Нукусдаги «Имкон» боғчаси: 120 нафар болага 134 ходим хизмат кўрсатмоқда (фото)

13:36 03 Апрель 2021 Жамият
1400 0

«Фарзандим бу ерга келганда таянч-ҳаракат тизимида жиддий нуқсони бор эди. У даволаш муолажаларини олди, секин оёққа туришни бошлади. Ҳозир мустақил юряпти, болам кийимларини ўзи алмаштириб, овқатни мустақил ейдиган, ўз фикрини айта оладиган бўлди. Фарзандим расм чизишга жуда қизиқади. Ўғлим Саида боғча опасини жуда яхши кўради, бу ерга қаттиқ меҳр қўйган. Бир йилга етмасдан шундай натижаларга эришдик. Аввал Нукусда бундай боғча йўқ эди, Хўжайлига олиб борардик, шароитлари ҳам бунчалик яхши эмасди», дейди 5 ёшли Турсун Олимбековнинг онаси Жадира Эсимбаева.

Оролбўйи минтақаси болалари учун реабилитация марказига эга «Имкон» давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида Жадира опанинг фарзанди каби саломатлиги тикланган болажонлар кўпчиликни ташкил этади.

Мазкур кўп тармоқли давлат ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 августдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, 120 ўринга эга.

МТТ Оролбўйи болаларининг ҳаёт тарзини яхшилаш, соғлигида нуқсони бор ўғил-қизларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий ёрдам турларини кенгайтириш, уларни ижтимоий ҳаётга фаол мослаштиришга кўмаклашади.

Ташкилот боғча ва реабилитация марказидан иборат.

«Ташкилотимиз 2019 йилнинг апрель ойида фойдаланишга топширилган. Қурилишга 19 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланган. Ташкилотимизга тиббий-психологик-педагогик комиссия хулосаси асосида 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган эшитиш, кўриш, таянч-ҳаракат тизими, психик ва ақлий ривожланишида нуқсони бўлган болалар қабул қилинади.

Бу ерда болалар замонавий тиббий реабилитацион ускуналар, шунингдек, жисмоний машқлар, гидромассаж ёрдамида соғломлаштирилади. Мослаштирилган ўқув дастури асосида ҳар бир болага индивидуал ўқув маршрути тузилган бўлиб, тиббиёт ва педагог ходимлар улар орқали тиббий реабилитация ва ижтимоий мослашувга қаратилган даволаш-соғломлаштириш тадбирларини ташкил этиш орқали болалар ривожланишидаги нуқсонларни бартараф этади.

Ташкилотимиз ходимлари Жанубий Корея, Россия Федерацияси каби давлатларда малакаларини ошириб келишган. Доимий равишда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги билан мутахассислар ва тажриба алмашиш фаолияти йўлга қўйилган.

Ҳозирги кунда мактабгача таълим ташкилотида 10 та гуруҳда таянч-ҳаракат тизими, психик ва нутқий ривожланиши ва эшитишида нуқсони бор 120 нафар бола таълим-тарбия олиб соғломлаштирилмоқда. Ходимлари сони 134 нафар. Улар орасида 45 нафарга яқин шифокорлар, қолганлари педагоглар, техник ходимлар», дейди «Имкон» давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти директори Нурсулув Худейбергенева.

Ташкилот ошхонаси Жанубий Кореядан келтирилган замонавий ошхона ускуналари ва экологик тоза идишлар билан таъминланган бўлиб, болалар махсус меню асосида кунига 5 маҳал овқатлантирилади.

Реабилитация марказида аудио синф, сезиш муолажа хонаси, физиотерапия, массаж, жисмоний машқлар, мусиқа ва эртак билан даволаш, ижтимоий мослашув хоналари, бассейн мавжуд. Невропатолог, психоневролог, ортопед, педиатр, окулист, дефектолог, психолог каби тор мутахассислар болалардаги нуқсонларни аниқлаб, уларга зарур тиббий хизмат кўрсатади.

Маълумот учун ҳозирги кунгача жами 240 бола боғчада таълим-тарбия олган. Шунингдек, реабилитация марказига 2 ёшдан 16 ёшгача бўлган бола қатнаб даволанади, 537 нафар бола реабилитация марказига тиббий-психологик-педагогик комиссия йўлланмаси билан рўйхатдан ўтган ва шу кунгача жами 846 бола реабилитация курсларини олган, ўтган давр ичида жами боғчамиздан 47 бола соғломлаштирилиб оддий давлат боғчаларига ва мактабларга ўтказилди ва 32 қатнаб даволанувчи болаларда ижобий ўзгаришлар қайд этилган.

Инобат АҲАТОВА,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?