ОАВда реклама жойлаштириш тартиби такомиллаштирилмоқда

11:13 08 Сентябр 2021 Иқтисодиёт
244 0

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда дастлаб «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаш фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Партиянинг сайловолди дастурида шерикчиликка асосланган кредитлаш механизмини жорий этишга қаратилган қонунчилик ташаббусларини амалга ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Лекин аллақачон жорий этилиши керак бўлган бу тизимни амалиётга татбиқ этиш афсуски, қийин бўляпти.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унда нобанк кредит ташкилотлари томонидан ислом молиявий хизматларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий базани яратиш кўрсатиб ўтилган бўлсада, лекин лойиҳада мазкур соҳа тўлиқ қамраб олинмаганига эътибор қаратди.

Жумладан, ислом тамойиллари асосида молиявий хизматлар кўрсатиш тушунчаси мавжуд эмас. Микромолиялаш фаолияти доирасига жисмоний шахсларни микроқарз суммасидан ошмаган миқдорда ёки юридик шахсларни микрокредит суммасидан ошмаган миқдорда ислом тамойиллари асосида молиялаштириш белгиланган. Бу жисмоний шахсларни микрокредит суммасидан ошган миқдорда ислом тамойиллари асосида молиявий хизматдан фойдаланиш имкониятини чеклайди. Лойиҳада ислом молиялаштиришнинг асосий тамойилларидан бири, яъни шерикликка пул жалб қилиш ман қилинган. Бу эса нобанк кредит ташкилотларини молиялаш манбасидан маҳрум қилади.

– Юқоридаги камчиликлардан келиб чиқиб, ушбу қонун лойиҳасини ортга қайтармоқчи эдик. Лекин мутахассисларнинг тушунтиришларидан англадикки, қонун лойиҳаси Ислом молиявий хизматларини жорий этишга ҳуқуқий асос бўлади, – деди фракция аъзоси Нодир Тилаволдиев. – Шу боис, қонун лойиҳасини маъқулладик.

Йиғилишда «Реклама тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам қизғин кечди.

Таъкидланганидек, амалдаги қонун 1998 йилда қабул қилинган бўлиб, ҳозирги кунга қадар унга 15 маротаба ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Шундай бўлсада, унда умумий тусга эга бўлган ва ишламайдиган нормалар ҳамон кўп. Реклама билан боғлиқ муносабатлар тўлиқ қамраб олинмаган. Ваколатлар аниқ белгиланмагани эса кўплаб ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлмоқда.

Хусусан, жорий йилда 3 900 дан ортиқ номувофиқ рекламалар аниқланган. Дори воситалари, болалар озиқ-овқатлари, алкоголли ва энергетик ичимликлар рекламасига нисбатан чекловлар назарда тутилмагани боис, энергетик ичимликлар бўйича – 13 та, алкоголли ичимликлар бўйича – 98 та, тамаки ва калян бўйича – 67 та реклама талаблари бузилган.

Янги қонун лойиҳасида юқоридаги камчиликлар тузатилиб, бугунги кун талаб ва таклифларидан келиб чиққан ҳолда, ОАВ, мобил алоқа тармоқларида реклама жойлаштириш тартиби такомиллаштирилмоқда. Электрон тижоратда ташқи ва ички рекламалар бериш тартибга солинмоқда.

Йиғилишда қонун лойиҳаси юзасидан берилган таклифлар инобатга олиниб, мазкур ҳужжат депутатлар томонидан маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?