.

Вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимларига «Саноат учбурчаги» дастури доирасида бир йилда 1,3 миллиард долларлик 230 та лойиҳани ишга тушириш, буни ҳисобига 13 мингта юқори даромадли иш ўрни яратиб, уларга камбағал оилалардан камида 5 минг кишини ишга жойлаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Кеча Зангиота туманида Сингапур билан ҳамкорликда ташкил қилинган эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи «ТРТ» корхонаcи фаолияти билан танишилди.

Корхонада енгил ва юк ташувчи автомобилларни юриш, трансмиссия ва бошқарув тизимлари учун 1 мингдан ортиқ турдаги эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилади.

Корхонани ўзида техник текширув ва синовларни ўтказиш учун лаборатория ҳам ташкил қилинган, халқаро сифат менежменти сертификати ҳам мавжуд.

Бундай корхоналарни «Ўзавтосаноат», Навоий ва Олмалиқ комбинатлари билан кооперациясини кучайтириб, импортни қисқартириш бўйича тизимли ишлаш кераклиги қайд этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?