Одам савдосига қарши курашиш бўйича халқаро ва минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

13:41 23 Май 2024 Жамият
319 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Бугун, 23 май куни Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори офиси билан ҳамкорликда давра суҳбати ташкил этди.

“Одам савдоси жабрланувчиларини қайта йўналтиришнинг миллий механизмлари. Одам савдоси жабрланувчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш: муаммолар, илғор тажриба ва келажак истиқболлари” мавзуси тадбир иштирокчилари муҳокамасида бўлди.

Тадбирда Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия, вазирлик ва идоралар, БМТнинг ихтисослашган тузилмалари, Марказий Осиё мамлакатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамда қатор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш бўйича халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, соҳанинг ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатларини, миллий қонунчиликни такомиллаштириш, давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорликдаги фаолияти ҳамда улар томонидан амалга оширилаётган тизимли ишларнинг натижадорлиги юқори баҳоланди. Хусусан, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия ҳамда ушбу масала бўйича Миллий маърузачи институти томонидан амалга оширилаётган ишлар эътироф этилди.

Маълумки, юртимизда одам савдосига оид жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилди, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун жиноий жавобгарлик белгиланди, Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Одам савдосидан жабрланган ёки жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсларни идентификация қилиш ва қайта йўналтириш тартиби белгиланди, қатор халқаро конвенциялар ратификация қилинди.

Тадбирда ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори А.Карттунен, унинг офиси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари маъруза билан иштирок этиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Тадбирда ЕХҲТ билан ҳамкорликда одам савдосига қарши курашишда ҳамкорликни янада ривожлантириш, минтақавий аҳамиятга эга лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга келишиб олинди.

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?