Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш ишларининг ҳолати қандай?

20:18 17 Ноябрь 2021 Сиёсат
1008 0

Фото: Олий Мажлис Сенати

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда комиссия аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Олий Мажлис Сенати Раиси, Миллий комиссия раиси Танзила Норбоева олиб борган йиғилишда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида 2021 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар, кўрилган чоралар ҳамда соҳаларда сақланиб қолаётган масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, шу йилнинг ўтган даври мобайнида мажбурий меҳнат, болалар меҳнатига барҳам бериш ҳамда фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида бу борадаги қонунчиликни мустаҳкамлаш ҳамда қонунчилик базасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ишлари изчил давом эттирилди.

Хусусан, 14 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат — 2 та қонун, давлат раҳбарининг 2 та Фармони ва 4 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 6 та қарори қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Айни чоғда вояга етмаганлардан шаҳвоний мақсадда фойдаланиш, уларни ғайриқонуний жамоат бирлашмалари фаолиятида қатнашишга ундаш, мажбурий меҳнатга жалб этиш учун жиноий жавобгарлик белгилаш масалаларини кўзда тутувчи Қонун қабул қилинди.

Шу билан бирга, фарзанд асраб олиш тартибларини соддалаштиришга қаратилган ҳужжат имзоланди. Унга кўра, ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноятни содир этган ва жазо муддатини ўтаганларга ҳам фарзанд асраб олишга рухсат берилди.

Йиғилишда одам савдосига қарши курашишда давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари саъй-ҳаракатлари билан манзилли ишлар амалга оширилаётганлиги тўғрисида маълумот берилди.

Мазкур йўналишдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва амалиётни халқаро стандартларга мослаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Иштирокчилар томонидан одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш борасида ижобий натижаларга эришилишига қарамасдан, жойлардаги айрим раҳбарлар масъулиятсизлиги ва эътиборсизлиги сабабли ҳали ҳам айрим муаммолар сақланиб қолаётгани қайд этилди.

Йиғилиш доирасида АҚШ Меҳнат вазирлиги томонидан жорий йилда эълон қилинган «Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисида»ги йиллик ҳисобот ҳамда унда Ўзбекистон эътибор қаратиши лозим бўлган масалалар юзасидан билдирилган тавсиялар муҳокама қилиниб, уларни амалиётга татбиқ этиш бўйича чора-тадбирлар режаси лойиҳаси кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Ўз навбатида, амалга оширилаётган ишлар бўйича тегишли вазирлик ва идора раҳбарлари, шунингдек, ҳудудий комиссиялар раисларининг ахборотлари эшитилди.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан Миллий комиссиянинг тегишли қарори қабул қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?